Бугун, 22 сентябрь куни Туркистон санъат саройида “Ўзбекконцерт” томонидан миллий рақс санъатининг долзарб муаммоларига бағишланган илмий-амалий конференция бўлиб ўтди.
Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 15 февралдаги “Маданият ва спорт соҳасида бошқарув тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-4956-сонли фармони 4-бандига асосан “Ўзбекнаво” эстрада бирлашмаси ва “Ўзбекрақс” миллий рақс бирлашмаси негизида “Ўзбекконцерт” давлат муассасаси ташкил этилди.
Бугунги кунда Тошкент шаҳрида 10 та давлат ва хусусий рақс ансамбллари мавжуд. Бу ансамблларда 200 дан ортиқ раққос ва раққосалар фаолият юритишади.
Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда 16 та рақс жамоаларида 400 га яқин раққос ва раққосалар, балет артистлари меҳнат қилмоқдалар.
Соҳани ривожлантириш учун кенг имкониятлар яратилаётган бўлсада, бугунги рақс санъатини қониқарли деб бўлмайди.
Буни кейинги пайтларда ОАВда миллий рақс санъатига доир чоп этилаётган танқидий мақолалар ва телекўрсатувлардаги мулоҳазаларда, бугунги кунда рақс санъатининг нуфузи тушиб бораётганлиги, соҳада ечимини кутаётган бир қатор камчилик ва муаммолар кўзга ташланаётганлиги, шунингдек, ҳудудларга хос рақс услублари ўзаро қоришиб, рақс санъатининг миллий хусусиятлари йўқолиб бораётганлиги кескин танқид қилинаётганлигидан билиш қийин эмас.
Бу каби муаммоларни бартараф этиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирилиги “Ўзбекконцерт” давлат муассасаси томонидан “Миллий рақс санъатининг ривожланиш тарихи, долзарб муаммолари ва замонавий концепциялалари” мавзусидаги илмий-амалий конференция ташкил этилди.
Конференция ишида Ўзбекистон Республикаси Маданият вазири, Ўзбекистон Фанлар академияси олимлари, Ўзбекистон давлат консерваторияси ҳамда Тошкент давлат миллий рақс ва хореография олий мактаби профессор-ўқитувчилари, Республикамизда фаолият юритаётган рақс жамоалари бадиий раҳбарлари, соҳа мутахассислари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этишади.