...
МЕНЮ
ONLINE TV

ЎФА томонидан четлатилган футболчиларга қайта имкон берилади


11:35, 13.06.2018 Спорт
 2 853

Рамазон ойи якуни ҳамда Ҳайит айёми арафасида Умид Аҳмаджонов айбини тушиниб етган футболчиларга яна бир бор имконият бермоқчи.

Жорий йилнинг 5 январь куни Ўзбекистон футбол ассоциацияси Ижроқўми бюросининг қарори билан беш нафар футболчи футбол билан боғлиқ ҳар қандай фаолиятдан четлаштирилганди.
 
Муборак Рамазон ойи якуни ҳамда Ҳайит айёми арафасида ЎФА биринчи вице-президенти Умид Аҳмаджонов ўз айбини тушиниб етган футболчиларга яна бир бор имконият бериш мақсадида Ижроқўмга ташкилот уставининг 65-модда 1.2-бандига асосан айбдор деб топилганлар масаласини қайтадан кўриб чиқиш таклифини берди. Бу ҳақда Миллий олимпия қўмитаси Матбуот хизмати хабар бермоқда.
 
ЎФА раҳбарияти футболдаги энг ёмон иллатлардан бири — футболчилар ёшини кичиклаштириш масаласига жиддий эътибор қаратади. Айнан шу масала юзасидан айбдорлиги аниқлангач, Нодирбек Тешабоев, Муҳаммаджон Абдуллаев, Нуриддин Ҳасанов, Дилшод Аҳмадалиев, Бурхон Ҳасанов каби футболчилар Ижроқўм қарори асосида футболдан четлаштирилди. Ўтган давр мобайнида улардан аксари ўз айбини тушуниб етди, ҳужжатлар билан боғлиқ масалаларни тўғрилади. Шунингдек, ташкилотга бир неча бор хат билан чиқиб, қилган ишидан пушаймон эканини билдирди.
 
“Тез орада ЎФА Ижроқўми бу масалани ўрганиб чиқади ҳамда узоқ вақт давомида бошқа исм-шариф билан “ном қозонган” йигитларга, ўзларининг ҳақиқий исм-шарифлари билан фаолиятларини давом эттириш имкониятини яратади”, дейилади хабарда.
 
“ЎФА, шунингдек, футбол соҳасидаги барча мураббийларни, мутахассисларни жиддий равишда огоҳлантиради. Бундан буён бу каби ишларга қарши кураш янада жиддий бўлади. Айниқса, ёш болаларни ва уларнинг ота-онасини йўлдан урмоқчи бўлган ёки аллқачон уларнинг хаёлини айнитиб бўлган мураббийлар кечирилмайди. Бундай инсонлар футболга қайта яқинлаштирилмайди. Шунингдек, фарзанди катта эканини билиб туриб, унинг кичик болаларга қарши тўп суришига шунчаки томошабин бўлиб турган ота-оналар ҳам жазодан четда қолмайди. Боласининг ҳужжатини сохталаштираётган ота-оналар қонун олдида жавоб беришларига тўғри келади. Яъни, ЎФА бу масала юзасидан тегишли органлар билан ҳамкорликда ишлайди”, дея қўшимча қилинади хабарда.
 
2019 йилдан бошлаб болалар футбол клублари тарбияланувчиларини яхлит электрон базага босқичма-босқич киритиб бориш бошланади. Яъни, мактаб ёшидаги футболчи ҳақида барча маълумотлар, шу футболчи то миллионлар ўйини билан хайрлашмагунига қадар янгиланиб туради. Бу эса 14—15 ёшли янги футболчининг бирдан “пайдо бўлиб қолиши” ҳолатларини камайтиради. Яъни, назорат мактаб ёшиданоқ бошланади.
 
“Яхлит электрон базадан исталган одам Суперлига, Про-Лига, 2-лига, болалар лигалари футболчиларини топиши мумкин бўлади. Шу ҳолатдан кейин ҳам футболчилар ёшини кичиклаштиришга ҳаракат давом этса, бунинг ортида турган кишиларга шафқат қилинмайди. ЎФА Ижроқўмининг қарори тез орада эълон қилинади”, дея ёзади МОҚ Матбуот хизмати.
 
Эслатиб ўтамиз, кеча Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев илк маротаба муборак Рамазон ҳайити муносабати билан ҳамда Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 93-моддаси 23-бандига асосан билиб-билмай жиноят содир этган, ҳозирги вақтда қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига қатъий ўтган озодликдан маҳрум этиш жазосини ўтаётган 226 нафар фуқарони афв этганди.
Акмалхон Эшонхонов

Теглар:ЎФА Умид Аҳмаджонов 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!