...
МЕНЮ
ONLINE TV

Мундиалда Ўзбекистон байроғи ёхуд бугун Франция ёки Аргентина уйига қайтади, катта эҳтимол билан Роналду ҳам


10:42, 30.06.2018 Спорт
 4 188

Бугун жаҳон чемпионатининг нимчорак финалидан ўрин олган ўйинларга старт берилади. Ушбу ўйинлар олдидан таасуротлар ҳақида гаплашмоқчимиз.

Шунақа вазият бўлмоқдаки, жаҳон чемпионати 1|8 финал ўйинларидан сўнг мусобақанинг энг асосий фаворитлари саналмиш Франция ва Аргентина термаларидан исталган иккитаси жаҳон чемпионатини ўз уйида томоша қилиши мумкин.
 
Бунга қўшимча равишда, мазкур мундиалда олдинги йилларга нисбатан анча кучли экани эътироф этилаётган Уругвай ҳамда сўнгги йилларнинг номдор термаси Португалиядан бири ҳам ЖЧни бошқалардан аввалроқ якунлаши муқаррарлигини инобатга олсак, Россияда ўтаётган жаҳони чемпионати чорак финалдаёқ анча “ғариблашиб” қолади.
 
2002 ЙИЛГИ “ҚИРҒИН”
 
Ҳозирданоқ шуни бемалол айтиш мумкинки, бу йилги жаҳон чемпионати гуруҳлардаги ўта муросасиз курашлар билан эсда қоладиган бўлди. Қайси маънодаки, ўртаҳолроқ ёки заиф саналган баъзи термалар йирик-йирик грандларни-да аяб ўтирмаяпти. Бошқача айтганда, яшил майдонларда катта “жанглар” кетмоқда. Эсингизда бўлса, 2002 йили Япония ва Кореяда ўтган мундиалда ҳам худди шунга ўхшаш ҳолат кузатилганди. Голландиянинг мундиалга чиқолмагани етмаганидек, Аргентина, Франция ва Португалия (Уругвай ҳам!) гуруҳда қолиб кетганди. Мезбонлардан бири - Жанубий Кореянинг 1|8 ва 1|4 финалдаги ўша машҳур “ҳунар”ларидан сўнг Италия ва Испания ҳам уйига равона бўлгач, ярим финалда Бразилия ва Германия билан бир қаторда кутилмаганда Жанубий Корея ва Туркия термалари қолишганди.
 
ТАНИШ МАНЗАРА
 
Назаримда юқоридагига ўхшаш ҳолат яна такрорланадигандек. Тахминан ярим финалларга бориб, жаҳон чемпионатининг доимий “эгалари” саналган терма жамоалардан атиги бир ёки иккитаси қолади. Тўғри, бу йилги мундиалда Хорватия ва Бельгия термаларининг потенциали бошқа йиллардагига нисбатан анча юқорилиги олдиндан маълум эди. Айниқса, хорватлар бунақа кучли таркибга фақат 1998 йилдагина эга бўлишган. Бунинг исботи тариқасида ўшанда Германия ва Голландиядек грандларни ютиб, Франция-98ни 3-ўринда якунлашганди. Хуллас, бу йилги ярим финалларда ҳам худди ўша 2002 йилгидек 2+2 кўринишидаги терма жамоалар қолиши эҳтимоли юқори.
 
АЙБ ҚУРЪАДАМИ?
 
Германия ва Бразилия терма жамоаларининг мос равишда “Е” ва “F” гуруҳларидан жой олишлари чемпионат бошланишида ҳеч кимнинг эътиборига тушмаган бўлсада, 3-тур олдидан бу факт энг асосий мавзулардан бирига айланди-қолди.
 
Суммар равишда 9 марта жаҳон чемпионатини ютган бу икки терма жамоанинг ўз гуруҳларида 1-ўринни олишлари ҳеч кимни шубҳалантирмасди. Лекин немислар ҳам, бразилияликлар ҳам дастлабки 2та турда жуда-жуда қийналишди. Аслида иккала терма ҳам 1|8 финалда бир-бирига тўғри келиб қолмаслик учун барча кучларни (ҳийлаларни) ишга солиши тайин эди.
 
Якундаги натижалардан ўзингиз воқифсиз - ҳаммаси ҳеч ким кутмаган ва айни пайт жуда ғаройиб тарзда якун топди. Иккинчи тарафда Франция ва Аргентина миллий жамоаларининг бир-бирига тўғри келиб қолиш хавфи ҳам худди шунга монанд равишда пайдо бўлганди.
 
РОНАЛДУ - “БУЮКЛАР ИШИ” ДАВОМЧИСИ
 
Эсингизда бўлса, “ИнтерФУТБОЛ” газетасининг ўтган пайшанба сонида Лионель Мессининг пенальтини уролмагани атиги “буюклар иши”нинг давоми эканлигини таъкидлагандик. Жаҳон чемпионатлари тарихида бундай “янглишиш”­лар талайгина кузатилгани, ўз даврида Марадона, Платини, Сократес, Зико, Роберто Баджо каби даҳо футболчилар ҳам энг зарур лаҳзаларда пенальтидан гол ура олишмагани алоҳида тилга олинганди.
 
Бу галги мундиал унинг учун сўнггиси эканлиги эҳтимоли юқори бўлган Криштиану Роналду ҳам афтидан Мессига яна “ғайирлиги” келди шекилли, 11 метрли жарима зарбасини ноаниқ йўллади. Аниқроғи, унинг йўлига эронликлар посбони тўғаноқ бўлди.
 
Бу “қилиқ”лар якунда иккала терма жамоага ҳам жуда-жуда қимматга тушиши мумкин эди. Худди тарихдаги “буюк янглишишлар” каби...
 
ЭҲ, РОССИЯ!
 
Россия терма жамоаси иштирокидаги баҳслар доимо ҳаммамизнинг диққат-эътиборимизда бўлади. Черчесов шогирдларининг дастлабки иккита турда кўрсатган ажойиб ўйинлари мазкур терманинг мундиалда катта марраларни кўзлаётганига “сигнал” бергандек эди. Лекин учинчи турда Уругвай термаси ҳаммасини жой-жойига тушириб қўйди.
 
Эдинсон Кавани ва Луис Суарес бошчилигидаги йигитлар Россияни худди бизни ютган ҳисобда мағлуб этишди-қўйишди. Фарқи - биз энг кучсиз таркибимиз билан меҳмонда ўйнаган бўлсак, россияликлар энг кучли таркиблари билан ўз уйларида тўп суришганди...
 
ГОЛЕАДОРЛАР АНЧАСЕРМАҲСУЛ
 
Чемпионат тўпурарлиги бўйича кўрсаткичлар ҳам камида 2002 йилги натижани такрорлаши мумкин. Ўшанда бразилиялик Роналдо турнир давомида 8та тўп киритганди. Роналдодан ташқари ҳеч бир футболчи сўнгги 40 йилда битта чемпионатда 6тадан кўп гол уролмаган.
 
Бу гал инглиз Харри Кейн икки ўйиндаёқ 5та, бельгиялик Ромелу Лукаку эса 4та тўп киритганини ва бунга қўшимча равишда Криштиану Роналду ҳисобидаги 4 голни тилга олсак, мазкур чемпионат бизга анча сермаҳсул тўпурарликни тақдим этиши мумкинлиги кўринмоқда.
 
ҚИТЪАДОШЛАРИМИЗ
 
Биз - осиёликмиз. Ҳеч қачон бу қитъа вакилларининг иштирокига бефарқ қарамаганмиз. Шахсан мен улар иштирокидаги ҳар бир ўйинда, албатта, қитъадошларимизга тарафкашлик қиламан. Қайси маънодаки, уларнинг муносиб иштироки қитъамиз обрўсини, рейтингини кўтариши шубҳасиз.
 
Япония терма жамоасининг дастлабки икки турда кўрсатган натижалари кўпчилигимизни хурсанд қилгани аниқ. Эрон термаси томонидан намойиш этилган футбол эса, шубҳасиз, мундиал безагига айланди.
 
Аслида ҳеч биримиз Эрондан лоақал, Испания ва Португалияга яқинлашишни ҳам кутмагандик. Лекин Карлуш Кейруш бошчилигидаги йигитлар Испанияни ҳам, Португалияни ҳам ўта ноқулай аҳволга тушириб қўйишди.
 
МУНДИАЛДА ЎЗБЕКИСТОН БАЙРОҒИ!
 
Осиё футбол конфедерациясида масъул лавозимда ишлайдиган дўстимиз Аваз Бердиқулов айни пайт ўз иши доирасида Самарада бўлиб турибди. Жаҳон чемпионати ташкилий ишларини бажараётган Аваз билан Россия - Уругвай баҳси пайтида мулоқот қилгандим. У менга жўнатган расмлар орасида қўлида Ўзбекистон байроғини ҳилпиратиб турган йигитларни кўрдим.
 
-  Укам - Аброр бу, - дейди Аваз. - У ўртоғи билан футбол томоша қилгани келганди.
 
Анчадан бери кўришмаганим учун укаларимизни танимабман ҳам...
 
Хуллас, шунақа гаплар... Миллий терма жамоамиз бу галги мундиалдан ҳам қолиб кетган бўлсада, унда ҳеч бўлмаганда назоратчи ва раcмийларимиз, айниқса, миллатимиз ғурури бўлган Равшан Эрматовнинг иштирок этаётгани ҳар ҳолда, ичимиздаги аламларни бироз бўлсада камайтириши аниқ.
 
Беҳзод Аҳмаджонов
“ИнтерФУТБОЛ” газетасидан олинди.

Теглар:ЖЧ-2018 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!