Ютина олмагандан кейин бир қисми бурун халқумига чиқиб кетиб, бурнидан сут оқади. Сўнгра она “болам қалқияпти” деб шикоят қилади.
– Кўпинча оналар чақалоғини озиқлантирганда тўғри эмизиш қоидаларига риоя қилишмайди. Ушбу ҳолатда қандай касалликлар келиб чиқиши мумкин?
– Болани тўғри эмизиш қоидаларига риоя қилган ҳолда эмизиш лозим. Тўғри эмизиш эса кўкрак учини бола оғзи билан тўла қамраб олади. Бола лаби ва милклари кўкрак учи асоси (ареоласи)ни ямлаб туради. Боланинг пастки лаби кўкрак учи асосидан узоқроқда жойлашади. Боланинг тили ареола соҳасидан пастроқда лаб билан милкка тақалиб туради ва кўкрак учини танглайга босиб, сут чиқишига ёрдам беради.
Энди нотўғри эмизганда қандай ҳолатлар юз беради? Бола фақат кўкрак сўрғичини эмади ёки чайнайди. Тил кўкрак учида бўлади, бола лаби ва милклари ареола ўрнига кўкрак учини сўради ва бола лаблари ичкарига қараб тортилиб киради. Бундан ташқари, нотўғри эмизишнинг бизни қийнайдиган энг ёмон тарафи – бурун ва қулоқ касалликларининг пайдо бўлишидир.
– Болани қай ҳолатда тўйинтириш керак? Кўпчилик ётқизиб эмизади, бу тўғрими?
– Болани ётқизиб эмизиш мумкин эмас. Фараз қилинг, сиз ётган ҳолатда ичимлик ича оласизми? Албатта, йўқ. Бола ҳам шундай, у қорни очқаганини айта олмайди. Фақат йиғлаш орқалигина нимадир хоҳлаётганини билдиради. Аммо ёш оналаримиз буни тушунмайди. Улар ўзлари истаган пайтида эмизади. Қорни оч қолган бола эса бундан унумли фойдаланишни кўзлайди ва катта глотания олади, сўнгра яхши ютинмайди. Ютина олмагандан кейин бир қисми бурун халқумига чиқиб кетиб, бурнидан сут оқади. Сўнгра она “болам қалқияпти” деб шикоят қилади. Бурун бўшлиғида ташқаридан кирадиган бактерия ва вируслар мавжуд. Бизнинг нотўғри ҳаракатимиз туфайли таркибида шакaр, сув, ёғ мавжуд бўлган она сути билан мана шу бактериялар озиқланаверади ва сурункали жараён бошланади, бурун, оғиз бўшлиқлари ва қулоқ канали азият чекади. Оқибатда суяклар емирилиши, ноғорапарданинг тешиги борган сари катталашиб, қулоқнинг товуш эшитиш хусусияти пасайиб боради. Эътиборсизлигимиз натижасини бола катта бўлганда, турмушга чиқаётган ёки уйланаётган вақтида биламиз. Бундай салбий оқибатлар кузатилмаслиги учун юқоридаги тўғри эмизиш қоидаларига риоя қилиш зарур.
Тошкент шаҳар эшитиш ва нутқни тиклаш ҳамда овоз реабилитация маркази директори Жамшид Қурбонов билан суҳбатимиз қизғин тусда давом этди. Хусусан, у болани қай ҳолатда эмизиш кераклиги, оддий ва сурункали шамоллашнинг фарқлари, қулоқ оққанда унга сут соғиш қанчалик тўғри иш экани ва бошқа кўплаб маслаҳатлари билан ўртоқлашди.
Суҳбатнинг тўлиқ қисмини тез кунда сайтимиз орқали ўқишингиз мумкин.
Фото: Акбар Худойберганов.