Ноқонуний равишда Paynet хизматини ташкил этган, мева-сабзавотларни нақд пулга сотиб, уларни кассадан ўтказмаган, санитария қоидаларига риоя қилмай сартарошлик фаолияи билан шуғулланган кишилар жавобгарликка тортилди.
Давлат солиқ хизмати органлари томонидан ўтказилган назорат тадбири давомида Наргиза Шамсиеванинг савдо дўконидан назорат касса машинаси хотирасига киритилмаган кунлик савдодан тушган жами 312 минг сўм нақд пул, 1 дона замонавий компьютер ҳамда 1 дона принтер ускунаси далилий ашё сифатида вақтинча олиб қўйилган
Ҳуқуқбузар Шуҳрат Шеровнинг қишлоқ хўжалик маҳсулотларини сотишга мўлжалланган савдо дўконидан ҳам 5 турдаги полиз маҳсулотлари ҳамда назорат касса машинаси хотирасига киритилмаган кунлик савдо пуллари далилий ашё сифатида вақтинча олиб қўйилди.
Энди ушбу ноқонуний хатти-ҳаракатлари туфайли ҳуқуқбузарларга қатъий белгиланган солиқнинг йиллик суммаси миқдорида солиқ ҳисобланиб, мажбурий ундирувга қаратилади. Юқорида номлари келтирилган шахсларга ўз биносини ижара ҳақи эвазига нотариал аҳамиятга бўлган ижара шартномасисиз фойдаланиш учун топширган фуқарога нисбатан ҳам белгиланган тартибда солиқ ҳисобланиб, мажбурий ундирувга қаратилади, дейилади хабарда.
Бухоро шаҳридаги Баҳоуддин Нақшбанд кўчасидаги “Моника” номидаги савдо дўконига туташ бўлган бинода аниқланган ҳужжатсиз фаолиятлар фақатгина шулар эмас. Назорат тадбири давомида ушбу ҳудудда яширин фаолият юритаётган сартарошхона ҳам борлиги аниқланди. Унда фуқаролар Анвар Давронов, Жавоҳир Равшанов билан биргаликда бир қанча муддатдан буён давлат рўйхатидан ўтмасдан сартарошлик фаолияти билан шуғулланиб келгани аниқланган. Ачинарлиси, Анвар Давронов бу ишга вояга етмаган фарзанди Абдулло Маҳмудовни ҳам жалб қилган.
Тадбирга жалб қилинган давлат санитария ва эпидемиология назорат маркази ходимларнинг маълумотларига кўра, сартарошхонада фойдаланилаётган сочиқлар, асбоб-анжомлар стрилланмаган ҳолатда ишлатилган. Яъни, сартарошларнинг бундай ҳаракатлари туфайли тери касалликлари келиб чиқиши ёки ушбу касалликларнинг мижозлардан мижозларга юқиши хавфи мавжуд. Шу боис, улар томонидан олиб қўйилган асбоб-анжомлар зудлик билан лаборатория кўригига юборилган.
Назорат тадбири давомида аниқланган ҳуқуқбузарликлар юзасидан далолатнома расмийлаштирилиб, Анвар Давронов ҳамда Жавоҳир Равшановга тегишли бўлган юмшоқ мебеллар ва турли хилдаги сартарошхона асбоб-анжомлари ва сартарошхона кассасидаги 100 минг сўмдан ортиқ кунлик савдо пуллари далилий ашё сифатида вақтинча олиб қўйилди.
Ушбу шахсларнинг ҳар бири белгиланган тартибда жавобгарликка тортилиб, келгусида худди шундай ҳуқуқбузарлик такроран содир этилса, уларга нисбатан бундан-да кескинроқ чоралар кўрилиши ҳақида огоҳлантирилган.