
Ушбу картина 2017 йилнинг 19 июнь куни Женевада премьера қилинган эди.
Ушбу картина 2017 йилнинг 19 июнь куни Женевада премьера қилинган эди. Куни кеча АҚШнинг Лос-Анжелес шаҳрида ҳам ушбу фильм тақдимоти бўлиб ўтди. Бу ҳақда Ислом Каримов номидаги Республика хайрия жамоат фондининг ижтимоий тармоқлардаги саҳифасида хабар берилди.
“АҚШнинг Лос-Анжелес шаҳрида Шарқнинг буюк мутафаккири ва Мовароуннаҳр ҳукмдори Мирзо Улуғбек ҳаёти ва илмий мероси ҳақида ҳикоя қилувчи “Мирзо Улуғбек. Осмон тоқига қўйилган нарвон” тарихий ҳужжатли фильмининг тақдимоти бўлиб ўтди”, дейилади хабарда.
.jpg)
Лос-Анжелесдаги тақдимотда 1969 йилда “Аполлон 11” миссияси доирасида Ой юзига иккинчи бўлиб қадам босган афсонавий америкалик астронавт Базз Олдрин ва тарихий кинолентада бош ролни ижро этган актёр, жаҳон киноси юлдузи Арманд Ассанте иштирок этган.
Маълумот ўрнида, ушбу киноасар 2017 йилда 74-Халқаро Венеция кинофестивалида “Энг яхши хорижий ҳужжатли фильм” номинациясида нуфузли "Кинео" мукофотига сазовор бўлди, Италиянинг Искья оролида бўлиб ўтган халқаро кинофестивалда эса “Энг яхши ҳужжатли фильм” номинациясида ғолиб бўлди.
Жорий йилнинг сентябрь ойида “Мирзо Улуғбек. Осмон тоқига қўйилган нарвон” фильмини ўзбек тилида бепул кўриш имконияти яратилади.