Президент Молия вазирлигидан соҳани тушунмайдиган раҳбарларни ишдан олгани билан, уни еб ётган “келамушлар” ҳамон ўз ўрнида турганини айтганди.
Орадан кўп ўтмай, интернет-нашрларда Молия вазирлигининг бирданига 50 ходими ишдан бўшатилгани ҳақида хабарлар тарқалди. Ушбу хабарлар эса асоссиз бўлиб чиқди. ЎзАнинг маълум қилишича, ишдан бўшатилганлар 24 кишини ташкил этади.
Молия вазирлиги марказий аппаратидан 2 нафар бош бошқарма бошлиғи, 2 нафар бош бошқарма ўринбосари, 4 нафар бошқарма бошлиғи, 1 нафар бошқарма бошлиғи ўринбосари, 3 нафар бўлим бошлиғи ҳамда 4 нафар ходим, жами 16 киши эгаллаб турган лавозимидан озод этилди. Бугунги кунга келиб буларнинг сафига 8 киши қўшилган ва бу рақам 24 тани ташкил этмоқда.
Жумладан, Ғазначилик бошлиғи ўринбосари-Амалиёт бошқармаси бошлиғи Ф.Нурмуҳамедов, Бухгалтерия ҳисоби ва аудит услубиёти бошқармаси бошлиғи Ш.Хайдаров, Саноатнинг базавий тармоқлари ва ёқилғи-энергетика мажмуи молияси бошқармаси бошлиғи вазифасини бажарувчи А. Абдуллаев, Давлат молиявий назорати бош бошқармаси бошлиғининг ўринбосари М.Агзамов, Солиқ ва божхона-тарифи сиёсати бошқармасининг бошлиғи И. Голишева, Давлат молиявий назорати бош бошқармаси Ташкилий-услубий ишлар бўлими бошлиғи Б.Жумаевлар эгаллаб турган лавозимларидан озод этилган.