...
МЕНЮ
ONLINE TV

Нобелни ўйлаб топган одам рўза тутиши керак!


14:22, 14.06.2017 Жамият
 7 474

Рўза тутиб туришнинг саломатликка ижобий таъсирини исботлаган олим Нобелга лойиқ кўрилди.

“Сумалакни кашф этган одамга Нобель бериш керак”, деган гапга машҳур ҳажв устаси Ҳожибой Тожибоевнинг “Нобелни кашф этганга сумалак бериш керак”, дея айтган кулги аралаш гапи қадим тарихга эга бўлган борлиғимизни қандайдир мукофотларга тенглашга нисбатан кинояси эди.
 
Яқинда рўза тутиб туришнинг инсон саломатлигига ижобий таъсирини исботлаб, жаҳоннинг манаман деган мукофотига лойиқ кўрилган олим ҳақида ўқиб қолдим. Моҳи Рамазон кунларида сизга шуни илиндим.
 
Ўтган йилнинг 3 октябрь куни тиббиёт ва физиология соҳасида Токио технология университетининг биология ҳужайралари бўйича мутахассиси Ёсинори Осуми Нобель мукофотининг лауреати дея эълон қилинди. У “аутофагиялар механизмини кашф қилгани учун” ушбу мукофот соҳибига айланган.


 
“Осумининг ихтироси бизларга янги намунани, яъни ҳужайра ўзининг жамланмасини қайта ишлашини тушунишимизга ёрдам берди. Унинг бу кашфиёти танамиздаги физиологик жараёнларнинг қандай кечиши, инсоннинг очликка мослашиши ва юқумли касалликларга қандай жавоб қайтариши ҳақидаги тушунчаларимизнинг асосий билимларини бера олди”, дея хабар беради Нобель мукофоти қўмитаси матбуот хизмати.
 
Аутофагия – бу ҳужайраларнинг керакмас қисмларини утилизация қилиш ва қайта ишлаш жараёнидир. Атаманинг ўзи иккита грекча сўздан шаклланган бўлиб, “ўзини ўзи емоқ” маъносини англатади.
 
Она табиат ҳаммасини ҳисобга олган ҳолда, ҳужайраларга шундай хусусият бўлиб берганки, бу хусусият билан ҳужайралар ўзларига зарарли ва кераксиз деб билган нарсаларни йўқ қилишга қодир. Улар худди биз каби ҳаракатланади. Фақат автоматик равишда. Чиқиндиларни махсус қоплар (аутофагосома)га жойлаштириб, контейнер (лизосома)ларга қўшиб юборади, “ифлослантирувчи” чиқиндиларни емириб, чиқариб ташлайди. Улардан янги қурилмалар чиқарилади ва ҳужайраларни янгилаш учун ишлатилади. Қайта ишланган, яъни “иккинчи хомашё”га оид моддалар ҳужайралар озуқаси бўлиб хизмат қилишга юборилади.
 
Аутофагия жараёни орқали ҳужайраларга тушган инфекция ва пайдо бўлган токсинлар тозаланади. Аутофагия жараёни организм стресс ҳолатига тушган вақтда, масалан, организмнинг очлик ҳолатида жадаллик билан ишлашни бошлайди. Бу жараёнда ҳужайралар ўзининг ички ресурслари (тўпланган чиқиндилар) ҳисобига ўзидан, жумладан, касаллик қўзғатувчи бактериялардан қувват ишлаб чиқаради.
 
Осумининг ҳамкасблари аутофагия киши танасини эрта қаришдан ҳимоя қилади, деб ишонтиришмоқда. Эҳтимол, ҳаттоки, ёш ҳужайралар эвазига танани ёшартириш мумкин. Бу нарса танадан эски ҳужайраларнинг ва шикастланган оқсилларнинг чиқитга чиқиши билан боғлиқ.
 
Ҳаттоки, аутофагия организмни эрта қаришдан ҳам сақлайди. Янги ҳужайралар пайдо бўлиши ҳисобига ҳатто ёшартирар экан. Ёшликни сақлаб қолиш механизмини кашф қилган ихтирочининг ўзи ҳам ёш кўринади. Аутофагия жараёнининг бузилиши эса паркинсон, диабет, саратон касалликларига олиб келади.
 
Хулоса қилиб айтганда, совриндорнинг кашфиёти – “Оч қолиш, баъзан рўза тутиб туриш ҳам фойдали бўлиб, бу жараёнда организм ҳақиқатдан ҳам тозаланади”, деган назарияси Нобель мукофоти қўмитаси томонидан маъқулланди.
 
Минг афсуски, 72 ёшли япон олими Ёсинори Осуми минг йиллар аввал ислом дунёсига маълум хақиқатни яна бир бор такрорлабди, холос.
Мусулмонбек Иброҳимов

Теглар:Нобель Ёсинори Осуми Аутофагия рўза 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!

Тавсия

Сўровлар

Сиз қайси яхна ичимликларни ичасиз?

Барча сўровлар