...
МЕНЮ
ONLINE TV

Наманганликларнинг мақсади жиддий: улар Месси ва Роналдуларни кашф этмоқчи


16:41, 31.07.2017 Спорт
 4 520

Ёшлар футбол академиясига “Исузи” русумидаги автобус совға қилинди.

Ҳозирги замонда футболда ёшларга эътибор бериш муҳим омиллардан бири саналади. Яъни болалар ва ёшлар футболига зарур шарт-шароитларни яратиб бериш орқали миллий спортимиз келажагини белгилаш мумкин.


 
Жумладан, “Навбаҳор” футбол клубининг янги президенти Шавкат Абдураззоқов дастлабки ишини ёшларга эътибор қаратишдан бошлади. Айнан шу мақсадда Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Наманган шаҳар кенгаши негизида “Навбаҳор” ёшлар футбол академиясига асос солинди.
 
Ёшлар жамоасини машғулотлар ўтказиши учун биринчи навбатда Наманган туман маркази Тошбулоқдаги “Марказий” ўйингоҳ футболчилар ихтиёрига берилди.
 
Кеча, 30 июль куни тумандаги “Марказий” ўйингоҳда “Навбаҳор” ёшлар футбол академиясининг тақдимот маросими ўтказилди.
 
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Сенати аъзоси, Наманган вилоят ҳокими, вилоят футбол федерацияси президенти Х.Бозоров, Наманган шаҳар ҳокими, “Навбаҳор” футбол клуби президенти Ш.Абдураззоқов, Наманган тумани ҳокими Ш.Давроновлар расмий меҳмон сифатида иштирок этдилар.
 
Тадбир аввалида вилоят футбол федерацияси президенти Хайрулла Бозоров сўзга чиқди: - “Сўнгги пайтларда ёшларга давлат томонидан катта эътибор қаратилмоқда. Футболни ёшларсиз тасаввур қилиб бўлмайди. Бу кунни “Навбаҳор” ёшлар футбол академиясининг ташкил этилган сана деб тарихга муҳрлаб қўямиз.
 
Сўнгги пайтларда ўз даврида Ўзбекистон чемпионлигини қўлга киритган “Навбаҳор” жамоасининг натижалари кўзга кўринмай қолди. Бу борадаги энг катта камчилик ёшларга етарли даражада эътибор берилмаётгани, деб ўйлайман. Агарда олдинроқ ёшларга эътиборни кучайтирилганида “Навбаҳор” бугунги кунда заифлашиб қолмаган бўларди.
 
Ёшларга эътиборни кучайтириш орқали олдимизга қўйилган вазифани уддалаш мумкин. Ҳар ҳолда икки миллиондан ортиқ Наманган аҳоли орасидан иқтидорларни топиш мушкул эмас.
 
Биздан ҳам ўзбек Мессиси ва Роналдуси етишиб чиқиши мумкин. Фақат иқтидорларни мураббийлар ва шу ишга маъсул бўлган мутасаддилар кашф эта олишса бўлгани. Академияни тузиш орқали кўплаб иқтидор эгаларини тарбиялаш лозим”, - дея сўзларини якунлади Хайрулла Бозоров.
 
Янги ташкил этилган ёшлар футбол академиясига Ўзбекистонда ишлаб чиқарилаётган “Исузи” русумидаги автобус совға қилинди.
 
Маълумот ўрнида, “Навбаҳор” клуби Олий лиганинг 15  туридан 19 очко жамлаган ҳолда 12–ўринни эгаллаб турибди.
Акмал Эшонхонов

Теглар:Навбаҳор ёшлар академияси 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!