...
МЕНЮ
ONLINE TV

Олий Лига, 27-тур. Фарғона ва Тошкентда қизғин учрашувлар гувоҳига айланинг!


15:03, 02.11.2017 Спорт
 1 918

Жума ва шанба кунлари Олий Лигада 27-тур учрашувлари бўлиб ўтади.

Жорий йилнинг 3–4 ноябрь кунлари футбол бўйича Ўзбекистон Олий Лигасида 27-тур ўйинлари бўлиб ўтади.
 
Тур доирасидан бир қатор қизиқарли тарзда ўтиши кутилаётган учрашувлар ўрин олган бўлиб, қуйида мазкур турда баҳс юритадиган клубларнинг ўзаро ўйинлар тарихи ҳақида маълумот бериб ўтамиз.
 
3 ноябрь (жума)
 
“Нефтчи” (Фарғона)–“Локомотив” (Тошкент)
 
27-турнинг қизиқарли ўтиши тахмин қилинаётган учрашувларидан бири Фарғонада бўлиб ўтади.
 
Унда жорий йилги мавсумни у қадар муваффақиятли ўтказа олмаётган “Нефтчи” мусобақа жадвали пешқадами “Локомотив” жамоасини қабул қилади.
 
Мазкур жамоалар шу пайтгача миллий чемпионларимиз доирасида 25 марта ўзаро тўқнаш келишган. Ўйинларнинг 14 тасида “Локомотив”, 7 тасида “Нефтчи” вакиллари ғалаба қозонишган. 4 та ўйинда эса ғолиб аниқланмаган — дуранг.
 
Тўплар нисбатидаги устунлик ҳам Ўзбекистоннинг амалдаги чемпиони томонида — 44–32.
 
Биринчи даврадаги учрашув: 0:4 (“Локомотив” ғалаба қозонган).
 
“Сўғдиёна” (Жиззах)–“Пахтакор” (Тошкент)
 
Тур доирасидан ўрин олган яна бир ўйинда "Сўғдиёна" ўз уйида "Пахтакор"ни қабул қилади. Ушбу икки клуб Олий Лигада 43 марта ўзаро баҳс юритишган.
 
Мезбонлар ушбу учрашувларнинг 4 тасида, меҳмонлар эса 35 тасида зафар қучишган. Яна 4 та беллашув дуранг натижа билан якун топган.
 
"Пахтакор" футболчилари рақиб дарвозасини 114 бор ишғол этишган. Жиззахликлар эса “Суғдиёна” дарвозасига 37 марта йўл топа олишган.
 
Биринчи даврадаги учрашув: 2:3 ("Пахтакор" ғалаба қозонган).
 
“Бунёдкор” (Тошкент)–“Навбаҳор” (Наманган)
 
Мусобақа жадвалининг 4-поғонасини банд этиб турган "Бунёдкор" навбатдаги турда 7-ўринда бораётган "Навбаҳор"га қарши баҳс юритади.
 
Мазкур клублар ҳозирга қадар Олий Лигада 21 бор ўзаро ўйин ўтказишган. Уларнинг 15 тасида "қалдирғочлар", 2 тасида наманганликлар ғалабага эришишган.
 
4 учрашувда эса томонлар дурангга имзо чекишган. Тўплар нисбати — 44–11 тошкентликлар фойдасига.
 
Биринчи даврадаги учрашув: 1:1 (дуранг).
 
4 ноябрь (шанба)
 
“Олмалиқ” (Олмалиқ)–“Шўртан” (Ғузор)
 
“Олмалиқ” жамоаси эса бу турда “Шўртан”ни қабул қилади. Олмалиқликлар ғузорликларга қарши ҳозиргача 17 марта майдонга чиқишган.
 
"Олмалиқ"да 7 ғалаба, "Шўртан"да эса 5 ғалаба мавжуд. Яна 5 учрашув дуранг билан ниҳоясига етган.
 
"Олмалиқ" вакиллари ушбу рақиб дарвозасини 29 бор ишғол этишга муваффақ бўлишган. Ғузорлик футболчилар эса 23 марта "Олмалиқ" дарвозасига йўл топишган.
Биринчи даврадаги учрашув: 1:0 ("Олмалиқ" ғалаба қозонган)
 
“Насаф” (Қарши)–“Металлург” (Бекобод)
 
Олий Лига мусобақа жадвали 2-поғонасида бораётган Қаршининг "Насаф" клуби навбатдаги учрашувини Бекободнинг "Металлург" жамоасига қарши ўтказади.
 
Ушбу учрашув иккала жамоанинг ўзаро 40-қарама-қаршилиги бўлади. Шу пайтга қадар ўтказилган 39 ўйиннинг 25 тасида "Насаф" вакиллари ғалабага эришишган.
 
10 учрашув эса бекободлик футболчилар фойдасига ҳал бўлган. 4 та ўйин дуранг билан ниҳоясига етган. Қаршилик футболчилар 67 марта "Металлург" дарвозасига йўл топа олишган.
 
"Металлург" "Насаф" дарвозасига 31 та гол киритишга муваффақ бўлган.
 
Биринчи даврадаги учрашув: 0:1 ("Металлург" ғалаба қозонган).
 
“Қизилқум” (Навоий)–“Динамо” (Самарқанд)
 
Турнинг яна бир шиддатли тарзда ўтиши кутилаётган ўйини Навоийда кечади. Унда мусобақа жадвалида ёнма-ён кетаётган "Қизилқум" ва "Динамо" ўзаро баҳс олиб боришади.
 
Мазкур икки клуб Ўзбекистон чемпионатлари тарихида ҳозиргача 33 бор тўқнаш келишган. "Қизилқум" ҳисобида 14 та ғалаба, "Динамо"да эса 10 та ғалаба мавжуд.
 
Ўзаро ўйинларнинг 9таси дуранг билан ниҳоясига етган. Тўплар нисбати эса 43-42 самарқандликлар фойдасига.
 
Биринчи даврадаги учрашув: 1:0 ("Қизилқум" ғалаба қозонган)
 
“Бухоро” (Бухоро)–“Қўқон-1912” (Қўқон)
 
27-турнинг яна бир диққатга сазовор ўйини Бухорода кечади. Унда "Бухоро" "Қўқон-1912"га қарши баҳс олиб боради. Мазкур клубларнинг мусобақа жадвалида 5- ҳамда 6-ўринларни эгаллаб турганини инобатга олсак, учрашув қизиқарли ўтишига шубха йўқ.
 
"Бухоро" ва "Қўқон-1912" ҳозирга қадар Олий Лигада 23 марта ўзаро тўқнаш келишган. Ҳозирча "Бухоро"да 12та, "Қўқон-1912" ҳисобида эса 9та ғалаба мавжуд. Фақатгина 2та учрашувда дуранг натижа қайд этилган.
 
Бухоролик футболчилар ушбу рақиб дарвозасига 45та гол киритишга муваффақ бўлишган. Қўқонликлар эса 33 бор "Бухоро" дарвозасини ишғол этишган.
 
Биринчи даврадаги учрашув: 1:2 ("Қўқон-1912" ғалаба қозонган).
 
Эслатиб ўтамиз, эндиликда Олий Лиганинг янги мавсумида расман 12 жамоа иштирок этади. Ушбу қарор жорий мавсумга ҳам ўз таъсирини ўтказади. Янги чемпионат ўйинлари эса 3 давра тизимида ўтказиладиган бўлди.
Акмалхон Эшонхонов

Теглар:Олий Лига 27-тур 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!