...
МЕНЮ
ONLINE TV

Намангандан репортаж: “Навбаҳор” беш йиллик танаффусдан сўнг “Пахтакор”ни мағлуб этди!


11:06, 02.10.2017 Спорт
 3 463

“Пахтакор” жамоасининг грузиялик тажрибали мураббийи Шота Арвеладзе Qalampir.uz журналистининг саволларига жавоб қайтарди.

Кеча, 1 октябрь куни Наманганда Ўзбекистон Олий Лигасининг 23-туридан ўрин олган марказий “Навбаҳор”– “Пахтакор” учрашуви бўлиб ўтди. Учрашув мезбонларнинг 2:0 ҳисобидаги ғалабаси билан якун топди.
 
Эътиборлиси шуки, “Навбаҳор” “Пахтакор” жамоасини Наманганда бундан беш йил аввал мағлубиятга учратган эди. Мана, орадан беш йил ўтиб, наманганликлар ушбу анъанага 10000 минг нафар мухлислари кўз олдида барҳам беришни уддалашди.
 
Биринчи бўлим асосан майдон марказида кечди ва иккала жамоада ҳам бир нечта қулай вазиятлар юзага келди. Иккинчи бўлимни фаол бошлаган “лочинлар” 57-дақиқада ўз мақсадларига эришдилар.
 
Мирзоҳид Ғофуров чап қанотдан “Пахтакор” жарима майдонига ёриб кириб, Ўзбекистон терма жамоаси дарвозабони Александр Лобанов қўриқлаёган дарвозани аниқ нишонга олди ва ўз жамоасини олдинга олиб чиқди.
 
Учрашувнинг 72-дақиқасида мезбонлар яна қарши ҳужумдан унумли фойдаланишди. Рўзимбой Аҳмедов тўпни тўхтатиб олиб, дарвозага аниқ йўллади, ҳамда якуний ҳисобни ўрнатди: 2:0.
 
Шу куни “Пахтакор”нинг тўрт нафар легионер футболчилари ҳамда жамоанинг грузиялик мураббийи Шота Арвеладзе “Навбахор” тактикасидан панд ейишди.
 
Наманганликлар бош мураббийи Илҳом Мўминжонов “Пахтакор”га қарши бошқача тактик схема қўллаганини ўйиндан кейинги матбуот анжуманида таъкидлаб ўтди.
 
– “Пахтакор”нинг сўнгги ўйинларини жиддий тарзда ўрганиб чиққандик.  Биринчи бўлимда кўпроқ рақибга ўйнаш имкониятини бердик.
 
Танаффусдан кейин эса бошқа услубда тўп суришни мақсад қилгандик. Мураббийлар билан рақибни ўрганиш чоғида шундай тўхтамга келгандик. “Пахтакор” “Локомотив” билан ўтган ўйинда ғалаба қозонган бўлсада иккинчи бўлимнинг иккинчи қисмини бўшроқ ўтказганди. Айнан шундан келиб чиққан ҳолда бу ўйинга бошқача тактика танлагандик.
 

 
Агарда эътибор берган бўлсангиз 23-турга қадар 4х2х3х1 тактик схемаси асосида ўйнаб келаётгандик. “Пахтакор”га қарши эса 4х1х4х1 тактик схемасини қўлладик.
 
Ўйин услубини ўзгартирганимиз ва футболчиларимиз ўз олдиларига қўйилган вазифани муносиб тарзда бажарганликлари сабабли ғалабага эришиб, наманганлик мухлислар олдида юзимиз ёруғ бўлди”, – деди Мўминжонов.
 
Шунингдек, “шерлар” бош мураббийи Шота Арвеладзе ҳам ўйин хусусида Qalampir.uz журналистининг саволларига жавоб қайтарди.
 
– Яхши ўйин бўлди. Қолаверса учрашув мухлисларга ҳам ёқди. Курашларга бой футболга гувоҳ бўлдик. Шу ўринда бундай майдонда муносиб тўп суриш анча мушкул.
 
Аммо, ўйингоҳдаги муҳитга гап бўлиши мумкин эмас. Ўзбекистондаги фаолиятим давомида бу каби мухлисларни биринчи бор кўрмоқдаман. Наманганлик мухлислар жамоаларини муносиб тарзда қўллаб-қувватлашди.
 

 
Легионерларнинг ўйини ҳақида нима дея оласиз?
 
– Рости, бугун “Пахтакор”даги энг яхши ўйинларидан бирини ўтказди. Гиди ва Тиеголар бунданда яхшироқ ўйнай олишади. Шунингдек, Марко ҳам яхши ўйнади.
 
“Пахтакор”ни ғалабасига нима етишмади, деб ўйлайсиз?
 
– Бунинг сабаби, “Навбаҳор” жамоасининг ўзи дейишим мумкин. Биринчи бўлимда ўйин назоратини ўз қўлимизда сақлаб турдик. Лекин, кутилмаганда ўтказиб юборилган гол ҳаммасини ўзгартириб юборди.
 
Майдон ҳолати ўзимизнинг ўйинимизни намойиш этишга тўсқинлик қилди. Очиғини айтиш керак, майдон ҳолати ўта ёмон даражада эди. Бундай шароитда ўйнаш анча қийин”, – деди Арвеладзе.
 
Олий Лига, 23-тур
 
"Навбаҳор –"Пахтакор" 2:0 (0:0, 2:0).
Голлар: 1:0 - 57 Ғофуров, 2:0 - 72 Аҳмедов.
 
“Навбаҳор”: Ҳамроев, Ғофуров, Комилов, Меҳмонов, Станоевич, Ўрунов, Жабборов, Алиев, Қиличев (Махсталиев 80), Турғунбоев (Бойдедаев 90), Аҳмедов (Йованович 75).
 
“Пахтакор”: Лобанов, Козак, Аъзамов, Симич, Ҳошимов, Гриффитс, А.Аҳмедов (Искандеров 76), Нуруллаев (Иброҳимов 66), Безерра, Канюк (Ҳакимов 84), Сергеев.
 
Огоҳлантиришлар: Ғофуров 44, Безерра 36, Станоевич 53, Қиличев 80.
 
Маълумот учун, “Навбаҳор” ушбу ғалабадан сўнг 36 очко жамғариб, Олий Лига жадвалида 7-ўринга кўтарилиб олди. “Пахтакор” эса 41 очко билан жадвалнинг ҳали ҳамон учинчи ўрнини эгаллаб турибди. 
Акмалхон Эшонхонов

Теглар:Навбаҳор Пахтакор Олий Лига 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!