Иш ҳақи, пенсия, нафақа ва стипендияларнинг ўз вақтида ва тўлиқ тўланиши Бош прокуратура томонидан қатъий назоратга олинади.
пенсия, нафақа ва стипендияларни тўлаш
механизмини такомиллаштиришга доир қўшимча
чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига
ШАРҲ
Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Иш ҳақи, пенсия, нафақа ва стипендияларни тўлаш механизмини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорида пенсионерлар, талабалар ва аҳолининг бошқа ижтимоий эҳтиёжманд қатламлари ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ишончли ва самарали ҳимоя қилиш, улар Ўзбекистон Республикасининг барча ҳудудида харид қиладиган товар ва хизматлар учун тўловларни тўсиқларсиз амалга ошириши учун қулай шароитлар яратишга доир қатъий чоралар белгиланган.
Мазкур қарор мамлакатимиз ҳудудларида иш ҳақи, пенсия, нафақа ва стипендиялар тўлашдаги мавжуд аҳволни танқидий таҳлил қилиш натижасида қабул қилинди. Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Виртуал қабулхонасига келаётган мурожаатлар таҳлили иш ҳақи, пенсия, нафақа ва стипендияларни ўз вақтида тўламаслик, тўловларни пластик карточкаларга нақдсиз шаклда асоссиз равишда ўтказиш ҳолатлари кўпайгани ҳамда тўлов терминаллари ва банк аппаратлари тизими етарли даражада ривожланмаганини кўрсатмоқда.
2016 йил 27 сентябрда Ўзбекистон Республикаси Президентининг Виртуал қабулхонаси ишга тушганидан буён 7 мингдан ортиқ шундай мазмундаги мурожаатлар келиб тушган.
Ушбу салбий ҳолатларга барҳам бериш мақсадида қарорда 2017 йил февраль ойидан бошлаб:
биринчидан, барча турдаги пенсияларни тўлаш ҳеч қандай чекловларсиз тўлиқ ҳажмда нақд шаклда амалга оширилиши;
иккинчидан, 58 тоғли ва олис туманларда жойлашган бюджет ташкилотлари ходимларига иш ҳақи тўлаш, шунингдек, ушбу туманлар аҳолисига ижтимоий тўловлар ҳам ҳеч қандай чекловларсиз тўлиқ ҳажмда нақд шаклда амалга оширилиши;
учинчидан, олий ўқув юртлари талабаларига стипендия тўлаш 50 фоиздан кам бўлмаган миқдорда нақд шаклда амалга оширилиши белгиланган.
Шу билан бирга, Молия вазирлиги, Пенсия жамғармаси ва почта хизмати ташкилотларига пенсияларнинг узлуксиз, тегишли ойнинг 27 санасидан кечиктирмай тўланишини таъминлашга доир қатъий топшириқ берилган.
Бундан ташқари, ҳудудларда шаклланган иш ҳақини нақд шаклда ҳамда пластик карталарга ўтказиш йўли билан тўлашдаги нисбатлар танқидий қайта кўриб чиқилади. Бу жараёнда одамлар ўз иш ҳақидан фойдаланишда муаммоларга дуч келмаслиги ва ўзларига керакли товар ва хизматларни эркин харид қилишлари учун мавжуд тўлов терминаллари инфратузилмаси ҳисобга олинади.
Марказий банк тижорат банкларининг иш ҳақи, пенсия, нафақа ва стипендиялар ҳамда уларга тенглаштирилган тўловларни тўлашда йўл қўйилаётган қоидабузарликлар ва камчиликларни қисқа муддатда бартараф этишга доир ишларини ташкил этиши лозим. Биринчи талабга биноан пул маблағлари хўжалик юритувчи субъектлар ҳисобварақларидан ҳеч қандай монеликсиз берилишини таъминлаши зарур.
Иш ҳақи, пенсия, нафақа ва стипендияларнинг ўз вақтида ва тўлиқ тўланиши Бош прокуратура томонидан қатъий назоратга олинади. Шунингдек, Бош прокуратура тижорат банклари мансабдор шахсларининг белгиланган тартибни бузганлик учун жавобгарликка тортилиши тўғрисидаги қонунчилик нормаларининг амалда қўлланилишини ўрганади.
Шу билан бир қаторда, қарорда тижорат банкларини иш ҳақи, пенсиялар ва бошқа ижтимоий тўловларни тўлаш учун керакли нақд пул маблағлари билан таъминлаш мақсадида пул маблағларининг савдо ва хизмат кўрсатиш соҳасидан тўлиқ ва ўз вақтида тижорат банклари кассаларига топширилишини таъминлашга қаратилган ҳамда бозор иқтисодиёти тамойилларига мос келадиган тизимли комплекс чора-тадбирлар ишлаб чиқиш ва амалга ошириш кўзда тутилган.
Президентимиз қарори ижросини таъминлаш иш ҳақи, пенсия, нафақа ва стипендиялар ҳамда уларга тенглаштирилган тўловларни амалга ошириш билан боғлиқ вазиятни тубдан яхшилаш ва фуқароларнинг ўз пул маблағларини ўзларига қулай шаклда олиш бўйича қонуний ҳуқуқларини тўла таъминлашга хизмат қилади.