Жорий йилнинг 24 январь куни Мактабгача таълим вазири ўринбосари Қаҳрамон Арипов, Самарқанд вилоят мактабгача таълим бошқармаси бошлиғи Н.Садиновалар Самарақанд шаҳридаги 69-мактабгача таълим муассасасида бўлдилар.
Жорий йилнинг 24 январь куни Мактабгача таълим вазири ўринбосари Қаҳрамон Арипов, Самарқанд вилоят мактабгача таълим бошқармаси бошлиғи Н.Садиновалар Самарақанд шаҳридаги 69-мактабгача таълим муассасасида бўлдилар.
Ўрганиш эрталаб соат 8.05 да бошланганилиги боис, ҳали тарбияланувчиларнинг аксарияти боғчага келиб улгурмаган эди. Вазир ўринбосари ўқув-тарбиявий машғулотлар ва гуруҳлардаги шароитлар билан танишишни кейинроққа суриб, фурсатни бой бермаслик мақсадида мазкур МТМ ошхонасига тўғри кириб борди.
Албатта, ошхонага кирибоқ у ердаги тартибсизликни кўрган кишининг дили хира бўлиши тайин. Одатагидек, ўрганувчиларни боғча ошпази кутиб олди. Меҳмонларни кутмаган ошпаз хоним шошиб қолди шекилли, вазир ўринбосарининг “Неча тарбияланувчига тушлик тайёрлаяпсиз?” деган саволига жавоб бера олмай довдираб қолди. МТМнинг хўжалик мудири анчагина тажрибаси бор экан шекилли, ушбу саволга: “297 нафар”, деб тезкорлик билан жавоб қайтарган.
Шу маҳал, эндигина қайнай-қайнай деб турган катта қазон ҳамда гўшт маҳсулотлари учун мўлжалланган стол устидаги тағорага солинган гўшт вазир ўринбосарининг эътиборини тортди. Меъёр бўйича бир болага 100 грамм гўшт маҳсулоти ишлатилиши лозимлигини инобатга олсак, бугунги тайёрланаётган тушликка 29,7 кг гўшт маҳсулоти ишлатилиши керак, албатта. Шу меъёрларга риоя этилаётганлигига амин бўлиш мақсадида Қаҳрамон Арипов бошчилигидаги гуруҳ аъзолари қозондаги гўшт маҳсулотининг вазнини ўлчаб кўришди. Афсуски, қозонга солинган ҳақиқий гўшт миқдори 3,7 кг ташкил қилди. Тоғорага солинган хом гўшт маҳсулотининг оғирлиги 7.7 кгни, пишаётган ва хом гўштни қўшиб ҳисоблаганда, эса жами 11,4 кг ташкил қилди.
Ана халос, оддий математик ҳисоб-китобдан ҳам маълумки, тушликка ишлатилган гўшт миқдори белгиланган меъёрдагидан 17,6 кгга кам эканлигини боғча маъмурияти қандай изоҳлайди? Ошпаз ва хўжалик мудири ошхонадаги музлатгичдан бир тоғорачада ойлар давомида музлатилган суякларни (чамаси 3-4 кг) шоша-пиша кўрсатишди. Аслида бу суяклардан анчагина илгари пишган гўштлар ажратиб олингани яққол кўриниб турибди.
Ошхона ёнгинасида жойлашган омборхонада ҳам аҳвол кўнгилдагидек эмас, аксарият қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари нотўғри сақланаётганлиги аниқланди.
МТМнинг тарбияланувчилари боғчага келганларига амин бўлган вазир ўринбосари гуруҳларда ҳам ўрганиш ўтказди. Гуруҳ хоналари, ювуниш хоналари, ётоқлардаги антисанитария ҳолатларини ҳеч қандай баҳона билан оқлаб бўлмайди.
Мутахассисларнинг фикрига кўра, боғчадаги ҳақиқий аҳволнинг бу ҳолатга келиб қолишига мактабгача таълим муасасасининг барча масъуллари бирдек айбдор. Бир неча огоҳлантиришларга қарамай тўғри ҳулоса чиқарилганда эди, нисбатан аҳвол яхшироқ бўлармиди... Сўнги пушаймон ўзинга душман деганларидек, энди Самарқанд шаҳридаги 69-МТМ мудираси Райҳон Неъматова, хўжалик мудири Аваз Гафаров ҳамда ошпаз Кибриё Хамдамовалар ўзларидан ҳафа бўлишлари мумкин. Сабаб, жорий йилнинг 24 январь кунининг ўзидаёқ улар билан тузилган меҳнат шартномаси бекор қилинди.