Асосий масала - миллионерлар футболни чиндан ҳам севишадими ёки бу улар учун шунчаки, эрмак?
Бундан илҳомланган Жеймс Монтагю (BBC ва World Soccerдек нуфузли нашрлар шарҳловчиси) еврофутболда бизнес билан боғлиқ ҳолатни алоҳида таҳлил қилиб кўришни лозим топди. Зеро, иш шу даражада чуқурлашиб кетдики, 2016 йил охирида Англия Премьер-Лигасида иштирок этувчи 20 жамоадан нақ 15 таси хорижлик соҳиблар измига ўтганди.
Бунда ажабланадиган томони ҳам йўқ, ахир АПЛ футбол бозорининг энг қайноқ нуқтасига айланганига анча бўлди. Қолаверса, Англия элит лигасининг телевизион ҳуқуқлари баҳоси ўсишдан сира тўхтамаяпти. Шунингдек, чипталар сотуви ҳам эндиликда клубларга катта даромад келтирмоқда. Табиийки, корчалон бизнесменлар бундан асло кўз юмишмайди.
Маълумотлар етарлими?
Жеймс Монтагю ўзларини миллионлар ўйинига урган миллиардерлар ва уларнинг соҳадаги ишлари билан яқиндан танишиб чиқар экан, бу борада катта китоб ёзди: The Billionaires Club: The Unstoppable Rise of Football~s Superrich Owners.
Муаллиф унда мулкдорларни атрофлича таништирган, уларнинг бойликлари ва нима мақсадда футбол клубига сармоя киритишгани хусусида тўлақонли маълумот беришга уринган.
Асосий масала - миллионерлар футболни чиндан ҳам севишадими ёки бу улар учун шунчаки, эрмак? Умуман, Монтагю таҳлилий ишида биргина туманли ўлкадаги ҳолатни ўрганиш билан чекланган эмас. Чунончи, футбол жамоаси тепасига тектоник силжиш бутун жаҳонда кўзга ташланмоқда.
Очиғи, Роман Абрамович ва Алишер Усмонов каби бизнесменларнинг Британия футболидаги саргузаштлари кўпчиликка тайин, Аркадий Гайдамак ва Владимир Романовга ўхшаган камтарроқ клублар хўжайинлари ҳақида ҳам озми-кўп маълумотлар бор.
Ҳар ҳолда, матбуот вақти-вақти билан уларга ҳам эътибор қаратмоқда. Лекин шунинг баробарида Англиянинг асосан ўртамиёна ва кучсизроқ клублари эгалари кўпчилик учун унча яхши таниш эмаслар.
От пойгаси айбдор
Роман Абрамович “Челси”ни айтарли шовқин-суронсиз сотиб олган бўлса, америкалик Глейзерлар оиласи “Манчестер Юнайтед”ни харид қилишда баъзи муаммоларга дуч келди. Аслида ҳаммаси ўша вақтдаги бош мураббий Алекс Фергюсон ва клуб соҳибларидан бири Жон Мэгниер ўртасидаги келишмовчилик билан бошланган эди. Яъни сэр Алекс совриндан қуруқ қолгани учун нолиди. Тўғри, Мэгниер мураббийни футбол майдонидаги ғалабаси эмас, балки ипподром - от пойгасида эришган натижаси учун рағбатлантиришни унутганди.
Аниқроқ айтсак, шотландиялик мэтр клуб хўжайинининг турмуш ўртоғи билан бирга Rock of Gibraltar лақабли чемпион пойгачи отга эгалик қилган. Гарчи клуб соҳиби якунда сэр Алексга 2,5 млн. фунт миқдорида компенсация тўлаган бўлсада, клубдаги умумий муҳитга путур етганди.
Хусусан, “МЮ” мухлислари ҳам якдиллик билан ўз кумирларига айланиб улгурган мураббий томонига ўтиб, раҳбариятга қарши боришди. Ушбу кўнгилсизликлар қайсидир маънода Глейзерлар оиласи фойдасига ишлади. Ҳар ҳолда, муаммо юзага келмаганида, Мэгниер ва унинг ҳамкорлари 2003 йили америкаликлар илгари суришган таклифни қабул қилишмасди.
Асосийси, ушбу воқелик америкалик бошқа тадбиркорларни ҳам қизиқтириб қўйди ва улар бирин-кетин “кўҳна қитъа” футболига юзланишди. Тўғри, асосан спорт оламида тажриба орттирган миллиардерлар ҳаракатга тушишганди. Дейлик, Глейзерлар оиласи ҳам “МЮ”га “Тампа Бэй Баккэнирс” жамоасидаги тажриба билан келишган.
Хуллас, мавсум-2015/2016 якунига келиб, “Мемфис Гриззлиз” баскетбол клуби хўжайини “Суонси” учун 100 млн. фунт стерлинг тўлади. Шунингдек, клублар акцияларининг бир қисмига эгалик қилишни истайдиган сармоя жамғармалари ҳам пайдо бўлди. Мисол учун, хоккей клуби - “Миннесота Уайлд”да улушдор ҳисобланган PEAK6 Investments “Борнмут”нинг 25 фоиз акциясига эга чиқди.
“Кристал Пэлас” раҳбарияти эса клубнинг 36 фоиз акциясини “Нью-Жерси Дэвилз” ҳамда “Филадельфия 76” соҳиби Apollo Global Managementга сотди. Сармоя жамғармаларининг Премьер-Лига бозорига кириши нафақат клублар олдидаги ўз-ўзини таъминлаш лойиҳасига ижобий таъсир этди, балки акционерларга ҳам манфаат келтирди.
Жумладан, хориждаги мухлислар сони кўпайишига катта туртки берилди. Мисол учун, АҚШнинг “Колорадо Эвеланш”, “Сент-Луис Рэмз” ва “Колорадо Рэпидс” жамоалари фанатлари англияликларни қизғин қутлашди. Чунончи, улар кўнгил берган клублар соҳиби - Стэн Кронке “Арсенал” акцияларини сотиб олганди. Ваҳоланки, унинг бошқарувидаги жамоалар мухлисларни совринлар билан сийлаган эмас, аммо камсуқум безнесменнинг ўзи бинойидек фойда кўрган.
Паррандачилик йўналиши
Айтиш жоиз, клубдан пул ундириш ҳамма учун асосий мақсад эмас. Ана, араб шайхлари, умуман, осиёлик бизнесменларга қаранг. Сир эмас, Хитой ҳукумати раҳбари Си Цзиньпин футболнинг ашаддий мухлиси саналади. Унинг асосий орзуларидан бири мамлакат миллий термасини жаҳон чемпионатининг доимий иштирокчиси даражасига кўтаришдир. Хитойлик бизнесменлар бу ҳаракатга миллионлар ўйинига сармоя ажратиш билан жавоб қайтаришди. Жараёнда катта-кичик компания ва корпорациялар бирдек фаоллик кўрсатди. Натижада “Эспаньол”, “Гренада”, “Адо Ден Хааг”, “Сошо”, “Славия” (Прага), “Вулверхэмптон”, “Астон Вилла”, “Вест Бромвич” ва бошқа бир қатор клублар хитойликлар ихтиёрига ўтди.
Хусусан, Сильвио Берлускони “Милан”ни Хитой вакилларига топширди, индонезиялик Эрик Тоҳир эса “Интер”ни. Футбол оламига “ҳужум” кавалерия шиддати мисоли давом этди. Айтайлик, Шэнжэн шаҳрида тузилган Ledman гуруҳи Португалия биринчи лигасига ҳомийлик қилиш таклифини илгари сурди, аммо ўзига хос шартни ҳам ўртага ташлади: 10 та кучли клуб таркибига хитойлик футболчиларни қўшиб қўйишни. Бу таклиф Португалия футбол федерацияси томонидан қабул қилинмагач, Ledman Австралия “А” лигаси иштирокчиси - “Ньюкасл Жетс” клубини сотиб олди.
Дарвоқе, инглизлар ҳам хитойликларга мойилроқдек. Яққол мисол - Си Цзиньпиннинг Буюк Британияга расмий хизмат сафари чоғи унга ҳурмат ифодаси ўлароқ, Сун Жихай (АПЛда гол урган биринчи хитойлик) Англия футболи “Шуҳрат зали”га киритилганди. Алоҳида қайд этиш керак, баъзи клуб соҳиблари ўз сармояларини катта қийинчиликлар билан йиғишган.
Дейлик, “Бирмингем”ни сотиб олган Карсон Ён ҳаммасини оддий сартарошликдан бошлаган, “Блэкберн Роверс”ни 2010 йили 43 млн. фунтга харид қилган Ҳиндистоннинг Venkys фирмаси эса паррандачилик билан шуғулланиб, ўз маҳсулотларини KFC ва McDonaldsга етказиб бериш орқали оёққа турган. Умуман, осиёликларга юқоридан қараш тўғри эмас - Карсон клубни киносаноати воситасида бойиган икки британияликдан сотиб олганди. Иккинчи томондан, сармоядорлар орасида омад ортидан саҳнага чиққанлари ҳам бор. Дейлик, “Лестер”нинг таиландлик хўжайини Вишай Шриваддханапрабха айтиш мумкин - у катта бизнесга катта жекпот таъсирида бош суққан.
Муҳими, таиландлик корчалон АПЛда чемпионлик шаробини ичди. Малайзиялик миллиардер Винсент Тан аксинча, “Кардифф Сити”да омадсизликка юз тутди, лекин клубнинг Чемпионшипга тушиб кетганидан ўзини йўқотиб қўймади. Яъни кейинчалик “Сараево” ва “Лос-Анжелес” жамоалари билан овунди.
Абрамович учун суғурта полиси
Узоқ шарқлик миллиардерларнинг бизнеслари юришмай қолса, Яқин Шарқ вакиллари катта саҳнага чиқишади. Шайх Мансур ибн Зайд ал Наҳиён - сайёрамизнинг энг бой кишиларидан ва БАА бош вазири ўринбосари. 2008 йили таиландлик вазир ва “Манчестер Сити” соҳиби Таксин Чинаватнинг ишлари орқага кета бошлади, у ҳаттоки, мамлакатдан қочиб кетиб, Черногория паспортини олишга мажбур бўлди. Шунда ҳимматли шайх “шаҳарликлар” акцияси учун яхшигина пул тўлади. Аслида Абу-Даби амирлик оиласи вакили бошида “Ливерпул”ни нишонга олганди, бироқ якунда келишолмади.
Бундан хабардор таиландлик миллиардер иштиёққа тўла арабга маъқул таклиф билан чиқди, албатта, у аввало, ўз манфаатини ўйлагани ва келишувдан катта фойда кўргани аниқ. Манчестерда соҳиб ўзгаргач, қимматбаҳо харидларга йўл очилди, бунинг ортидан клуб совринларга даъво қила бошлади, қисқа вақтда АПЛнинг энг кучли иштирокчисига айланди. Шайхнинг режалари эса улкан. У 2014 йили City Football Group холдингига асос солди. Эътиборлиси, Мансур ал Наҳиён бутун дунёдаги номлари ўхшаш жамоаларни ўз холдинги қаноти остига олди. Дейлик, АҚШ ва Австралиядан тортиб, Япония ва Эквадоргача қўл чўзди.
Ушбу “маржон” шодаси ҳамон тўлдирилмоқда: 2017 йилнинг августида “Жирона” ҳам сотиб олинди. ФИФА капиталистик тизимнинг бундай “зўр тажрибаси”ни қандай қабул қилишни ҳозирча билолмаяпти. Лекин яқин орада тегишли чора кўрилса керак.
Акс ҳолда, трансферлар ва “Фэйр-плей” қоидаларига мувофиқ келмайдиган ўтишлар кўпайиб кетиши ҳеч гап эмас. “Челси” афсонаси Фрэнк Лэмпарднинг “Нью-Йорк Сити” орқали “Сити” сафига қўшилгани ҳамманинг ёдида. Айни пайт Red Bull хўжайинлари ҳам шунга ўхшаш ишлар билан бандлар, унутмаслик керак, бу компания ихтиёрида Германия, Австрия, АҚШ ва Бразилияда 2 тадан жамоа бор.
Умуман, амирликлар моҳиятан олганда, “Сити” бирикмаси бор кўплаб клубларга эгалик қилиб, улардан Абу-Даби бренди рекламасида кенг фойдаланишмоқда. Реклама йўналишлари эса жуда кенг - авиакомпаниялар, сайёҳлик ва ҳоказо.
БААга қўшни Қатарда ҳам ҳаракатлар жиддий. Қатарликлар футболга мамлакат учун ижобий имидж яратишга ёрдам берувчи “енгил куч” воситаси сифатида қарашади. Чунончи, хорижда Қатар ҳақидаги тасаввурларни яхшилаш жуда муҳим. Инчунин, ҳозиргача кўпчилик ЖЧ-2022 мезбонлик ҳуқуқи шу митти ва жазирама мамлакатга берилганидан норози.
“Барселона” билан глобал ҳамкорлик, унинг футболкасидаги реклама ҳамда “ПСЖ”ни сотиб олиш - булар саъй-ҳаракатларнинг оддий намунаси. Тушунарлики, айнан шу икки клубга дахлдор рекорд трансфер (Неймар хариди) қатарлик соҳиб ташаббуси ҳамда маблағи билан амалга ошди.
Футбол клубини сотиб олиш ҳаракатини ҳам сармоя киритиш, ҳам реклама сифатида баҳолаш мумкин. Шунингдек, бу ўзига хос суғурта воситаси ҳисобланади. Айниқса, ўз мамлакатларида қандайдир муаммога учраган ва хорижда танилишни истаганлар учун. Монтагюнинг хулосаси бўйича айтсак, дейлик, “Челси” Абрамович учун биринчи навбатда, суғурта полиси сифатида хизмат қилади.
4,123 млрд. доллар - сайёрамиздаги энг қимматбаҳо футбол клуби - “Манчестер Юнайтед”нинг умумий баҳоси.
Forbes журнали ва Deloitte таҳлил гуруҳи хулосасига кўра, “қизил иблислар”нинг ўтган йилги даромади 850 млн. долларни ташкил қилган.