“Ўзэкспомарказ”даги кўргазмада 150 дан ортиқ корхона ўз маҳсулот ва хизматлари билан қатнашмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Беларусь Республикаси Президенти Александр Лукашенко ушбу кўргазмага ташриф буюрди.
Кўргазмада 150 дан ортиқ корхона ўз маҳсулот ва хизматлари билан қатнашмоқда. Улар Беларуснинг қишлоқ хўжалиги машинасозлиги, металлургия, кимё саноати, маиший техника, озиқ-овқат, тўқимачилик, тиббиёт, таълим ва бошқа соҳалардаги ютуқларини намойиш этмоқда.
Александр Лукашенко Шавкат Мирзиёевга мазкур соҳалардаги имкониятлар, корхоналарда ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар ҳақида сўзлаб берган.
Шавкат Мирзиёев беларуслик ишбилармонлар билан суҳбатлашган. Мутасаддиларга савдо алоқаларини кенгайтириш, саноат корхоналари ва ҳудудлар ўртасида кооперацияни ривожлантириш бўйича кўрсатмалар берган.
Давлат раҳбарлари юқори технологиялар соҳасида, жумладан, икки мамлакатнинг инновацион марказлари ва технопарклари ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантириш, харидоргир товарларни биргаликда ишлаб чиқариш муҳимлигини таъкидлаган.
Павильонлардан бирида Ўзбекистон мева-сабзавотлари ва қайта ишланган озиқ-овқат товарлари намойиш қилинган. Уларнинг табиийлиги, мазали ва сифатлилиги беларуслик меҳмонларда катта таассурот қолдирган, ишбилармонларда ҳамкорлик истагини уйғотган.