...
МЕНЮ
ONLINE TV

Ўқитувчини пахта теришга, кўча тозалашга мажбур қилган ҳокимнинг минбардан туриб муаллим миллат меъмори дегани ёлғон!


14:25, 22.02.2018 Жамият
 7 537

То давлат раҳбари айтмагунча ёки тепадан топшириқ бўлмагунча нима иш қилиши кераклилигини билмай ўтирадиган амалдорларнинг фидойилиги ёлғон!

“Ҳуррият” газетаси сангтарош уста Саид-Абдулазиз Юсуповнинг “Ўзбекистон деган давлат барқарор туриши учун яна нималар қилишимиз керак?!” мақоласини эълон қилди. Биз мақоладан айрим иқтибослар келтиришни жоиз деб топдик.
 
Муаллифнинг ёзишича, “биз миллат сифатида, энг аввало, ёлғондан воз кечишимиз керак. Машҳур Сингапур иқтисодий мўъжизаси ҳам аслида ана шу қадамдан бошланган эди. Ўзимизни алдашни бас қилиш айни онда ҳақиқатни қабул қилиш демакдир. Ишга ўн дақиқа кеч келса, мукофотдан маҳрум қилиб, иш соати олтида тугаса-да яна икки уч соат ишлатиб, айни маошни бериш ёлғондир! Беш иш кунига шартнома тузиб, олти кун ишлатиб, беш кунлик маош бериш ёлғондир! Ҳар куни ишга келиб кетиб, на ҳафталик, на ойлик мақсад қўймасдан, натижасиз ишлаш ёлғондир!
 
Ўқитувчи, шифокор, нафақачи (нафақахўр эмас!), зиёлиларнинг жамият ижтимоий ҳаётида мавқеи ва ижтимоий аҳволи паст бўлса, буюк келажак ҳақидаги ўйлар ёлғондир! Қирқ кунлик аскарликка бориб келиб, бир маротаба ўқ отмаган, автоматни бўлиш ва йиғишни билмаган аскарнинг ҳарбий гувоҳномаси ёлғондир! Ўттиз уч миллионли халқнинг номидан бекорчиликда ўтириб смс йўллаб, қўшиқларга берилган атиги беш юз минг (агар ҳақиқатда шунча одам овоз берса!) берилган овоз орқали Ўзбекистон хитлари номи берилган қўшиқларнинг хитлиги ёлғон!
 
То давлат раҳбари айтмагунча ёки тепадан топшириқ бўлмагунча нима иш қилиши кераклилигини билмай ўтирадиган амалдорларнинг фидойилиги ёлғон!  Миллат бақоси учун эртаю кеч тинимсиз ишлаяпман, деб ўзини овутаётган, аслида Фаробий, Хос Ҳожиб, Маҳмуд Қошғарий, Макиавелли, Қози Муҳаммад, Достоевский, Толстой, Беҳбудий, Збигнев Бжезинский, Генри Киссенжерларнинг асарларини ўқимаган масъулларнинг лаёқатлилиги ёлғон!
 
Бир адолатсизлик ёки ҳақсизликни кўриб индамай кетиш жиноят эмаслиги ёлғон! Пора орқали мансабга ўтираётганларнинг давлатга хизмат қилиш даъвоси ёлғон! Пора олаётганларнинг ўзларини ҳожатбарор деб билишлари ёлғон! Уйидаги аёлига кўчада вафо қилмаган эркакнинг яхши оила бошлиқлиги ёлғон! Аёллари камқонлик касали билан оғриган миллатнинг тўқлиги, ўша давлат иқтисодий ривожланиш кўрсаткичи 8 фоизлиги ғирт ёлғон! Ғийбатчининг адолатлилиги ёлғон! Ўқитувчини пахта теришга, кўча тозалашга мажбур қилган ҳокимнинг минбардан туриб муаллим миллат меъмори дегани ёлғон! Энг ёмони, маддоҳ ва мунофиқнинг дуоси ёлғон! Биз бу ёлғонлардан воз кечишимиз керак”.
 
Саид-Абдулазиз Юсупов миллатнинг қусурлари ҳақида фикр юритиб, улар орасида маддоҳликни алоҳида қайд этади.
 
“Бугун жамиятда рўй бераётган ўзгаришлар, ислоҳотлар, муаммолар тўғрисида конструктив мулоқот ўрнини йиғилишлар, мажлислар, телекўрсатувларда аравани қуруқ олиб қочишу фейсбук саҳифаларида давлат раҳбарини, ҳукуматни алқаш, кўкка кўтариш тенденцияси эгаллаб олди. Ва бу кундан-кунга авж олаяпти.
 
Маддоҳлик мустақилликни қўлга киритган илк кунларимиздан бошланмади ёки совет тузуми даврида шаклланмади. Унинг илдизи олис-олисларга бориб тақалади. Тупроғимизда вужудга келган улкан давлатларнинг аксарияти сарой аъёнлари ва амалдорларининг зиммасидаги вазифаларни адо этиш ўрнига маддоҳликни касб этгани, мақтов ва алдов орқали давлат раҳбарининг кўзини кўр қилиб, ҳақиқий аҳволдан узоқлаштиргани сабабли инқирозга юз тутгани ҳақида кўп ўқиганмиз. “Мозийга қайтиб иш кўрмоқ хайрлидир”, деганда Абдулла Қодирий ўтмишдаги хатолардан тўғри хулоса чиқариш, уларни такрорламасликни назарда тутган бўлса керак?! Афсуски, ўтмишдаги ана шу хатолар бугун қайта бўй кўрсатмоқда, айримларнинг қон-қонига сингиб кетган, таъбир жоиз бўлса, йўргакда юққан эски иллатлар яна жонланмоқда.
 
Маддоҳликнинг энг ёмони зиёлиларникидир. Чунки у давлатни ҳамиша жарга етаклаган.
 
Бундан аввал сиёсий партиялар, депутатлар Президент танқидига худди шу форматда жавоб берган эди. Бирортаси мард бўлиб: “Мен ўзимга билдирилган ишончни оқлолмаганим сабабли истеъфо бераман, халқим мени кечир!” — демади.
 
Тараққиётимизни ортга сураётган яна бир қусурлардан бири андиша деб аталади. Аслида ижобий бўёққа эга бу хусусият йиллар мобайнида моҳиятини ўзгартирди. Бугун ноҳақни ноҳақ демаслик, ҳақсизликка индамай кетиш, ахлоқсизликка кескин муносабат билдирмаслик, керакли ўринда ўз фикрини, ўз муносабатини билдиришдан уялиш — буларнинг барчасини биз андиша дея ўзимизни алдай бошладик. Надоматки, жасоратсизлигимизга, қўрқоқлилигимизга, масъулиятсизлигимизга маънавий важ топиб ўзимизни оқлаб, андишалимиз деб виждонимизни тинчлантириб, ўз ёлғонимизга ўзимиз ишониб келаяпмиз.
 
Дарвоқе, ўзини алдаш хусусида. Ўзини ўзи алдаш — энг буюк хиёнат. Нафақат инсоннинг ўзига, балки миллатга нисбатан энг катта хиёнатдир. Чунки ўзини ўзи алдаётган оломон ўз ёлғонларини култга, “бренд”га айлантиради. Ёлғонларидан бутлар ясаб олади ва уларга сиғина бошлайди. Авлодларини ҳам сиғинтиради.
 
Бутларни синдиринг! Нажот илм тараққиёти ва ахлоқ равнақида!
 
Қачонки сабаблар билан эмас, тафаккур даражасининг маҳсули бўлган асоратлар билан курашда давом этар эканмиз, гўёки соялар билан жанг қилаётган одам уни енголмаганидек, миллат сифатида қисматимиз айсбергнинг кўздан панадаги, яъни сув остидаги катта қисми ҳалок қилган Титаникдек фожиали тугаши мумкин”.
Фирдавс БЕК

Теглар:ёлғон маддоҳлик андиша 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!

Тавсия

Сўровлар

Сиз ҳеч пора бериб кўрганмисиз?

Барча сўровлар