Президент Шавкат Мирзиёев табрик мактубида ўтган йилнинг апрель ойида Россия Федерациясига амалга оширган ташрифини ёдга олади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 19 март куни Россия Федерацияси Президенти Владимир Путинни Президент сайловида эришган ишончли ғалабаси билан қутлади. Ўзбекистон Республикаси Президенти Матбуот хизмати хабар бермоқда.
Ўзбекистон раҳбарининг табригида бўлиб ўтган сайлов натижалари Владимир Путин раҳбарлигида амалга оширилаётган ҳар томонлама ўйланган, Россия жамиятини бирлаштириш, одамлар турмуш даражасини юксалтириш, иқтисодиёт, инфратузилма ва давлат бошқарувини модернизация қилиш, давлат суверенитетини қатъий ҳимоя қилиш ва Россия Федерациясининг жаҳонда муҳим ўрин тутган давлат сифатидаги ролини мустаҳкамлашга қаратилган сиёсатга Россия халқи томонидан улкан ишонч билдирилаётгани ва ҳар томонлама қўллаб-қувватланаётганини яна бир бор намойиш этгани қайд этилган.
Ўтган йилнинг апрель ойида Россия Федерациясига амалга оширилган давлат ташрифи, яқин мулоқот, сиёсий ирода ҳамда томонларнинг амалий ҳамкорликни сифат жиҳатидан кенгайтиришга бирдек интилиши Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини салмоқли даражада мустаҳкамлади.
Сиёсат, савдо-иқтисодий, инвестиция, банк-молия, транспорт-коммуникация, ҳарбий-техник, маданий-гуманитар ва кўплаб бошқа соҳаларда турли даражаларда олиб борилаётган фаол ҳамкорликда эришилган аниқ натижалар бундан далолат беради.