Умид Аҳмаджонов ҳамда Шоакром Исроилов Ўзбекистон Республикаси Президенти фармони бўйича йиғилиш ўтказди.
Маълумки, бунгача Ўзбекистондаги ИБЎСМ ва БЎСМлар фаолиятини янада ислоҳ қилиш, Олимпия захиралари коллежларида қабул квоталарини қайта кўриб чиқиш, иқтидорли спортчиларни саралаб олишга алоҳида эътибор қаратилиши маълум қилинганди. Аммо МОҚ раҳбари Умид Аҳмаджонов бу борада ташкил этилаётган ишлар ҳудудларда мутлақо талабга жавоб бермаётганлигини таъкидлаб ўтди.
Шунингдек, Умид Аҳмаджонов Олимпия захиралари коллежларида қанча ўзгаришлар амалга оширилганига қарамай, қабул квоталари масаласи ҳозиргача ҳал этилмаганлиги, спортчилар у ерга қандай қабул қилиниши масаласи ҳамон очиқ қолаётгани ҳақида куюниб гапирди.
Йиғилишда спорт соҳасидаги вазият танқидий руҳда кўриб чиқилди. Мутасадди ҳодимларга кўрсатма берилди. Бу борада бажарилган ишлар юзасидан Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги бошқарма бошлиғи ўринбосари Азиз Исроилов ҳисобот берди. Ишларни якунлаш учун унга 3 кун муддат берилди.
Республика спорт федерациялари раҳбарларига 10 кунда вилоятларда спортни ривожлантириш, унинг оммавийлилигини ошириш, ички мусобақаларнинг мукаммал тизимини ишлаб чиқиш бўйича таклиф киритиш вазифаси юклатилди.
Йиғилишда бундан буён ИБЎСМ ва БЎСМ да таҳсил олаётган ҳар бир ёш спортчи ҳақидаги тўлиқ маълумотлар, улар қайд этаётган натижалар янги ташкил этилаётган электрон базага киритиб борилиши айтилди.
Вилоят жисмоний тарбия ва спорт бошқармалари фаолияти Республика спорт раҳбариятини умуман қониқтирмаяпгани айтилди. Амалга оширилган ишлар юзасидан Тошкент вилояти жисмоний тарбия ва спорт бошқармаси бошлиғи Раҳмат Тиллаевнинг ҳисоботи тингланиб, у ишни ташкил этишда камчиликларга йўл қўйгани ва ўз вазифасига масъулиятсиз ёндошгани учун йиғилишнинг ўзида лавозимидан озод этилди.
Видеоселекторда Андижон, Сирдарё, Бухоро, Сурхондарё, Самарқанд ва Наманган вилоятларидаги аҳвол ҳам танқидий кўриб чиқилди. Мутасадди ходимларга вазифа ва кўрсматмалар берилди. Барча ўзи учун тегишли ҳулосалар чиқариб олиши уқтирилди.
Эндиликда ҳокимлик тизимидаги бошқарма ва ташкилотлар ўртасида “Ҳоким кубоги” мусобақалари ўтказилиши буюрилди. Беллашувлар мини-футбол, волейбол, стол тенниси каби спорт турлари бўйича ташкил қилиниши қўшимча қилинди. Бу борада Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазири Шоакром Исроилов вилоятлар жисмоний тарбия ва спорт бошқармаси бошлиқларига тегишли кўрсатмалар бериб ўтди.