Президент Қорақалпоғистонда иш ўринларини кўпайтириш бўйича топшириқлар берди.
Давлат раҳбари корхонанинг ишлаб чиқариш жараёнини кўздан кечирди, таъсисчилари билан суҳбатлашган.
650 га яқин маҳаллий аҳоли иш билан таъминланадиган корхонада бугунги кунда ишчилар танлаб олиниб, шу ернинг ўзида ташкил қилинган ўқув хоналарида ўқитилмоқда, шунингдек, мамлакатнинг бошқа ҳудудларидаги корхоналарда малака оширмоқда.
Шавкат Мирзиёев бундай корхоналарни ташкил этишдан асосий мақсад иш ўринлари яратиш экани, мамлакатимизнинг чет эллардаги элчихоналари билан биргаликда технология олиб келиб, корхоналарни янада кўпайтириш зарурлигини таъкидлади.
Давлат раҳбарининг Қорақалпоғистон Республикасига аввалги ташрифлари чоғида Қанликўл туманига10 миллион евро инвестиция киритиб, йирик тўқимачилик корхонаси ташкил этиш лойиҳаси тақдим этилганди. Ўтган вақт мобайнида корхона учун 10 гектар ер ажратилиб, бунёдкорлик ишлари бошлаб юборилди. Корхонани барпо этиш енгил саноат маҳсулотлари ишлаб чиқаришда тажрибали бўлган “Кантекс инвест” масъулияти чекланган жамияти томонидан амалга оширилган. Натижада 23 миллион евро инвестиция киритилиб, яйдоқ ерда замонавий тўқимачилик фабрикаси қад ростлаган.
Айни пайтда корхонага Германия, Швейцария, Туркия ва Ҳиндистондан сўнгги русумдаги тўқимачилик дастгоҳлари келтирилган бўлиб, уларни ўрнатиш ва монтаж қилиш ишлари олиб бориляпти.
Лойиҳа қиймати 38,7 миллион АҚШ доллари бўлган корхонани келаси йил биринчи чорагида ишга тушириш мўлжалланмоқда. Бу ерда дастлабки босқичда йилига 11 минг тонна дунё талабларига жавоб берадиган сифатли ип-калава ишлаб чиқарилади. Навбатдаги босқичда тўқимачилик матоси тайёрлаш, 2021 йилда амалга ошириладиган сўнгги босқичда мато бўяш ва тайёр кийим-кечак ишлаб чиқариш йўлга қўйилади.
Корхона тўла қувват билан ишлай бошлагач, йилига 25 миллион АҚШ долларидан зиёд маҳсулот экспорт қилиш режалаштирилган.