Бугунги кунда тўй-ҳашамлардаги чиқимлар аҳоли ўртасида жиддий муҳокама бўлмоқда.
Йиғилишда Президент тўй-маърака — бу фақат шахсий иш эмаслиги, балки ижтимоий масала эканини ва бундай ҳаракатлар жамиятда катта муаммоларни юзага келтирмаслиги кераклигини таъкидлаган эди.
Учрашув чоғида Президент Бош вазир Абдулла Ариповга тегишли ташкилотлар билан биргаликда оилавий маросимларни тартибга солиш, уларни ихчам, исрофгарчилик ва дабдабага йўл қўймасдан ўтказиш бўйича бир ой муддатда Президент қарори лойиҳасини тайёрлаш вазифасини ишлаб чиқиш ҳақида айтган эди.
Орадан етти ой ўтса ҳамки, бу масалаларда жамиятдаги иллатлар ҳали бартараф этилмаганини кўриш мумкин. Хусусан, Тошкентдаги тўй кортежининг ҳайдовчилари Тошкент шаҳри кўчаларда ҳаракатланиб, йўл ҳаракати хавфсизлигига қасддан таҳдид солгани акс эттирилган видеоролик ижтимоий тармоқларда пайдо бўлганини хабар берган эдик.
Бу каби ортиқча исрофгарчилик ва кераксиз иллатларни танқид қилар экан Презтдент Бош вазирдан бошлаб ҳоким, ижро органи раҳбарларигача тўй маросимларга бориши ман этилади, деб айтди.
Президент бунинг ўрнига мутасаддилар керакли чораларни кўриб, аҳолининг оғирини енгил қилиш ҳақида ўйлаши кераклигини таъкидлади.
Президент раҳбарларнинг тўйларга бориши ва дабдабабозликларни қаттиқ танқид қилиб, қуйидагиларни гапирди:
“Тўй ҳам, маросим ҳам раҳбарларсиз бўлади. Бунинг ўрнига ўша 20 кило гўштнинг пулига бир камбағалнинг уйини краска қилиб бер, уйига телевизор олиб бер”.
Президент томонидан кўтарилаётган жамиятдаги бу иллатлар тегишли қарорлар асосида тартибга солинишини кутиб қоламиз.