Хайрулла Ҳамидов муаллифлигидаги репортажни икки соат оралиғида қарийб 100 минг нафар интернет фойдаланувчиси кузатиб борди.
“Олтин тўп” маросимини “Оскар”га ўхшатсак бўлади. Дастлаб энг яхши режиссёрлар, дизайнерлар, мусиқа усталари ва иккинчи ролларга мукофот топширилади, сабаби энг асосийси охирига қолади. Бу ҳам бўлса, йилнинг энг яхши актёри!
Футболда ҳам ҳаммаси актёрларга қурилган. Мураббийларни чексиз ҳурмат қилган ҳолда айтамизки, футбол аввало майдонда ҳаракат қилаётганларнинг ўйинидир. Майдонда эса мураббийлар эмас, футболчилар!
Режиссёрлар ҳар қанча уринмасинлар, биз томоша қиладиган фильмда актёрларни кўрамиз, Ди Каприою Клуниларни кўрамиз. Футболда ҳам асосий ишни мураббийлар қилаётганини билсак-да, Роналду-Мессиларни кузатамиз, Неймару Суареслар ўйинидан роҳатланамиз. Яъниким, орқа пландагилар мухлислар учун у қадар қизиқ эмас.
Бугун ҳам шундай бўлади. Ҳаммасини ҳал қилувчи паллага довур мураббийларни, федерацияларни, клубларни, аёллар футболини тақдирлаб оладилар. Охирида энг яхши футболчини аниқлайдилар. Оскарда ҳам ҳамма йилнинг энг яхши актёрини кутади. Демоқчиманки, шунинг учун ҳам ФИФАнинг бу тадбири йил ғолиблари деб эмас, “Олтин тўп” номи билан машҳурдир. Яна демоқчиманки, онлайн шарҳимиз давомида охиригача биз билан бўлинг! Футболимиз Ди Каприоларини, МэттДеймонларини аниқлайдиган пайт яқинлашмоқда...
Кўп футболчилар, машҳурлар мухлислар олдидан - қизил йўлакдан ўтиб бўлишди. Бу - анъанавий одат бўлиб, футбол ишқибозлари учун ажойиб шоу ҳисобланади. Тақдирлаш маросимига кира олмаганлар ҳам юлдузлар билан роҳатланишлари керакку, тўғрими?
Рамос ва Погбанинг кириб келиши мухлисларда катта таассурот қолдирди
Серхио Рамос рафиқаси билан, Погба эса онаси билан келди. Миллий менталитет, ҳар ҳолда...
Агар Олтин тўпни Роналду олса, Месси қатори қаторасига уч марта Олтин тўпни олган футболчига айланади, Месси олса, қаторасига тўртинчи марта Олтин тўп эгаси бўлган ягона ўйинчига айланади. Унинг 2009 йилги ғолиблиги бошқа номдалиги учун шундай айтяпмиз. Ван Бастен, Платини ва Йохан Кройфлар ҳам бу натижага ҳавас қилсалар бўлади...
Каканинг машинадан тушиб келиши ҳам мухлисларнинг қийқириғига сабаб бўлди. Ҳар ҳолда, охирги "ерлик" Олтин тўп соҳиби:)
Мураббийларнинг ташқи кўриниши ҳам роль ўйнайди. Ғолиблик учун энг асосий даъвогар Чили терма жамоаси бош мураббийи Сампаолини мухлислар танимай қолишди. Танишмаса танишмасин, бир пас туриб бирга селфи қилишмаганига пушаймон бўладилар.
Матбуот анжуманида Месси Роналдуни "ҳамма футболчи ҳавас қилгулик ўйинчи" деб мақтабди... Роналду эса "Мессидан нимадир олиш керак бўлса, чап оёғини олардим" дебди... Неймар эса "иккисидан биттадан оёқ олардим", дебди... Операция хонаси қиворибсизларку, йигитлар:)
Месси бешта олтин тўпини биттагина жаҳон кубогига алмаштирмоқчилигини айтибди. Ўша финал оқшомида шундай ҳис билан ўйнаш керак эди, Леожон!
Бошладик бўлмаса... Ғарб ғижжагининг қўрқинчли куйи билан бошлашди маросимни... Ғалати бошланиш!
Клип кетяпти...
Аёл ва эркак футболчиларнинг ҳаяжонли ҳаракатлари...
Кейт Абдо 190 давлат вакилларини табрикламоқда, салом йўлламоқда... Чунки шунча давлат тўғридан тўғри томоша қиляпти, жумладан Ўзбекистон ҳам!
Учтадан жуфтликлар чиқишди. Роналду, Месси ва Неймарнинг жуфтликлари ҳам ғолиблик учун даъвогарлар, тағин рафиқалари деб ўйламанг,а?)
Роналду барибир умид қилмоқда... Мен энг зўрман, деяпти. Одам охиригача ишониши керак!
Япониялик Айя Мияма ҳам японча гапирди...
Камтарин Месси ҳам озгина гапирган бўлди... Ғолиб бўлишини билиб турибди чамамда...
Неймарнинг гапларидан билса бўладики, у ҳозирча ҳеч қайси ўриндан хафа бўлмайди. Аммо кейинги йилдан бошлаб қаттиқ ранжиши турган гап:)
Учта голни кўрсатишяпти, Флорензи Барсага ургани эсингизда бор,а, Тер Штегенга саломлар!
Лира қайчининг антиқа услуби...
Месси Атлетикка урган голи... Майдонда футболчилар борми?
Ким олади, деб ўйлайсиз? дейишяпти...
Самуэль Этоо йил рамзийсини аниқлаш учун саҳнага чиқди, саҳнага бирам ярашидики бу бола)
Дарвозабон Буффон... эмас, Нойер!, Ҳимоячилар Сильва, Марсело, кўришиб қўйишяпти бир-бири билан... Серхио Рамос... ёмон ҳимоя эмас...
Дани Алвеш!!!
Ярим ҳимоя... Иньеста, нима, шубҳаланганмидингиз? Модрич! РеалМадрид... Бўйи узун йигит ким, оҳҳў, Погбаку!
Ҳужумчилар - Неймар, Месси, Роналду! Испаниядан бошқа жойдаям гол уришяптими ўзи:)
Англия томонларда кўрмаётган бўлсалар ҳам керак. Начора!!! Тияго Сильва интервью беряпти. ПСЖда ўйнаётгани учунми франузча бошлаб юборди. Тўртта тил биларди... Ван Бастен ҳам гапиргиси келиб қолди... Бу жамоа билан нима қилардингиз, деган саволга, "Ҳаммаси чемпионку", деди
Погба ҳам интервью беришни бошлади... Кейт Абдога гап отгандек туюлди. Британиялик журналист турмуш қурганини эсдан чиқарди, шекилли:)
Йил жамоасини тўғри топган даниялик мухлисни тадбирга келмаган Нойер ўрнига саҳнага чиқди. Жамоани тўлдириб туриш учун... Энг яхши ўйинчиси Роналду экан!
Йил жамоасининг умумий клипи кетди. Зўр ишлашибди. Нойер бошлаган ҳужумни Роналду тугатди. Роналдуни ҳозирча эркалашмоқда. Аниқроғи, овутишаётгандек...
Аёллар ҳам футбол ўйнашади. Аввало уларнинг энг яхшиларини аниқлаб олишади. Эркакларнинг ишига аралашманглар, деб чиқариб юбориш учун:)
Америкалик Карли Лойд! У америкаликлар жаҳон чемпиони бўлишган лаҳзаларни хотирлади. Дунёдаги ҳамма ишни амалга ошириб бўлдик, деб ўйладик, деяпти. У ҳақда дугоналари яхши гаплар гапиришди. Демак, ғолиб бўлиш эҳтимоли бор! Карли Лойдни саҳнага чақирдилар. У бу кийимда футболчига ўхшамаслиги хусусида гап борди. Яна финал ҳақида гапириб бошлади.
Леонел Месси танго остида! Лавеззи Месси ҳақида тўлқинланиб гапиряпти. Бўладиган бола бошидан, дегандек Месси ёшлигида ҳам супер ўйинлар кўрсатганини айтди. Унинг рақобатчиси йўқ, деяпти. Унинг голлари бошқа оламнинг голлари! Ҳар бир футболчи Олтин тўпни бир марта бўлса ҳам ютгиси келади, лекин Мессида бунақа тўплардан тўртта бор!
Бешта кубокни қўлга киритган Барселона ҳақида сўралди, Месси ҳам испанча бошлади. Жароҳати ҳақида қайғуриб гапиряпти. У футболсиз жуда ҳам қийналиб қолганини айтди. Шунга қарамасдан Олтин тўпга даъвогар кўришганидан хурсандлигини айтмоқда
Аёллар футболидаги мураббийлар ҳақида гап бошланди. Иккита эркак киши лекин.
Элесс аёллар футболидаги энг яхши мураббий бўлди! Унинг терма жамоаси жаҳон чемпиони бўлганди. Шунақа! Икки эркак киши ичида ғолибликни қўлга киритиш зўр бўлса керак, буни биз билмаймиз, аммо аёллар футболидаги ишларда эркаклар ғолиб бўлишса, салгина адолатсизлик бўларди! Америкалик мураббия ўз шогирдларига миннатдорчилик билдирмоқда!
Биринчи ғолибни эслаб қолинг - Элесс!
Энди эркаклар ичидаги мураббийлар: Гвардиола, Энрике, Сампаоли. Иккиси испан ва клублар мураббийи. Сампаоли эса Чилини Жанубий Америкада ғолиб қилган шахс!
Карлос Билардо номни танлади, демак... Луис Энрике! Барселонада бир йилдаёқ афсонавий мураббийга айланмоқда. Ана сизга биринчи мавсум!
Луис Энрикенинг ўзи келмагани учун унинг номидан бошқалар гапирмоқда!
Энг яхши футболчи аёлнинг иккинчи даъвогари япониялик Айя ! У ҳам енгиши мумкинлиги хусусида гап бормоқда! Осиёлик бўлгани учун унга мухлислик қилаётганлар ҳам бор! Миями саҳнага чиқди. Тўғрисини айтамиз, футболчига ўхшамайди, уялиброқ турибди. Уялиб турганлардан қўрқиш керак-да, индамасдан тўртталаб ОТни олиб қўявериши мумкин-да:)
Фейр плей, ҳалол ўйинга ҳақлиларни кўрамиз. Ким ғолиб бўлар экан?
Асамоа саҳнага чиқди. Унинг бу номинацияни аниқлаб беришида ҳам ўзига яраша белги бор. Ганадан қочқин бўлгани эслади, қочқинларга бўлган илиқ муносабатлар ҳақида тўлқинланиб гапирмоқда. Футбол бугунги кунда катта кучга эга, бундан фақат яхшилик йўлида фойдаланиш керак. деяпти
Ирқчилик қарши сўзларга анча қарсаклар бўлди!
Саҳнага Криштиану Роналдуни таклиф қилишмоқчи. Марсело дўсти ҳақида гапиряпти. Албатта, ғолиб бўлиши кераклигини таъқидлаб қўймоқда. Роналдунинг ўзи ҳам Мадридда бу қадар катта ишлар қилиб юбораман, деб ўйламагандим демоқда. Кадрда, албатта. Техникани мақтаяпти Роналду. Ўзининг беш юзталаб голини бемалол кўраётганидан мамнунлигини айтмоқда. Ўтган йили йиғлагини кўрсатиб ўтишди. У ҳиссиётларидан уялмаслигини айтди. Шунақа!
Шашич ҳам чиқди. Аёллар футболи бўйича ғолиблик қилишига у қадар имконияти катта эмаслигини билсада, енгмоқчилигини таъкидлади.
Энг чиройли голларни яна эслаб ўтишди. Қўшиқчига навбат берилгунича, барчанинг эътиборида бўлган энг асосий масалага барибир тўхталиб ўтишмади.
Ҳамма Неймарни кутмоқда. Бразилиялик иқтидор ҳали чиқмади. Месси ва Роналдудан фарқли равишда у Олтин тўпга харисроқ! Ҳозирча ҳақли дея олмаймизу, кейинги йиллардан у асосий даъвогарга айланади. Ҳозирча Барсада Месси бор, у ҳам тўғри тушуниши керак.
Пушкаш совринини ким олади? Ҳозир аниқланади. Ном роль ўйнаса керак)
10 миллион мухлис овоз берган бу номинацияни Наката эълон қилади. Лира энг чиройли гол соҳиби. Ана сизга НОМ)))
БРАЗИЛИЯЛИК Лира йиғлаяпти. Кимсан Месси билан тортишиб енгмоқдая.
Неймар ҳақида... Дани Алвес дўстини мақтамоқда
Роналдо, эски Роналдонинг расмини ушлаб туриб мақтади. Демак, шундай келажак тиламоқда
Неймар эртакчиларга ўхшаб кийиниб чиқди. Унга савол беришди. Сал қийналиб қолди. Ҳар ҳолда, бу залда биринчи марта у. Ёшлиги хусусида ҳам сўрашяпти. Дарвоқе, Месси ҳам илк бора бу жойга чиққанида учинчи ўринни олган
Агар сен олтин тўпни олиб қўйсанг, ноқулаймасми Месси олдида, деган саволга, йўқ, деди. Месси тушунса кераг-а:)
Аёллар футболидаги энг яхши футболчи аниқланадиган пайтга ҳам етиб келдик!
Аниқлаш учун Аято чиқди. Ҳозир у аниқлайди. Лойд!!!
Жаҳон чемпионати бу, азизлар! ЕЧЛ лардан устунроқ. Аёл киши йиғламаса уят бўлади:)
Энг яхши футболчини аниқлаймиз, Кака чиқяпти. Охирги "ерлик"!!!
2007 ни кўрсатишяпти. ЭСЛАЯПТИ. Демак, ҳозир у аниқлаб беради. Мовий либосда чиқди аммо:) Уччаласини тушунишини айтяпти. Демак, ғолиб - ?
Диққат! Месси! Ҳа, Лео Месси!
Кутилганидек!
БЕШИНСИ МАРТА. БУ ЕРЛИК ЭМАС!!!
Мессини ва унга мухлислик қилган ҳамма мухлисларни табриклаймиз! Икки йиллик ғолибликдан сўнг енгилган Роналду ҳиссиётларини кўрсатмади.
Биринчи бор!
Цюрих, хайр!