...
МЕНЮ
ONLINE TV

Навбат Telegram’га! Ўзбекистондаги йирик Telegram канали админлари жиноятда айбланмоқда


09:54, 30.05.2018 Жамият
 11 772

Бу ҳақда “Qalampir.uz” интернет нашрига ишончли манбалар хабар берди.

Telegram ижтимоий тармоғидаги “Namanganliklar”, “Namangan-Cars” канали админлари фуқародан товламачилик йўли билан пул олаётган вақтда ашёвий далиллар билан қўлга олинди. Бу ҳақда “Qalampir.uz” интернет нашрига ишончли манбалар хабар берди.
 
Маълумотга кўра, 28 май, душанба куни Наманган шаҳар, Меҳнатобод МФЙ, 2-ўтиш Шабада кўчаси, 3-уйда яшовчи, Наманган шаҳридаги “Анҳор ифори” МЧЖ (Сохил ошхонаси) раҳбари, 1984 йилда туғилган Қаюмов Нодирбек Баходирович вилоят ИИБ бошлиғи номига ариза билан мурожаат қилади.
 
Мурожаатномада айтилишича, 27 май куни “Сохил” ошхонасида 5 нафар аёл мижоз овқатдан таракан чиққанини тасвирга олишгани ва бу видеони интернет орқали тарқатиш мақсадида Telegram’даги “Namanganliklar” каналига юборишларини айтган. Нодирбек Қаюмов эса бу ҳолат юзасидан мижозлардан узр сўраб, 250000 минг сўмлик ҳисобни тўламасдан кетишлари мумкинлигини айтган, аммо, улар видеони тарқатмасликни канал админи билан келишиб олиш кераклигини таъкидлаб ошхонани тарк этишган.
 
Орадан 15 дақиқа ўтиб, шу ошхонага ўзини “Наманганликлар” канали админи сифатида таништирган Жобир исмли йигит кириб келади ва ошхона раҳбарига каналида 100000 дан ортиқ обуначи борлиги, агар видео каналга жойланса, бу ошхонага мижозлар келмай қўйишини айтган.
 
Нодирбек Қаюмов Жобирдан видеони тарқатмасликни сўраган, аммо, Жобир олдин канал бошлиғидан сўраб, унга хабар беришини айтган. Воқеадан бир кун ўтиб, 28 май куни, соат 15:00 да Нодир Қаюмов канал админи Жобир Баҳодиров билан кўришганида Жобир унга видеони тарқатмаслик учун 600 АҚШ доллари бериши кераклиги ва пулларни бошлиғи айтган рақам эгасига олиб бориб бериш кераклигини айтган.
 
Шундан сўнг “Сохил” ошхонаси раҳбари Жобирнинг ҳаракатлари қонуний эканлигини текшириб бериш учун ИИБга мурожаат қилган.
 
Аризага асосан 28 май куни Наманган вилоят ИИБ ЖҚБ Коррупция ва иқтисодий жиноятларга қарши курашиш бўлими ходимлари томонидан ўтказилган тадбир натижасида, Наманган шаҳар, 5-Ашхобод кўчаси, 8-уйда яшовчи, 1995 йилда туғилган Турсунбоев Обидхон Олим ўғли шаҳардаги Гўзал болалар шифохонаси ҳудудида аризачи Нодир Қаюмовдан 600 АҚШ долларини олаётган вақтда ашёвий далиллар билан ушланган.
 
Турсунбоев Обидхоннинг розилигида ўтказилган тадбир давомида Наманган шаҳар, Нурафшон кўчаси 1-берк, 3-уйда яшовчи компьютерхона ишчиси, Telegram’даги “Наманганликлар” канали админи, 1992 йилда туғилган, Абдураҳмонов Музаффармирзо Малик ўғли шаҳардаги “Чорсу” меҳмонхонаси рўпарасида жойлашган компьютерхонасида Обидхон Турсунбоев орқали 600 АҚШ долларини товламачилик йўли билан олган вақтида ушланган. Ашёвий далил тариқасида пуллар олинган.
 
Музаффармирзо Абдураҳмоновнинг кўрсатмасига асосан Наманган шаҳар, Ҳақиқат МФЙ, Темир кўчаси, 20-б уйда яшовчи Telegram’да “Namangan-Cars” канали админи Баҳодиров Жобир Зокиржоновичдан айбига иқрорлик тўғрисидаги тегишли кўрсатмалар олинди.
 
Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан терговолди суриштирув ишлари олиб борилмоқда.
 
“Namanganliklar” канали бугун (28 май) дан эътиборан ноқонуний фаолият олиб боргани сабаб ўз фаолиятини тугатди. Худди шунингдек, “Namangan-Cars” канали ҳам ноқонуний фаолияти сабаб тўхтатилди”, дея каналга пост жойлаштирилган. 

Теглар:Telegram жиноят Наманган товламачилик 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!

Тавсия

Сўровлар

qalampir.uz сайтини баҳоланг!

Барча сўровлар