Афсус ва надоматлар бўлсинки, у ўзининг энг пок ва беғубор орзуларини, келажаги учун қилган режаларини юрагида олиб кетди.
Абдуғаффор эндигина 19 баҳорни қарши олган эди. Эндигина юрагида юрт равнақи учун қайғуриш, ота-онаси учун муносиб фарзанд бўлиш ҳисси, орзу-ҳаваслар уйғонган бир норасида гўдак эди. Афсус ва надоматлар бўлсинки, у ўзининг энг пок ва беғубор орзуларини, келажаги учун қилган режаларини юрагида олиб кетди.
Абдуғаффорнинг кўрган қисқагина умрини муҳокама қилиб, Аллоҳнинг бандалари учун белгилайдиган тақдирига аралашиш фикридан йироқмиз. Бироқ, шундай фожиалардан ҳам шов-шув кўтариб, калтабинларча қилган ҳулосалари билан халқ орасида аюҳаннос солаётган одамсифатлар ҳам орамизда борлиги ҳар қандай кишининг кўнглигини остин-устин қилади.
Кимларнингдир ялоғидан ўзларига ризқ излайдиган айрим маддоҳлар ёшлар ўртасида юз берган фожиани ўзларича баҳолашга урунмоқдалар. Жумладан, уларнинг баъзилари “мусулмон бўлмаган шахслар йигитни ўласи қилиб дўппослашди, у рўза тутганлиги учун мушлашишни хоҳламади”, деб ёзаётган бўлса, бошқаси “йигитнинг ўлимига сабаб бўлганлар ханузгача озодликда қолишмоқда”, дея оламга жар солмоқдалар. Уларнинг бу ишлари Абдуғаффорнинг жуванмарг руҳига тасалли бериш, ўз жигарбандидан жудо бўлган ота-онанинг дардига малҳам бўлиш учун қилинаётган бўлганида қанийди?! Йўқ, асло ундай эмас, уларнинг мақсад муддаоси халқ орасида асоссиз ва уйдирма маълумотлар тарқатиш орқали одамлар тинчини бузиш, давлатимиз обрўсига путур етказиш ва ривожланишига тўсиқ бўлиш ва умуман олганда Ўзбекистонга душманлик қилиш орқали осуда ҳаётни издан чиқаришдан бошқа нарса эмас. Бир сўз билан айтганда, Аллоҳ лаънатлаган шайтон ишининг ўзгинаси.
А.Алижонов ўлимини турли хил омилларга боғлаб талқин қилаётган кимсалар наҳотки ўз “буюритмачилари”га ўзбек миллати болалар тақдирига бефарқ эмас, улар билан боғлиқ кўнгилсиз ҳолатларни турлича талқин қила олмасликларини айта олишмаса! Айтишмайди ҳам, чунки бунинг учун инсонда юрак бўлиши керак.
Бу каби фожиалар дунёнинг қайси юртида юз бермаслиги мумкин, “бизнинг жамиятда бу каби аянчли ҳолатлар содир бўлмайди”, деб ким кафолат бера олади.
Мамлакатимизда бундай фожиалар жуда кам учрайдиган ҳолатлар сирасига киради. Ўлган ҳам, ўлдирганлар ҳам ўзимизнинг фарзандларимиз. Абдуғаффорнинг яқинларига Аллоҳ сабр берсин, дейишдан ўзга чорамиз йўқ. Лекин, қўллари қонга беланган жиноятчиларга қонунда белгиланган жазо муқаррар.
Бизнинг юртимизда Америкада юз бергани каби ёшлар ўртасида оммавий қотилликлар, ўз жигарларининг жонига қасд қилишлар, кўчада ўйнаб-кулиб юрган ўз тенгдошларини панадан ўққа тутишлар учрамайди. Бундай ҳолатлар Ўзбекистонимизда юз бериши ҳам мумкин эмас. Чунки одамлар бир бирларининг тақдирига, ёшларнинг муаммоларига, уларнинг тарбиясига бефарқ қараб турмайди. “У менинг болам эмас”, дея ножўя хатти-ҳаракатлар содир қилаётган ёшларга қўл силтамайди.
Тўрақўрғон тумани ИИБ тергов бўлими бошлиғи Ш.Бозоровнинг маълум қилишича, ҳозирда жиноятчилар ҳибсга олиниб, тергов ишлари олиб борилмоқда.
Бироқ, бировнинг панжара ортига кириши билан муаммо ҳал бўлиб қолмайди. Энди бундан буён юз берган фожиадан тегишли ҳулоса чиқариб, ёшлар тарбиясига янада эътиборли бўлиш талаб этилади. Юқорида айтганимиздек, ўлган ҳам ўлдирганлар ҳам ўз фарзандларимиз. Шундай экан, яхши бўлса мукофотини, ёмон бўлса жазосини ҳам ўзимиз берамиз. Уларни ўзимиз тарбиялаймиз, келажагини барпо қиламиз. Бизнинг ўрнимизга муаммони ҳал қилишга урунадиган, вазиятни ўзича талқин қилиб, одамлар юрагига ғулғула соладиган “меҳрибонлар”нинг бизга кераги йўқ.