
Курдистон демократик партияси ва Курдистон юртсеварлар бирлиги партиялари бир-бирига сиёсий мухолифат ҳисобланади.
Мактубда “Жалол Талабоний каби йўлбошчининг бизни тарк этиши — халқимиз учун катта мусибатдир. У каби етакчи раҳбар ва йўлбошининг ўрнини тўлдириш жуда мушкулдир.
Яқинлари ва Курдистон юртсеварлар бирлиги партия жамоасига чуқур ҳамдардлик билдираман”, деб таъкидлаган Масуд Барзоний ўз мактубида.
Шунингдек, Барзоний Ироқ Курдистонида Талабоний вафоти муносабати билан 7 кунлик мотам эълон қилинганлигини ҳам маълум қилган.
Ироқ парламенти томонидан эгаллаб турган вазифасидан озод этилган, бироқ амалдан четлатилмаган Керкук ҳокими Нажмиддин Карим шаҳардаги давлат байроқларини ярмига туширишга кўрсатма берган.
Маълумот учун, Масуд Барзонийнинг Курдистон демократик партияси (1946 йилда Масуд Барзонийнинг отаси Мустафо Барзоний ва Кади Муҳаммад томонидан тузилган, таҳририят изоҳи) ва Жалол Талабонийнинг Курдистон юртсеварлар бирлиги партиялари бир-бирига сиёсий мухолифат ҳисобланади.
Аввалроқ Ироқнинг собиқ президенти ва Курдистон юртсеварлар бирлиги раҳбари — Жалол Талабоний 84 ёшида Берлиндаги шифохонада вафот этгани ҳақида хабар берган эдик.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ироқ курдларининг референдуми минтақадаги давлатларнинг кескин норозилигига учраган эди.
Ушбу масала юзасидан дунёнинг ривожланган мамлакатлари, жумладан Эрон ҳам ўз норозилигини билдириб ўтган эди.