...
МЕНЮ
ONLINE TV

Навбаҳор Имомова: “Ташқарида юрган миллионлаб ўзбекистонликлар сотқин эмас, ватангадо эмас”


11:29, 07.01.2018 Олам
 17 719

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 22 декабрь куни Олий Мажлис Сенати ва Қонунчилик палатаси аъзоларига Мурожаатномаси Ўзбекистон тарихида алоҳида аҳамиятга молик воқеа бўлди.

Сўнгги бир йил ичида Ўзбекистонда кузатилаётган ўзгаришлар, соҳалардаги ривожланиш, Президентнинг танқидий чиқишлари, ОАВнинг очиқлик ва ошкоралик борасидаги дадил қадамлари хорижлик мутахассислар эътиборини тортмоқда. Сиёсатчилар, экспертлар, журналист нигоҳи бугун Ўзбекистонга қаратилган, десак муболаға бўлмайди.
 
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 22 декабрь куни Олий Мажлис Сенати ва Қонунчилик палатаси аъзоларига Мурожаатномаси Ўзбекистон тарихида алоҳида аҳамиятга молик воқеа бўлди.
 
Айни дамда хориждаги ўзбекистонлик журналистларнинг мамлакатнинг бугуни ва эртасига нисбатан муносабати қандай? Аввалроқ, “Америка овози” телерадиоси журналисти Малик Мансур ўз фикр-мулоҳазаларини билдирган эди. “Америка овози”нинг яна бир журналисти, ўзбекистонлик Навбаҳор Имомова Ўзбекистон ҳаётидаги охирги ўзгаришлар ҳақида қуйидагича фикрда.
 
Навбаҳор Имомова, “Америка овози” телерадиоси журналисти:
 
— Ўзбекистонда ҳозир ўзига хос очилиш даври. Секин-аста, майда қадамлар билан бўлса-да, жамият ва ҳукумат олдинга интилаётгандек. Буни журналистика соҳасида ҳам сезиш мумкин.
 
Яқинда Фарғона водийсида ўтган медиалагерда “Америка овози”, “Озодлик” ва “Би-Би-Си” каби хорижий ахборот воситаларининг ўзбекистонлик журналистлари Ватандаги ҳамкасбларига видеомурожаат қилди. Бу биз учун шу пайтгача кузатилмаган ноёб имконият бўлди.
 
Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги (ЎзА) бизнинг дастурларимизга эътибор бериб, шарҳларимизга қизиқиши ҳам ўзига хос прогресс. Журналистлар орасидаги бундай ҳамкорлик Ўзбекистон матбуоти ва оммавий ахборот воситалари ривожи учун ниҳоятда муҳим. Шу пайтгача “Америка овози”, “Би-Би-Си” ёки “Озодлик” каби ташқи ахборот воситалари хориждаги душманона овоз сифатида кўрилар эди. У ерда ишлаётган журналистларга ғаним сифатида қарашар эди. Бугун муносабат ўзгармоқда, хусусан, юқори поғоналарда.
 
Ташқарида юрган миллионлаб ўзбекистонликлар сотқин эмас, ватангадо эмас. Улар чет элда ўз нонини топиб юрибди. Уларнинг Ўзбекистонга ижтимоий ва иқтисодий таъсири беқиёс. Буни давлат тушуна бошлади. Аммо айрим доираларда биз берган материалларга нисбатан норозилик кайфияти ҳамон мавжуд. Бундай ёндашув​ билан ўзгариш қилиб бўлмайди. Очиғи, ўзини зиёлиман, деб билганлар “суви чиқиб кетган” дашномлар билан бизни ланъатлаганида​ биз бир куламиз, бир ачинамиз. Чунки Ўзбекистонда янги давр бошланган бўлса, одамлар бир-бирини тинглай олиши, фикрлар хилма-хиллигини тан олиб, мунозара майдони кенгайиши керак.
 
“Сен душмансан, сен ватангадосан, юртга керак эмассан”, дея дағдаға қилиш ўзини зиёли, маданиятли жамият вакили, деб ҳисоблаган инсонга ҳеч қачон ярашмайди. Ҳамма ўзининг ижтимоий бурч ва ўрнини тушуниб eтиши керак. Менинг бизни қораловчи томонларга гапим: Президентни қувватламоқчи ва мамлакат тўғри йўлдан боришини хоҳласангиз ўзингизнинг дардингизни айтишни ўрганинг. Ўз манфаатингиз ва атрофдагилар манфаати учун курашинг.
 
Президент Шавкат Мирзиёев 2017 йилни юқори нотада тугатди. Унинг дангал гаплари, туб муаммоларни очиқ тан олиб, ҳар бир фуқарони ечим томон ҳаракат қилишга ундаётгани нафақат Ўзбекистон аҳлига, балки халқаро ҳамжамиятга ҳам умид ва ғайрат бағишламоқда. Ватан учун хизмат қилмоқчиман ёки Ўзбекистон билан ҳамкорлик қилмоқчиман, деганлар кўпайиб бормоқда. Улар кўпаяверсин десангиз, дунёқарашни кенгайтириш керак. Бу дегани, ҳозир халқ учун ҳам, ҳукумат учун ҳам синов даври.
 
Ўзбекларни дунёнинг ҳамма жойидан топиш мумкин. Ўзбекистон ҳукуматининг чет элда юрган миллионлаб фуқароларига нисбатан муносабати ижобийлаша бошлади. Ватандошларнинг қай бири билан суҳбатлашманг, шундай саволларни эшитасиз: Борсаммикан Ўзбекистонга? Нима қила оламан Ватан учун? Ватан биздан нима кутаяпти? Шароит қандай?
 
Олий маълумотли, салоҳиятли, тажрибали ўзбек кадрлари сероб. Агар юртга шу кадрлар зарур бўлса, уларни систематик тарзда жалб этиш учун улар билан тўғридан-тўғри ишлайдиган бирор агентлик керак. Шундай бир орган бўлсинки, ватандошлар унга таяна олсин; бирор бир соҳада ишлашни хоҳласа, шу идора орқали тегишли томонлар билан боғлана олсин. Ва, ўз навбатида, хорижда юрганлар ҳам ўйлаб кўриши керак: Биз ўзи нимага қодирмиз? Қўлимиздан нима келади? Масалан, Америкада мувaфаққият қозонган одам Ўзбекистонда ҳам ишни албатта эплайди, дейиш қийин. Буюк ишлар қилишни ният қилиб юрган ватандошлар бор. Ватандошларга боғланган буюк орзулар бор. Уларни амалга ошириш учун чет элдагиларда ҳам, улар билан ишламоқчи бўлган даргоҳларда​ ҳам кучли ирода ва коммуникация салоҳияти бўлиши керак.
 
Ташқи дунё ҳам Ўзбекистон халқи сингари вазиятни қизиқиш билан кузатади. Негаки, мамлакатда ўтган чорак аср давомида йўл қўйилган хатолар, самара бермаган ишлар борлиги очиқ ойдин айтилмоқда. Тўғри қарорлар қабул қилиш ҳукумат зиммасида, унинг амалиётини ҳаётга татбиқ этиш эса одамлар зиммасида. Бу жараёнда журналистлар ўта муҳим вазифани бажаради. Президент Шавкат Мирзиёевнинг “ватанпарвар журналистлар керак”, деган гапи бу ҳукуматни мақтайдиган журналистлар керак, дегани эмас, биз буни шундай тушундик. Журналист ва журналистика халқнинг виждони бўладиган бўлса, Ўзбекистон халқи​ профессионал журналистларни етиштиришдан манфаатдор. Агар мамлакатда журналистика бўйича университет очиладиган бўлса, унга биринчи навбатда тажрибали журналистлар, дунё бўйлаб фаолият юритаётган мутахассислар жалб этилиши керак. Улардан қўрқмаслик керак. Мана сизга майдон, қўлингиздан келадиган ишни мана энди кўрсатинг, дея мурожаат қилиш керак. Тўғри, бу қийин жараён бўлади. Лекин бундай қадамлар юртни фақат олдинга eтаклайди.
 
Журналистлар халқнинг дардини ёритиб, унинг ишончини қозонишни ўрганиши, яъни ахборот воситалари ҳукумат билан халқ ўртасида кўприк бўлиши лозим.  Президентни диққат билан эшитсангиз, Шавкат Миромонович айнан шунга ундаяпти. Олдиндаги мураккаб синовлардан ўтиш учун ҳаммага матонат керак.

Теглар:Навбаҳор Имомова Америка Овози 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!