Бир неча кун аввал актёр яна жарроҳлик столига ётқизилди. Операция омадли ўтди, бироқ кутилмаганда актёрнинг аҳволи оғирлашди ва жонлантириш бўлимига олинди.
“Аҳли мўмин-мусулмонлар, қўлларингизни дуога очиб, адажонимнинг соғликларини сўраб дуо қилинг. 5 дақиқа вақтингизни дуодан аяманг! Ҳозирда шифохонада ҳаёт билан курашяптилар... Ҳали халқимиз учун кўп яшашлари керак, кўп ижод қилишлари керак”, деб ёзади Муқаддас Саъдуллаева.
Актрисанинг маълум қилишича, шу кунларда Лутфулла Саъдуллаев “Баҳор қайтмайди” фильмининг иккинчи қисми устида иш бошлаган.
“Орзуларидаги фильм, яъни “Баҳор қайтмайди–2 — Алимардон Тўраевнинг қайтиши”нинг тасвирга олиш жараёнларини ниҳоясига етказишлари керак. Катта саҳнада премьера қилиб, сиз азиз мухлислар билан дийдор кўришишлари керак. Олдинда ёшларга намуна бўладиган фильмлар яратишлари керак. Фарзандларига, набира ва абираларига бош бўлишлари керак. Дуо қилинг, азизлар! Илтимос, дуо қилинг”, деб сўзларини якунлаган Муқаддас Саъдуллаева.
Лутфулла Саъдуллаев бундан аввал ҳам бир неча бор юрак хасталиги билан шифохонага тушиб, оғир операцияларни бошидан ўтказган эди. Ана шундай операциялардан бири Ҳиндистонда ҳам амалга оширилганди.
Бир неча кун аввал актёр яна жарроҳлик столига ётқизилди. Операция омадли ўтди, бироқ кутилмаганда актёрнинг аҳволи оғирлашди ва жонлантириш бўлимига олинди. Маълумотларга қараганда, Лутфулла Саъдуллаевнинг аҳволи жиддий...
Маълумот учун, актёр жорий йилнинг 18 декабрь куни 77 яшни қаршилайди. 1940 йилда Тошкентда таваллуд топган Лутфулла Саъдуллаев ҳозирги Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институтини тугатади.
Сўнг Ёш томошабинлар театрида иш бошлаб, фаолияти давомида 200 га яқин спектаклларда бир-биридан эсда қоларли роллар ижро этади. Кино ва видеофильмлар, телевизион миниатюралар дастурида ижро этган роллари эса 500 дан ортиқдир.
1968 йилда ҳамкасби, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Гулчеҳра Саъдуллаева билан турмуш қурган актёр — бугун 3 фарзанднинг отаси, 7 набиранинг севимли буваси.
Фурсатдан фойдаланиб, таҳририятимиз номидан Ўзбекистон халқ артисти Лутфулла Саъдуллаевга мустаҳкам соғлик тилаб қоламиз.