...
МЕНЮ
ONLINE TV

Алишер Никимбаев: “Лицензиялаш талабларига “Обод” ва “Шўртан” клублари жавоб бермайди”


17:52, 15.11.2017 Спорт
 3 079

Таниқли футбол мутахассиси Никимбаев жамоалар мураббийларини катта мусобақаларга бориб иш ўрганишлари кераклигини тилга олди.

Аввалроқ, “Бунёдкор” футбол клуби ҳамда Ўзбекистон терма жамоасининг собиқ мураббийи Миржалол Қосимов, ўзбекистонлик ФИФА ҳаками Равшан Эрматов ва футбол оламида таниқли мутахассислардан бири Азамат Абдураимов Ўзбекистон футбол федерацияси томонидан олиб борилаётган ислоҳотлар ҳақида ўз фикрларини билдириб ўтишгани ҳақида хабар бериб ўтган эдик.
 
ЎФФ томонидан олиб борилаётган ислоҳотлар яна бир Ўзбекистон футболида таниқли футбол мутахассисларидан бири Алишер Никимбаев томонидан ҳам тилга олиб ўтилди.
 
Алишер Никимбаев Олий Лигада қатнашаётган клубларнинг сони эмас, сифати муҳим эканини эътиборга олиш билан бирга ЎФФнинг Олий Лига форматини ўзгартириш ва клубларни лицензиялаш бўйича талабларни кучайтиргани мана шу сифатни таъминлашга хизмат қилишини таъкидлаб ўтди.
 
“...ОФКда икки йил давомида лицензиялаш масалалари билан шуғулланганман. Лицензиялаш жараёни футболни ривожлантириш учун энг асосий унсур.
 
Федерация раҳбарияти мана шу воситадан фойдаланаётгани мени хурсанд қилди.
 
Авваллари лицензиялаш масаласига жиддий аҳамият қаратилмаган. Масалан, “Обод”, “Шўртан” каби клублар лицензиялаш талабларига жавоб бермайди.
 
Лекин уларга Олий Лигада иштирок этишга рухсат берилганди. Лицензиялашда асосий тамойиллардан бири клубларнинг ўз футбол мактаби, машғулот майдонлари бўлиши ҳисобланади.
 
Лекин биз яхши биламизки, “Обод” клубининг футбол мактаби бўлмаган. Агар клубларни лицензиялаш бўйича саралайдиган бўлсак, балки Олий Лига талабига жавоб берадиган клублар 12 тадан ҳам камроқ бўлиши мумкин.
 
Нима бўлган тақдирда ҳам, Олий Лигада талабга жавоб берадиган футбол клублари иштирок этиши керак.
 
Бирлашган Араб Амирликлари мамлакатида яқин уч йил ичида 3 та катта — клублар ўртасидаги Жаҳон чемпионатлари ва Осиё кубоги мусобақалари бўлиб ўтади.
 
Биздаги мураббийлар, футбол мутахассислари мана шундай катта мусобақаларга бориб иш ўрганишлари зарур.
 
У ерда ташкилотчилик масалалари,  мусобақаларни ўтказиш, ОАВ билан ишлаш ва бошқа жиҳатларни ўз кўзлари билан кўриб, тажриба тўплаб келишса, мақсадга мувофиқ бўларди”, дея сўзлари якунлади Алишер Никимбаев.
 
Эслатиб ўтамиз, Алишер Никимбаев аввалроқ, Ўзбекистон терма жамоаси Қирғизистон билан ёпиқ эшиклар ортида ўртоқлик учрашуви ўтказган вақт орасида ЎФФ Матбуот хизматини ёлғон хабар тарқатаётганликда айблаганди.
 
Ўшанда ЎФФ Матбуот хизмати Қирғизистон билан ўйин шунчаки назорат ўйини эканлигини сабаб қилиб кўрсатиб, мухлислар киритилмаслиги ФИФА томонидан тақиқлангани ҳақида изоҳ берганди.
 
Аммо Никимбаев ЎФФ изоҳига “ФИФА ташкилотининг 1593-йўриқномасида чипта сотишни тақиқлаш ёки ўйин трансляциясига рухсат йўқлиги ҳақида ҳеч қандай гап йўқ.
 
ЎФФ Матбуот хизмати ўйинни ёпиқ ҳолда ўтказилишини гоҳ меҳмонлар илтимос қилди, гоҳ ФИФА тақиқлаган, деб ёзмоқда. Аммо, иккинчи тушунтириш ғирт ёлғоннинг ўзгинаси”, дея жавоб берганди.
Акмалхон Эшонхонов

Теглар:Алишер Никимбаев ЎФФ ПФЛ Олий Лига мураббийлар 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!