Ўзбекистондаги АЭС бошқалардан ҳам яхши, сифатли ва хавфсиз бўлиши кераклиги таъкидланди.
Президент тадқиқот ишларининг бориши билан қизиққан, “Ўзатом” агентлиги ва “Росатом” корпорацияси раҳбарлари билан суҳбатлашган.
“Бу улкан лойиҳа Россия билан стратегик шериклигимизнинг янги йўналиши. Мамлакатимиз саноати ривожланяпти, аҳоли сони ўсяпти. Ҳали олдинда яна катта режаларимиз бор. Булар учун барқарор энергия таъминоти керак. Атом электр станцияси энергия манбалари чекланган шароитда ана шундай имконият яратади, иқтисодиётни ривожлантиришга, одамларни иш билан таъминлашга хизмат қилади”, деган давлат раҳбари.
Атом электр станциясини аниқ ҳисоб-китоб ва пухта тайёргарлик билан қуриш, хориждаги станциялар қурилишидаги тажрибани ўрганиш зарурлиги таъкидланган.
“Бизнинг атом станциямиз бошқалардан ҳам яхши, сифатли ва хавфсиз бўлиши керак”, деган Шавкат Мирзиёев.
Ушбу соҳага ихтисослашган кадрлар тайёрлаш борасидаги ишлар ҳақида ҳам маълумот берилди. Ҳозирда 30 нафар ўзбекистонлик талаба “Москва муҳандислик-физика институти” миллий тадқиқот ядровий университетида таълим олмоқда. Мазкур билим юртининг Тошкентда ташкил этилаётган филиали келгуси ўқув йилидан илк талабаларни қабул қилади. Бу ёшлар юқори малакали мутахассис бўлиб етишади ва атом электр станциясининг хавфсиз ишлашини таъминлайди.
Шу ерда Жиззах вилоятининг минерал хомашё базасини кенгайтириш, Фориш туманини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, туризм салоҳияти ва лалми ерлардан самарали фойдаланишга қаратилган лойиҳалар тақдимоти ўтказилди.
“Ўзи Фориш имкониятлари бўйича энг бой туманлардан бири. Лекин ҳозир бошқа ҳудудлардан бироз орқада. Бу ернинг қишлоқ хўжалиги, геология, қайта ишлаш соҳаларидаги имкониятларини тўғри ишга солса, аҳоли фаровонлиги, маҳаллий бюджетни ошириш мумкин”, деган Президент.
Давлат раҳбари жиззахлик нуронийлар билан мулоқот қилган.