Президент Эрдўған таклифи билан Туркияга Қозоғистон давлат раҳбари Нурсултон Назарбоев ташриф буюради.
“Президент Эрдўған таклифи билан 5 август куни Туркияга Қозоғистон давлат раҳбари Нурсултон Назарбоев ташриф буюради. Ташриф чоғида икки давлат раҳбарининг алоҳида учрашуви ўтказилади. Қолаверса, делегациялар учрашуви ҳам ташкил этилади. Бизнинг стратегик ҳамкоримиз Қозоғистон билан барча соҳалардаги алоқаларни кенгайтириш имкониятлари ва Туркий тилида сўзлашувчи давлатлар ҳамкорлиги кенгашининг фаолияти муҳокама этилади”, дейилади Туркия давлат раҳбари девонининг баёнотида.
Маълумот ўрнида, Туркий тилда сўзлашувчи давлатлар ҳамкорлиги кенгаши 2009 йилнинг 3 октябрида Озарбайжоннинг Нахичеван шаҳрида ташкил этилган. Мазкур ташкилотга тўрт давлат – Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон ва Туркия аъзо бўлиб кирган.
2015 йил ҳолатига кўра, Қозоғистон иқтисодиётининг импорт-экспортида Туркия тўққизинчи ўринда туради. Қозоғистон ташқи иқтисодий алоқаларида Туркиянинг улуши 2.58 фоизни ташкил этади.