Тошкент шаҳар ИИББ ушбу хабар юзасидан текширув ўтказган.
Ички ишлар органларига Равшан деган шахс одамларга ўзини ИИББ ходими сифатида таништириб Сергели туманидан имтиёзли кредит эвазига уй олишга ёрдам беришини таклиф қилаётгани ҳақида хабар келиб тушган.
Тошкент шаҳар ИИББ Жиноят қидирув бошқармасининг Иқтисодий хавфсизлик ва коррупцияга қарши курашиш бўлими ходимлари томонидан ҳолат юзасидан тезкор чора-тадбир режаси ишлаб чиқилган. Қисқа фурсатда гумондор шахс қўлга олинган. У ҳеч қаерда ишламайдиган, асли хоразмлик бўлган 33 ёшли М.Равшан бўлиб чиқган.
Ҳозирда ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 168-моддаси (“Фирибгарлик”) билан жиноят иши қўзғатилган. Тергов жараёнида ушбу шахснинг шу каби бошқа жиноятларга алоқадорлиги ўрганилади, шунингдек жиноят содир этилишига сабаб бўлган омиллар таҳлил қилиниши таъкидланган.
“Ҳурматли ҳамшаҳарлар! Сизга пул эвазига турли ваъдаларни бераётган, ўзини давлат хизматчиси этиб таништираётган таниш-нотаниш кишиларга ишонишга шошилманг! Фирибгарларга алданиб қолманг!”, деб огоҳлантиради Тошкент шаҳаар ИИББ.