Ўзбекистон Респуликаси Президентлигига номзод Наримон Умаров Тошкент шаҳридаги сайловчиларни сайловолди дастури билан таништирди.
Учрашувни Республика гематология ва қон қуйиш илмий-тадқиқот институти директори А.Саидов очди. Номзоднинг ишончли вакили Н.Муҳамедов йиғилганларни Наримон Умаровнинг таржимаи ҳоли билан таништирди.
Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Наримон Умаров ўз сайловолди дастури юзасидан нутқ сўзлади.
Дастурда халқимиз учун муносиб ҳаёт шароити яратишга қаратилган янги вазифаларни, марраларни белгилаш ва уларга эришиш борасидаги саъй-ҳаракатларни сифат жиҳатидан юқори босқичга кўтариш асосий мақсад қилиб белгиланган. Давлат ва жамият бошқарувида аҳолининг иштирокини таъминлаш, сиёсий ислоҳотларнинг янада чуқурлаштирилиши, жамиятда демократик қадриятларнинг мустаҳкамланиши ва ривожланиши, адолат, инсон ҳуқуқ ва эркинликлари устуворлиги таъминланиши сайловолди дастурнинг асосий вазифаларидан биридир.
Пойтахтимиз бугунги кунда нафақат мамлакатимиз, балки бутун минтақамизнинг юксак тараққий этган ижтимоий-сиёсий, иқтисодий-молиявий ва маънавий-маърифий маркази бўлиб, айниқса, истиқлол йилларида Тошкент шаҳри қудратли саноат ва транспорт-коммуникация тармоқлари, замонавий ижтимоий инфратузилмаларни ўзида мужассам этган йирик мегаполисга айланди.
Номзод Тошкент шаҳрига хос айрим ижтимоий масалаларга сайловчилар эътиборини қаратиб, уларнинг ечими юзасидан ўз таклифларини билдирди. Аҳолининг талаб ва эҳтиёжларидан келиб чиқиб, уй-жой сотиб олиш ва қуриш учун ажратилаётган ипотека кредитлаш жараёнини такомиллаштириш ва фоизларини оптималлаштириш, уй-жой-коммунал комплекси ишини янада яхшилаш, аҳоли учун белгиланаётган коммунал тўловлар миқдорини доимий назоратда тутиш, бу соҳаларда хизмат кўрсатадиган муқобил ташкилотлар ўртасидаги рақобатни оширишга қаратилган саъй-ҳаракатларни амалга ошириш сингари ғояларни илгари сурди. Пойтахтимизда бунёд этилаётган замонавий уй-жойларнинг лойиҳасини ишлаб чиқишда уларга инновацион, энергиятежамкор технологияларни жорий этиш ҳамда муқобил энергия манбаларидан кенг фойдаланишга эътибор қаратиш лозимлигини таъкидлади.
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати У.Саматов, халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгаши депутати О.Абдуллаева, Тошкент молия институтининг суғурта факультети декани У.Ражабов, Бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси Чилонзор тумани бўлими бошлиғи Г.Муродова, Тошкент врачлар малакасини ошириш институти офтальмология кафедраси ассистенти Л.Мақсудова ва бошқалар номзоднинг сайловолди дастури ҳақида фикр билдирди. Сайловчиларни Ватанимиз тараққиёти ва халқимиз фаровонлигини юксалтиришда муҳим аҳамият касб этадиган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида фаол иштирок этишга чақирди.