Президенти Ислом Каримов 2016 йилги “Наврўз умумхалқ байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги Қарорни имзолади.
Азал-азалдан халқимизнинг эзгу ва гўзал қадриятларини, унинг олижаноб орзу-интилишларини ўзида мужассам этиб, қадим аждодларимиздан бизга ўлмас мерос сифатида безавол ўтиб келаётган Наврўзи олам мустақиллик йилларида мамлакатимизда яшаётган, миллати, тили ва динидан қатъий назар, барча ватандошларимиз орзиқиб кутадиган, том маънодаги умумхалқ байрамига айланиб қолди.
Шарқона янги йилнинг бошланиши, табиат уйғонишининг рамзи, асл миллий, энг ардоқли байрам бўлмиш Наврўзнинг одамзотнинг табиат билан уйғун ва ҳамоҳанг бўлиб яшашида, жамиятимизда меҳр-оқибат ва ҳамжиҳатлик, инсонийлик, бағрикенглик ва бунёдкорлик, хайр-саховат муҳитини янада мустаҳкамлаш, ёш авлодимизни миллий анъаналаримизга садоқат ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида камол топтиришдаги ўрни ва таъсири тобора ортиб бораётганини инобатга олиб ҳамда бу қутлуғ айёмни юксак савияда нишонлаш мақсадида:
1. 2016 йилги Наврўз умумхалқ байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича ташкилий қўмита таркиби иловага мувофиқ тасдиқлансин.
Ташкилий қўмита Наврўз байрамини пойтахтимиз Тошкент шаҳрида, Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар марказларида, барча шаҳар, туман ва қишлоқларда умумхалқ сайиллари шаклида юқори даражада ўтказишга қаратилган ташкилий-амалий, маданий-маънавий тадбирлар режасини ўн кун муддатда ишлаб чиқсин ва амалга оширсин.
2. Тадбирлар режасини тайёрлашда қуйидаги масалаларга алоҳида эътибор қаратилсин:
Наврўз кунларида инсон ўзини табиат билан узвий боғланганини, унинг ажралмас бир қисми сифатида ҳис этишини ифода этадиган, атроф-муҳитни, она заминни ардоқлаб, унинг неъматларини, бугунги тинч ҳаётни қадрлаб, шукроналик туйғуси билан яшашга даъват қиладиган маънавий-маърифий тадбирларни уюштириш;
барча шаҳар ва қишлоқларимизда бўлиб ўтадиган тадбирларда, оммавий ахборот воситаларида Наврўз байрамининг тарихи, уни нишонлаш билан боғлиқ урф-одат, анъана ва қадриятларимизнинг моҳияти ва аҳамиятини кенг ёритиш;
Наврўзнинг руҳи ва фалсафасида ўз аксини топган меҳр-мурувват, аҳиллик ва тотувлик, ёши улуғ инсонлар, табаррук отахон ва онахонларни ҳар томонлама эъзозлаш, кўмакка муҳтож кишиларга беғараз ёрдам бериш билан боғлиқ хайрия тадбирларини амалга ошириш;
янги деҳқончилик мавсумининг бошланиши, яшариш ва янгиланиш, қут-барака, ободлик ва фаровонлик рамзи бўлмиш Наврўз фаслида маҳаллаларда, шаҳар ва қишлоқларимизда ҳашарлар, кенг кўламдаги ободончилик ва кўкаламзорлаштириш ишларини ташкил этиш;
Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар марказлари ва Тошкент шаҳрида бўлиб ўтадиган байрам дастурларига фольклор гуруҳлари, бадиий ҳаваскорлик жамоалари, оилавий ансамбллар, бахшилар, шунингдек, профессионал ва истеъдодли эстрада ижрочиларини танлов асосида жалб этиш;
байрам дастурларини тайёрлашда фольклор санъатининг энг яхши намуналарини, эл-юртимизнинг дилидан чуқур жой олган қадимий урф-одатлар, эзгу инсоний туйғуларни тараннум этадиган мумтоз куй ва қўшиқлар, ўлан ва лапарларга кенг ўрин бериш.
3. Белгилаб қўйилсинки, ўтказиладиган байрам тадбирлари:
Қорақалпоғистон Республикаси бюджети ва вилоятларда маҳаллий бюджетлар ҳамда жойлардаги ҳомийлик хайрия маблағлари ҳисобидан;
Тошкент шаҳрида республика бюджети ва Тошкент шаҳар маҳаллий бюджети маблағлари ҳисобидан тенг улушларда қопланади.
4. Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги, Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси, “Жаҳон” ахборот агентлиги ва бошқа оммавий ахборот воситаларига Наврўз умумхалқ байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича амалга оширилаётган ишларни атрофлича ёритиб бориш тавсия этилсин.
5. Мазкур қарорнинг ижросини таъминлаш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири Ш.Мирзиёев зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси
Президенти И.Каримов