Давлатимиз раҳбари Америкадан қуриқ қўл билан қайтмадилар. Америкага сафар баракали бўлди. Президент ўзи билан яп-янги Boeing-Dreamliner самолётларини олиб келди.
Халқаро Пресс-клуб раиси
ХАЛҚИНИ ҲУРМАТ ҚИЛГАННИ ДУНЁ ҲУРМАТ ҚИЛАДИ
Оқ уй – Халқ хокимияти маркази
Вашингтон. Пенсильвания- авеню, 1600. Салобатли Оқ уй.
218 йиллик тарихида қанчадан қанча нуфузли шахслар, давлат раҳбарлари, буюк сиёсатчилар бу қароргоҳда қабул қилинди. Ушбу бино буюк тарихнинг қанчадан қанча оламшумул, жаҳон аҳамиятига эга воқеалар ва унинг сокинлиги остида қабул қилинган қарорларнинг гувоҳи бўлган.
Бу қароргоҳ Америка Президентларининг ҳам уйи, ҳам иш жойи хисобланади. Ҳаётида буюк ўзгаришларни кашф қиламан деб олис юртдан келиб, бу заминда макон топган одамлар учун Оқ уйнинг маъно ва аҳамияти бебаҳо.
Дастлаб Америка асос топгандан кейин унинг буюк оталари Жон Адамс, Жефферсон, Линколн, Франклин бу ерда халқ ҳокимиятини барпо этиш ва жорий этишда қанчадан қанча тунларни бедор ўтказганлар. Халқ демократиясининг маркази. Балки шу сабаб, Оқ уйни олдига келганингизда бу халқчил муҳитни ҳис этарсиз.
Маҳобатли бино ва кўркам ҳудудни унча катта бўлмаган панжаралар ўраб туради. Истаган одам келиб суратга тушиши мумкин. Хеч ким халақит бермайди.
Бугунги кун сиёсатчиларини ва Америка-Ўзбекистон ўртасидаги муносабатларни кузатиб борувчи экспертларни бу савол жуда ҳам қизиқтирмоқда: Нимага олис Ўзбекистоннинг Президентига Американинг 45-Президенти Дональд Трамп жудаям юксак хурмат кўрсатди?
Бу савол халқимизни ҳам қизиқтираётгани табиий. Ижтимоий тармоқларда ҳам бу мавзу қайноқ муҳокама қилинди. Хорижлик журналистлар-ку бу сингари саволларни ёғдириб, одамни қийнаб юборди. Уларнинг айтишича, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги давлатларининг 27 йиллик тарихида, унга аьзо мамлакатларнинг бирорта раҳбари бундай мавқеда, расмий ташриф мақомида, бундай эътибор билан Америкада кутиб олинмаган экан. Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев эса қисқа муддатда бу эътиборни қўлга киритди. Дональд Трапмнинг гапларидан аён бўлдики, у Ўзбекистон тўғрисида юзаки маълумотларга ва билимга эга эмас. У ҳам Ўзбекистондаги ўзгаришларни диққат билан кузатмоқда. Дональд Трампнинг Шавкат Мирзиёевни ҳурмат қилиши боиси Ўзбекистон Президенти ўз халқини ҳурмат қилиши, фуқаролари учун жон куйдиришидир. Трампнинг таъзим қилиши боиси Мирзиёев халқига таъзим қилмоқда. Халқ билан мулоқот, давлат идораларини халқ хизмати учун ишлатиш Америкада ҳам муҳим ҳисобланади. Чунки, Америка демократия қадриятларини 242 йилдан бери бош қадрият сифатида тан олади. Қарийб 2,5 асрдан бери халққа яқин бўлиш, халқ муаммоларини ҳал қилиш Америка давлатининг сиёсий тузумига айланиб бўлган. Ўзбекистондаги сўнгги 20 ойда давлат тизимининг халқ томон юзланиши, халқнинг муаммоларини ҳал қилиши ўзбек демократиясининг шаклланишида айнан Мирзиёев меҳнатининг эътирофидир.
15 май куни воқеаларига қайтсак, расмий ташрифнинг ўз қонунияти ва протоколи мавжуд. Давлатимиз раҳбари ўзи учун ажратилган, Оқ уйдан икки қадам наридаги “Blair house” қараргоҳидан машиналар кортежи Оқ уйга тантанавор руҳда кириб келди. Президентнинг фаолиятини жонли эфирда кўришга одатланиб бораётган Ўзбекистон фуқаролари қалбида бу тасвирлар фахр уйғотди. Ҳар бир ўзбекда Ватани учун, Президенти учун чексиз ғурур уйғонди.
Оқ уйдан бўлган трансляцияни бутун Америка кўрди, нафақат улар, бутун олам кўрди. CNN, Fox News, хуллас бошқа ўнлаб телекомпаниялар камералари тўғридан тўғри ойнаи жаҳонда кўрсатди. Оқ уйда, эшиги остида Америка Президенти ўзи кутиб турарди азиз меҳмонни.
Машинадан тушиши билан Президентни самимий қутлаб, у ҳудди ўзбекона лутф билан уй ичига меҳмонни таклиф қилди.
Суҳбат бошида Президент Трамп:
– Сизга катта раҳмат. Ўзбекистон Президентининг ташрифи биз учун жуда катта шарафдир. Жаноб Президент ўз юртида ва бутун дунёда ҳурматга сазовор кишидир. Биз кўп масалаларда, жумладан, савдо-сотиқ бўйича жуда яқин алоқадамиз. Улар бизга инвестиция келтирган, биз ҳам уларга инвестиция киритамиз. Жаноб Президент, сиз жуда хурматли инсонсиз. Раҳмат!
Суҳбатнинг биринчи қисмидан маълумки, Ўзбекистон ҳам АҚШ иқтисодиётига анчагина инвестиция киритмоқда. Ўзбекистон учун харбий қурол-аслаҳа, самолётлар ва бошқа махсулотлар ишлаб чиқариш Америкада ўнг мингдан зиёд ишчи жойларнинг сақламоқда. Ўз ўрнида энди Америка ҳам Ўзбекистонга сармоялар ҳажмини кенгайтириш тарафдори. Суҳбат тугагач, протокол талабларидан чиқиб Трамп Ўзбекистон Президентини машинасигача кузатиб қўйди. Оқ уй эшиги олдида Президентлар яна бир муддат дилдан ва самимий суҳбатлашдилар. Кўриниб турардики, улар бир бирини яхши тушунишган. Кайфиятлари ҳам аъло эди. Америка Президенти Ўзбекистон раҳбарини машина кетгандан кейин ҳам кузатиб туришда давом этди. Юзида қониқиш ва умид ҳиссиётлари...
Давлатимиз раҳбари Америкадан қуриқ қўл билан қайтмадилар. Америкага сафар баракали бўлди. Президент ўзи билан яп-янги Boeing-Dreamliner самолётларини олиб келди. Dreamliner – бу орзулар лайнери дегани. Ўзбекларнинг орзуси доимо ушалсин, халқимиз ҳаёти йўлини янада яхшилашга қаратилган ўзгаришлар бардавом бўлсин. Зотан, Америка мўжизасининг калити – бу Америка орзуси, яъни ўз кучи ва ғоясига ишонган одамнинг ғалаба қозониш ҳиссидир.