...
МЕНЮ
ONLINE TV

Мурод Алиев: “Вақт ўтяпти, халқ кутяпти, лекин натижа йўқ”


14:05, 28.12.2017 Спорт
 6 111

“Бунёдкор” клуби бош директори Мурод Алиев ЎФФ амалга ошираётган ишлар ҳақида гапирди.

Тошкентнинг “Бунёдкор” клуби бош директори Мурод Алиев Ўзбекистон футбол федерацияси томонидан амалга оширилаётган ўзгартиришлар ҳақида ўз фикрини билдириб ўтди.
 
“Ўзбекистон футбол федерацияси раҳбариятининг асосий мақсади битта – бу ҳам бўлса юртимизда футболни ривожлантириш.
 
Ана шу йўлда федерация раҳбарияти томонидан бир қатор ислоҳотлар ўтказилмоқда. Клублар, мураббийлар, футболчилар олдига жиддий талаблар қўйилмоқда.
 
Бир томондан олиб қараганда, бу талаблар жуда ҳам қатъийдек туюлади. Бошқа томондан эса бу талаблар ўринли.
 
Ўтган 26 йил давомида терма жамоамиз Жаҳон чемпионати ва Олимпиадага чиқа олмади.
 
Вақт ўтяпти, мухлислар кутяпти, халқ кутяпти, лекин натижа йўқ. Вазиятнинг ўзи ўзгаришларни талаб қилмоқда.
 
Масалан, клубларни лицензиялаш бўйича қўйилаётган талаблардан бири бу ҳар бир клубнинг ўз академияси бўлиши. Бу жуда тўғри талаб.
 
Ҳозирги кунда ёш футболчиларимизни маҳоратини оширмасак, уларни тўғри саралаб ололмасак, яхши натижага эришиб бўлмайди.
 
Яна бир масала, Суперлигада 12 та клубнинг иштирок этиши. Бу чемпионатимизнинг савиясини ошириш мақсадида амалга оширилаётган ислоҳот.
 
Миллий чемпионатимизда иштирок этаётган айрим жамоаларда форматнинг ўзгариши нега олдинроқ эълон қилинмади, деган маънода эътироз бўляпти. Шу ўринда савол туғилади.
 
Агар мавсум якуни бўйича Олий лигада 12 та жамоа қолиши аввалроқ эълон қилинганда, “Нефтчи” каби қуйи ўринларда бораётган жамоалар бошқачароқ ўйин намойиш қилган бўлармиди?
 
Ҳар бир жамоа профессионалликка интилиб, ўзи иштирок этаётган чемпионатда фақат юқори ўринлар учун курашиши керакмасми?
 
Ўзбекистон футбол федерацияси томонидан амалга оширилаётган ислоҳотлардан яна бири бу Суперлигада иштирок этадиган жамоа футболчиларидан нормативлар қабул қилиш.
 
Бундай нормативларни қабул қилиш, футболчилар жисмоний ҳолатини назорат қилиш умуман олганда биринчи навбатда ҳар бир жамоанинг ўзи учун муҳим.
 
Охирги ўйинлар футболчиларнинг жисмоний тайёргарлиги паст эканини кўрсатиб бермоқда. Шундан хулоса қилиб айтадиган бўлсак, нормативлар футболимиз ривожи учун керак.
 
Келаси мавсумда бизни янгиланган чемпионат кутмоқда. Мен шу ўринда мухлисларга мурожаат қилмоқчиман.
 
Стадионларга келинглар, футбол биринчи навбатда Сиз мухлислар учун. Тўғри, баъзан Сиз мухлислик қиладиган жамоангиз мағлубиятга учраши, кутилган натижани қайд қила олмаслиги мумкин.
 
Мана шундай пайтларда мухлисларнинг қўллаб-қувватлаши жуда муҳим. Футбол барибир мухлислар билан гўзал”, - дейди “Бунёдкор” клуби бош директори Мурод Алиев.
 
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ “Бунёдкор” клуби бош мураббийи Миржалол Қосимов ҳам ЎФФ амалга ошираётган ишлар ҳақида фикрларини билдириб ўтганди.
Акмалхон Эшонхонов

Теглар:Мурод Алиев Миржалол Қосимов ЎФФ 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!