Беқарор йигитлар ҳақидаги клип сизга қувноқ кайфият баҳш этиши аниқ.
Бугун эса Мадина Мумтоз ижодидаги навбатдаги видеоклипни тақдим этиш истагида. “Севишин айтолмади” номли таронага ишланган клип Сарвар Каримов режиссёрлиги остида Иззатилла Лутфуллаев томонидан тасвирга олинди.
“Севишин айтолмади” қўшиғи ўзининг шўх Хоразмча оҳангги ва рақсбоплиги билан кўплаб мухлислар қалбидан жой олишга улгурган. Илк бора бу тарона Мадина Мумтознинг 2014 йилги яккахон концерт дастурида жаранг сочган. Меҳмонлар эса қўшиқни олқишлар билан кутиб олган ва шу тариқа, оммалашишга эришганди.
Бугун тақдим этилаётган видеоклип гўзал муҳаббат тарихининг бахтли якунини намойиш этади. Клипнинг асл мазмунини тушуниш учун унинг биринчи қисмини томоша қилиш кифоя. “Севишини айтолмади” қўшиғига ишланган клип сюжети “Эй ёр” дея номланган клипнинг давомидир.
Клип беқарор йигитлар ҳақидаги кичик фильм дейиш мумкин. Муҳаббат каби гўзал туйғу тасвирланган видеоклипнинг биринчи қисмида сизга яхши таниш бўлган маҳоратли актрисалар Шаҳзода Муҳаммедова ва Наргиза Салмонова иштирок этишган. Клипнинг иккинчи қисмида эса Наргиза Салмонова билан биргаликда комик актёрларни ҳам кўришингиз мумкин. Ёш хонанда Камилла ҳам видеоклипда бош роллардан бирида иштирок этган.
Клип тарона оҳанггига мос ёрқин тасвирларга бой. Бундан ташқари, хазиломуз сюжетдаги клип сизга юқори кайфият баҳш этиши тайин.
Видеоклипни эътиборингизга ҳавола этамиз.