...
МЕНЮ
ONLINE TV

Мирзиёев Ҳиндистон Ташқи ишлар вазирини қабул қилди


21:45, 05.08.2018 Жамият
 1 904

Халқаро ва минтақавий сиёсатнинг томонларни қизиқтирувчи долзарб масалалари юзасидан ҳам фикр алмашилди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев бугун, 5 август куни Ўзбекистонда расмий ташриф билан бўлиб турган Ҳиндистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Сушма Свараж хонимни қабул қилди.
 
Давлат раҳбари меҳмонни самимий қутлар экан, Ўзбекистон ва Ҳиндистон ўртасидаги дўстлик ва стратегик шериклик муносабатлари изчил ривожланиб бораётганини чуқур мамнуният билан таъкидлади.
 
Жорий йил июнь ойида Циндао шаҳридаги Шанхай ҳамкорлик ташкилоти саммити доирасида бўлиб ўтган олий даражадаги музокаралар ва унинг якунлари бўйича эришилган келишувлар амалий ҳамкорликнинг янги йўналишларини белгилаб олиш имконини берди.
 
Суҳбатда мамлакатлар ўртасидаги кенг кўламли, аввало савдо-иқтисодий, инвестиция, инновация ва маданий-гуманитар соҳалардаги ҳамкорликни янада кенгайтириш ва мустаҳкамлаш муҳимлиги алоҳида қайд этилди.
 
Фармацевтика ва тиббиёт, ахборот технологиялари, қишлоқ хўжалиги, туризм ва бошқа тармоқларда қўшма лойиҳаларни амалга ошириш истиқболлари муҳокама қилинди.
 
Ўзбекистон Республикаси Президентининг Ҳиндистонга бўлажак давлат ташрифи Ўзбекистон ва Ҳиндистон ўртасидаги азалий кўп асрлик дўстлик ришталарига асосланган муносабатларда янги даврни бошлашга, икки томонлама ҳамкорликни янада юқори босқичга олиб чиқишга қаратилгани алоҳида таъкидланди.
 
Халқаро ва минтақавий сиёсатнинг томонларни қизиқтирувчи долзарб масалалари юзасидан ҳам фикр алмашилди.
 
Ташқи ишлар вазири Сушма Свараж давлат раҳбарига самимий қабул учун чуқур миннатдорлик билдириб, Ҳиндистон Республикаси Президенти Рам Натҳ Ковинд ва Бош вазири Нарендра Модининг саломи ва эзгу тилакларини етказди.
 
Ҳиндистон ҳукумати мамлакатимизни жадал ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, аҳоли турмуш даражаси ва сифатини юксалтиришга борасида Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг миқёсли ислоҳот ва янгиланишларни тўлиқ қўллаб-қувватлаши таъкидланди.
 
Ҳиндистон мамлакатимизнинг минтақада хавфсизлик, барқарорлик ва тараққиётни таъминлаш борасидаги ташаббусларини юқори баҳолаши ва қўллаб-қувватлаши қайд этилди.
 
Сушма Свараж Ҳиндистон Республикасининг Ўзбекистон Республикаси билан кўп қиррали ҳамкорлик ва стратегик шериклик муносабатларини янада мустаҳкамлашга интилиши қатъий эканини таъкидлади.

Теглар:Шавкат Мирзиёев Сушма Свараж Ўзбекистон-Ҳиндистон 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!

Тавсия

Сўровлар

Сиз ҳеч пора бериб кўрганмисиз?

Барча сўровлар