Бугун мана шу жумбоқнинг жавобига яқин борадиган фикрларни имкон қадар қидириб кўрмоқчимиз.
Демак, финал сари биринчи йўналиш: Бразилия - Бельгия, Уругвай - Франция. Бу икки жуфтлик ғолиблари ярим финалда ўзаро рўбарў келади ва табиийки, мазкур тўртликдаги жамоалардан бирини финалда кўришимиз аниқ. Ушбу квартетда Тите бошқарувидаги Бразилия термаси яққол фаворитдек кўринмоқда.
Номдорлиги, ютган совринлари жиҳатидан устунлиги ўз-ўзидан аён. Бунга қўшимча равишда, бугунги Бразилияда нариги учта термага нисбатан ростдан ҳам юқори савияли футболчилар сезиларли даражада кўпроқ тўпланишган. Айниқса, Германия ва Аргентина каби жамоалар уйларига равона бўлгач, Неймар ва унинг атрофидаги ижрочилар бугун ўзларини анча енгил ҳис қилишяпти, десак муболаға бўлмайди.
Иккинчи йўналиш жамоалари орасида “Реал”даги Модрич ва Ковачич, “Барса”даги Ракитич каби юлдузларга эга Хорватия термасининг имконияти бироз кўпдек туюлсада, барча тўрт мамлакат вакилларида бир хил имконият бор, десак тўғрироқ бўларди. Бу квартетда аслида руслар энг заифи саналади, шунга қарамай, ўз майдонида ўйнаётган Россия барча қўшимча усулларни ишга солмоқда. Испания билан бўлган баҳсда деярли 120 дақиқа давомида ҳимояланган Черчесов шогирдлари ўзлари учун берилган минимал имкониятдан фойдаланишди.
Улар Испанияни бундан бошқача услубда енга олмасликларини ўша оқшом ҳамма кўрди. Бу - ҳақиқий тактик ғалаба эди. Хорватияга қарши ўйинда энди бундай бўлмайди, Россия олға бориши аниқ. Ҳар ҳолда, мотивация ҳам руслар томонида.
Тўпга эгалик қилиш ва ҳужумдаги кўрсаткичлар хорватларга қарши ўтадиган баҳсда батамом ўзгача бўлишига шахсан мен шубҳа қилмайман. Балки Хорватияга қарши баҳс шуниси билан аввалгисидан ҳам ўтиб тушар. Руслар ижросидаги ёпиқ футбол Испанияга қарши кечган ўйиннинг савиясини тушириб юборди. Мухлислар чиройли футбол томоша қила олишмади.
Россия - Испания ўйинида қўшимча дақиқаларнинг ҳам энг сўнгги онлари ўтиб бораётган палла ва унда ҳакам видеотакрорга мурожаат қилган лаҳзага бироз тўхталамиз. Ёдингизда бўлса, Игнашевич ўз жарима майдончаси ичида рақибини икки қўллаб ушлаб қолган, ҳатто ерга қулатганди. Мазкур оширилган тўп айнан испан футболчиси йиқитилган ҳудудга келиб тушаётгани ва натижада, ҳужум барбод бўлгани видеотакрорда яққол кўринди.
Деярли барча ўйинларда ҳакамлар мана шундай вазиятларда пенальти белгилашмоқда, у ҳоҳ VAR билан бўлсин, хоҳ VARсиз. Хўш, Россия - Испания баҳсида нега 11 метрли жарима зарбаси белгиланмади? Бунга асосий сабаб қилиб, ФИФА томонидан олиб бориладиган футболни ривожлантириш сиёсати ва ундаги ёзилмаган қоидаларни кўрсатишимиз мумкин.
Маълумки, ФИФА жаҳон чемпионатларида майдон эгаларининг имкон қадар юқорироққа чиқишларидан манфаатдор. Узоққа бормайлик, ҳали футболни соккер деб атайдиган ва унинг қоидаларини яхшироқ билмаган АҚШ 1994 йилда сенсацион тарзда гуруҳдан чиққан, кейинроқ бу вазифани 2002 йилда мундиал учун анча заиф жамоалар саналган Жанубий Корея ва Япония термалари ҳам уддалашган.
Айниқса, корейсларнинг ҳакамлар ёрдамида Италия ва Испанияни мағлуб этиб, мундиал ярим финалига қадар етиб боришлари ўша йилнинг ҳақиқий сенсацияси бўлганди. Албатта, бу ҳаракатлар чемпионатнинг янада қизиқарлироқ ўтишига замин яратибгина қолмасдан, реклама ва бошқа манбалардан келадиган даромадларнинг мўътадил бўлишига олиб келади. Ҳакам ҳам осмондан тушмаган - янада тушунарлироқ қилиб айтадиган бўлсак, у ФИФАдан маош олиб ишловчи ходим саналади.
Шундан келиб чиқиб, бемалол хулоса қилиш мумкинки, ФИФА бундай пайтлардаги “сал-пал” нотўғри қарорлар учун ҳакамни жазоламайди. Буни ўша Россия - Испания учрашуви рефериси ҳам жуда яхши билган ва Москва аренасининг VIP ложасида ўйин-ни кузатиб ўтирган Жанни Инфантинони “ранжитмаслик” учун пенальтини белгиламай қўя қолган.
Хулласи калом, мана шу факторлар ҳам Россиянинг бир нималар қилиб бўлсада, ЖЧ финалига қадар етиб олиши мумкинлигига яна бир ишора бермоқда. Зеро, руслар олдинлари Хорватияни ҳам, нариги иккинчи жуфтликдаги терма жамоаларни ҳам ўз уйларида доимо ютиб келишган...
Худди 1/8 финалда Португалия Уругвайга, Аргентина эса Францияга қарши ўйнагани каби, 1/4 финалда ҳам бошқаларидан кучлироқ саналган 4 терма жамоа ўзаро бир-бирлари билан майдонга тушишларига тўғри келади. Мазкур квартет жамоалари (Бразилия, Франция, Уругвай ва Бельгия) нариги тўртликка нисбатан анча юқори савияда эканликларини тасдиқлайдиганлар, албатта, жуда кўпчиликни ташкил қилади.
Демак, жаҳон чемпионати финалида бир-бирига муносиб бўлган икки жамоани кўрмаслигимиз эҳтимоли юқори. Жуда ғалати ва қизиқ туюлсада, финал баҳсида ҳатто Бельгия - Хорватия ёхуд Россия - Уругвай терма жамоалари майдонга тушишлари мумкинлигини ҳозирча ҳеч ким инкор эта олмайди!
Лекин буларнинг ҳаммаси оддий бир тахминлар, холос. Асосийси - аксарият мухлислар финалнинг бундай “ғариб” кўринишларда бўлишини исташмайди. Шундоғам мундиал ўзининг энг ишонган “ижрочилари”ни йўқотиб улгурди.
Юқорида тилга олинган кутилмаган сенсацион финал жуфтлиги юз бериши учун аввало, Бельгия ёхуд Уругвай ва Франция каби терма жамоалардан Бразилияни ютиш талаб этилади. Футбол тарихида кўрсатган натижаларидан хулоса чиқарадиган бўлсак, Бразилия шу иккита ўйиндан бирида “бемалол” ютқазиб қўйиши мумкин.
“Пентакампеонлар” сўнгги мундиалларда финалгача боролмаган йилларни эсга олсак. Хўш, мундиал тарихида Бразилия қайси терма жамоаларни енга олмаган? Ўтган 2014 йилги чемпионатда майдон эгалари сифатида иштирок этган бразилияликлар ўз уйларида кечган Германияга қарши баҳсда финал йўлланмасидан қуруқ қолишганидан ҳам кўра кўпроқ 1:7 ҳисобидаги қақшатқич зарбани қабул қилиб олганлари билан ёдда қолишди.
2010 йили ЖАРда “сариқ-яшиллар” 1/4 финалда ўз уйларига равона бўлишган - Голландия мағлуб эта олганди уларни. 2006 йилда Германияда ўтган жаҳон чемпионатига ҳам жуда кучли таркиб билан борган бўлсада, Бразилия чорак финалдаёқ анча кексайиб қолган Зидан бошчилигидаги Францияга мағлуб бўлганди - 1:2.
1986 йили Мексикадаги мундиалда афсонавий Мишель Платини бошчилигидаги Франция термаси ўйиндан кейинги пенальтиларда ўша даврнинг яққол фаворит термаси бўлган Бразилияни яна чорак финалда уйига равона қилганини, бунга қўшимча равишда 1998 йилги ЖЧ финалида Зидан бошлиқ “артиллерия” ўша пайтларда “тетракампеонлар” деб аталмиш жамоани 3:0га “ютиб ташлагани”ни тилга олсак, Франциянинг буюк Бразилия қаршисида нақадар юксак натижаларга эга эканлиги ойдинлашади.
Бразилия термасининг 1970 йилдан буён қайд этган натижалари:
1970 – ЧЕМПИОН
1974 – 4-ўрин
1978 – 3-ўрин
1982 – 2-босқич
1986 – 1/4 финал
1990 – 1/8 финал
1994 – ЧЕМПИОН
1998 – 2-ўрин
2002 – ЧЕМПИОН
2006 – 1/4 финал
2010 – 1/4 финал
2014 – 4-ўрин
2018 – ???
Бу йилги баҳслар чиндан ҳам ҳар доимги мундиаллардан анча фарқли ўтмоқда. Мазкур ҳолат биринчи галда жаҳон грандларининг кетма-кет мусобақаларни тарк этаётгани билан изоҳланади. Ўтган йили кузда Италия ва Голландия мусобақани саралашдаёқ тарк этганининг мантиқий давоми сифатида Германия гуруҳ босқичидан кейиноқ уйига равона бўлди. Бу ҳам етмаганидек, Мессининг Аргентинаси ва Роналдунинг Португалияси бир кунда сафдан чиқишди. Орадан бир кун ўтиб, Испания сенсацион тарзда мусобақа билан хайрлашди.
Бу йирик воқеалар пировардида жаҳон чемпионатининг ягона фаворитлиги Бразилия чекига қолди ва унга қарши ўйнайдиган бошқа термалар, албатта, мазкур ўлка футболчиларини мусобақадан чиқариб юборишга яна бир бор уриниб кўришади. Ҳозирдан шуни айтиш мумкинки, ЖЧ финалида ўйнаши мумкин бўлган жамоалардан бири дебютант бўлиши эҳтимоли 50 фоизга тенг.
Албатта, бу жуда юқори кўрсаткич. Борди-ю, ҳал қилувчи ўйинга иккита дебютант чиқиб қолса нима бўлади? Бу фикрга қарши чиқадиганлар жуда кўплаб топилсада, Бельгия кейинги икки ўйинни ютиб, финалга йўл олиши жуда минимал эҳтимоллик билан мавжуд эканлиги исбот талаб қилмас фактдир.
Нариги жуфтликлардан ҳам янги триумфаторлардан бири финалга бориб қолгудек бўлса борми? У ҳолда, биз сўнгги 50 йилликнинг энг қизиқ ва ғайриоддий финалларидан бирига гувоҳ бўламиз. Аслида жуда кўпчилигимиз бундай воқеа юз беришини хоҳламасак-да.
Қуйида эътиборингизга жаҳон чемпионатлари финалига етиб борган термалар рўйхати ҳавола этилмоқда:
Жадвалдан кўриниб турибдики, Германия бу борада ҳозирча пешқадам. Футбол тарихида 8 марта финал ўйинида иштирок этган немислар ҳозиргача 4 бор чемпионликни тантана қилишган. Ҳал қилувчи баҳсда муваффақият қозониш бўйича эса Бразилиянинг кўрсаткичлари янада салмоқлироқ. “Пентакампеонлар” бу мақомга эришишлари учун 7 та финал кифоя қилган - мағлубиятлар сони атиги 2 та. Жадвалнинг сўнгги ўринларига жойлашган тўрт терма ҳам бизнинг эътиборимизни тортиши аниқ.
Айниқса, бугунги ҳолатдан келиб чиқиб айтадиган бўлсак, улар сафи янада кенгайиши эҳтимоли жуда-жуда юқори. Голландия, Чехословакия, Венгрия ва Швеция миллий жамоалари суммар равишда 8 марта финалга йўл олган бўлсаларда, уларнинг ҳеч бирида мундиални юта олишмаган. Бу борада Уругвайнинг кўрсаткичлари ҳавас қилгудек даражада зўр. Агар Кавани ва Суарес бошчилигидаги йигитлар бир амаллаб бу йилги чемпионатни ҳам ютиб олсалар, у ҳолда ҳеч бир терма эришолмаган ютуқни - жаҳон рекордини қайд этишади – 3 та финал ва 3 чемпионлик! Албатта, бу жуда оғир иш, лекин тарихда ҳеч бир ютуқ енгиллик билан келмаган.