...
МЕНЮ
ONLINE TV

Оддий автобус ҳайдовчисининг иқрори: “План”ни деб ўзимизни ўтга-сувга урамизу маошни “штраф” билан оламиз


15:47, 29.07.2017 Жамият
 11 631

Тўғрисини айтсам, мажлисларда биз ҳайдовчилар маошимизнинг камлиги ҳақида раҳбарларга гапирсак, “кундалик тушуминг бор” деб оғзимизга “уришади”. Аслида эса тушум деярли йўқ.

Эрта тонгдан то тунгача йўловчиларнинг яхши-ёмон гапига, йўлларнинг пасту баландига, об-ҳавонинг иссиғу совуғига қарамай халққа беминнат хизмат қилаётган жамоат транспорти ҳайдовчиларининг кўнглида нима гаплар бор?.. Автобус ҳайдовчиларидан бирининг мухбиримиз билан бўлган самимий суҳбати жамоат транспорти хизматига оид баъзи муаммоларнинг келиб чиқиш сабабларини фош этди.
 
Мухбир: — Йўловчиларни манзилига безарар етказиш масаласига жамоат транспорти ҳайдовчиларининг баъзилари беписандлик билан қараш ҳоллари кузатилади. Автобусларнинг пойгалашишини йўловчи талашиш деб тушуниш мумкинми?
 
Ҳайдовчи: — Тўғри, баъзида ҳайдовчилар йўловчи талашади. Аммо автобус йўналиш бўйича белгиланган вақтидан кечикканда ҳам шу ҳолат юз бериши мумкин. Яъни ҳайдовчи тезликни оширишга мажбур бўлади.
 
Мухбир:  Йўловчилар ҳаётини хавф остига қўйишга жамоат транспорти ҳайдовчисининг нима ҳаққи бор?
 
Ҳайдовчи: Автобус ҳайдочисининг бундай қилишга ҳеч қандай ҳаққи йўқ. Аммо у вақтдан кечикса ёки масалан метродан чиқадиган йўловчилар оқимини бой берса кундалик планни топшира олмайди. Белгиланган планни бажариш катта муаммо.
 
Мухбир:  Нима учун? Белгиланган кундалик режа (план) миқдори қанча?
 
Ҳайдовчи: — Автобусга ўтирадиган йўловчиларнинг аксариятида ойлик йўл чиптаси ёки гувоҳномаси бўлади. Шунга қарамай, яқинда кундалик план миқдори оширилди. Кичик автобусларнинг плани кунига 380 000 сўм, мерседес русумли автобусларники эса 760 000 сўм деб белгиланди.
 
Мухбир:  Агар сир бўлмаса, маошингиз қанча?
 
Ҳайдовчи: — Ойлик маошим аслида бир миллиондан юқори қилиб белгиланган. Аммо мен шу соҳада ўн беш йилдан бери ишлаб, ҳали бирон марта белгиланган миқдорда маош олмаганман. Норози бўлиб, раҳбариятга арз қилганимда бир талай баҳоналарни рўкач қилишди: биринчидан планни бажаролмаганим, иккинчидан бекатларда автобус тўхтаб туриши, тушлик вақти кабиларга иш соатимдан олиб ташланиши ойлик маошимнинг кам чиқишига сабаб бўлади.
 
Мухбир: — Тушлик вақти, бекатда тўхтаб туриш иш вақти ҳисобига киритилмаслиги кулгили ҳолат эмасми? Тушлик вақти-ку майли, ахир автобус бекатда тўхтамаса қандай қилиб йўловчи олади?
 
Ҳайдовчи:  (мийиғида кулиб) Мажлисларда биз ҳайдовчилар шу ҳақда гапирганмиз. Раҳбарият бу муаммони бартараф этишни ваъда берган. Ўшандан бери автосарой бошлиқлари ҳам, корхона раҳбарлари ҳам ўзгарди. Аммо муаммолар ўша-ўшалигича қолмоқда. Бу ҳам майли, ёнилғини ортиқча сарфи яъни “пережёг” учун ойлик маошимиздан босиб қолинади. Автосаройимизда 2014 йилда тўрт ой кетма-кет барча ҳайдовчилар ойлик маошининг тенг ярми ёнилғини ортиқча сарфлаш баҳонаси билан босиб қолинган. Ўшанда жуда қийналганмиз. Шахсан ўзим уй тўловларини вақтида амалга оширолмаганим учун қарзларим ханузгача кўпайиб бормоқда.
 
Мухбир:  Маошингизнинг кам чиқишига яна нималар сабаб бўлади?
 
Ҳайдовчи: — Йўл ҳаракати қоидаларини бузиш ҳолатларида белгиланган жарима миқдори қоидабузар ҳайдовчининг маошидан босиб қолинади. Айниқса, кўчаларга камералар ўрнатилганидан бери шу муаммо кўндаланг бўлди. Буни қарангки, шу пайтгача ўзимни тажрибали ҳайдовчи деб ҳисоблар эдим. Менимча бир неча йиллардан бери транспорт бошқарадиган ҳар қандай ҳайдовчи ўзи ҳақида шундай фикрда. Тажрибалиман, деб ўзимизни алдай олибмизу камерани алдаб бўлмаслигини тушунмабмиз. Чорраҳаларга ўрнатилган камералар ҳар жиҳатдан кўпчиликни огоҳ бўлишга мажбур қилгани йўллардаги тартибсизликларнинг олдини олмоқда.
 
Мухбир: — Эшитишимча автобус ҳайдовчиларининг кундалик тушуми бор...
 
Ҳайдовчи: — Тўғрисини айтсам, мажлисларда биз ҳайдовчилар маошимизнинг камлиги ҳақида раҳбарларга гапирсак, “кундалик тушуминг бор” деб оғзимизга “уришади”. Аслида эса тушум деярли йўқ. Ўзингиз ўйлаб кўринг, ахир, саҳар соат тўртда ишга отланаман куни бўйи автобусда йўналишнинг у бошидан бу бошига ёзнинг жазирамаси, қишнинг қаҳратонига қарамай қатнайман. Йўловчи гоҳида бор, гоҳида йўқ. Йўллар эса ҳамма жойда ҳам текис ва равон эмас. Шунақанги тор, нотекис кўчалардан юришга тўғри келадики, оқибатда автобус таъмирталаб ҳолатга тушади. Автобус ишдан чиқди дегани, ҳайдовчи ишсиз қолди деганидир. Чунки уни таъмирлаш ҳам ўз зиммамиз ва гоҳида чўнтагимизга юкланади. Бундан ташқари, эрта тонгдан автобусни гараждан йўналишга олиб чиқишнинг ўзига бир соатдан кўп вақт сарфланади: ҳайдовчининг тиббий назоратдан ўтиши (бир минг сўм), автобусни техник кўрикдан ўтиши (деярли текширилмайди), йўлланма олиш, ёнилғи қуйиш кабилар амалга оширилади. Автотураргоҳларда ҳайдовчилар учун ҳеч қандай шароит яратилмаган. Борида ҳам ҳисобчилар ёки йўлланмага муҳр урувчи ходималар ястаниб дам олишади. Бекатлар доимо тирбанд. Хусусий корхоналарга қарашли автобус ва бошқа жамоат транспортлари (газеллар) бекатларни эгаллаб олиб, жуда узоқ вақт қолиб кетади. Натижада, давлатга қарашли (яшил) автобуслар бекатга кира олмайди. Масалан, Чорсудаги Кўкалдош мадрасаси ёнидаги бекат доимо “бегона” жамоат транспортлари билан тирбанд бўлади.
 
Йўналишдан гаражга кечки соат саккизлардан кейин кириб келаман. Чарчаб келганимдан кейин уйга бориб, ювиниб-тараниб дам олиш ўрнига тунги соат 24.00гача навбатда туриб, кундалик пул тушуми ва жетонларни алоҳида-алоҳида кассаларга топшираман. Кейин сарф-ҳаражатлар бошланади. Кассадаги ходималарга пул санагани учун бир минг сўм, механикка бир минг сўм, диспетчерга бир минг сўм, “перегон”чига икки минг сўм, автобус салони ва устини ювиб-тозалаш учун беш минг сўм ҳаражати бор. Ишга келиш ва уйга қайтишда йўловчи машинага камида ўн-ўн икки минг сўм атрофида пул сарфлайман. Чунки бу вақтларда йўлларда автобус қатнови бўлмайди.
 
Мухбир:  Автосаройда автобусларни тозалаш учун махсус фаррошлар гуруҳи ишламайдими?
 
Ҳайдовчи: — Бўлиши керак. Лекин  мен автосаройимизда шу вақтгача фаррош ходималарни кўрмаганман. Рейсдан қайтганимизда яқин-атрофдаги маҳалла келинлари автобус салонларини тозалаб беришади.
 
Мухбир: — Бир пайтлар автобусларда чиптасиз юрган йўловчилар “қуёнлар” деб аталарди. Хозир ҳам шунақа “қуёнлар” учраб турадими?
 
Ҳайдовчи: — Бўлганда қандоқ! Салонда чиптачи йўқлигидан фойдаланиб, орқа эшикдан индамай тушиб кетадиган йўловчилар бор. “Талаба” ёки “ўқувчи” ойлик йўл чиптасини кўтариб олган окахону опахонлар учраб туради. Ундан ҳам кулгилиси: шунақа ойлик йўл чиптасини кўрсатиб тушиб кетган “ёш-яланг”лар кўз ўнгимда бекатда кутиб турган бошқа қариндошига йўл чиптасини топширади. Яъни битта ойлик йўл чиптасидан оила аъзоларининг бир нечаси “унумли” фойдаланиш йўриғини ўзлаштирганлар ҳам бор.
 
Мухбир: — Барча соҳаларда тубдан ислоҳатлар амалга оширилмоқда. Келажакда автобус ҳайдовчиларининг ҳам “елкасига қуёш тегса”, ажабмас.
 
Ҳайдовчи: — Ажабмас. Ахир шу умидда ҳар тонг халқ хизматига отланамиз. Гоҳида қария йўловчилар: бир бекатгина юрдим, болам пулини тўламасам розимисан, деб қолади. Шунақа вазиятларда, майли пулингиз керакмас, фақат дуо қилиб юборинг, дейман. Улар яхши ниятлар билан дуо қилишади. Зора, кексаларнинг дуолари ижобат бўлиб, сиз айтганингиздек, биз каби автобус ҳайдовчиларининг ҳам “елкасига қуёш тегса. 

P.S.: Автобус ҳайдовчиси исм-шарифини мақолада кўрсатмаслигимни илтимос қилди. Унинг самимий суҳбати ҳақи ва ҳурмати илтимосини рад этмадим. Фақат маълумот учун шуни қайд этаманки, мазкур автобус ҳайдовчиси "Тошшаҳартрансхизмат"  АЖ тасарруфидаги автосаройларнинг бирида хизмат қилади. 
Муҳайё Саидова

Теглар:Автобус Ҳайдовчи Йўловчи Қуён Тошшаҳартранс 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар

X
17:02 30.07.2017

Ман о‘зим йо‘ловчи бо‘самам, бу хайдовчини гапларига мутлако кошиламан, хакикатдан хам хайдовчиларнинг ва кондукторларнинг иши айникса жазирама йозда жуда кийин. Йуллар тирбанд бо‘лади, табий холки кечикиш холатлари кузатилиши мумкун, ахир буларам одамку, роботмаску. Шахсан ман хайдовчини гапларини тушунаман.



Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!

Тавсия

Сўровлар

Сиз ҳеч пора бериб кўрганмисиз?

Барча сўровлар