2 сентябрь куни Самарқандда Марказий Осиё архитектурасининг энг яхши анъаналарини ўзида мужассам этган Ислом Каримов мақбараси очилади.
28 август куни Самарқандда “Жаҳон цивилизацияси тарихида Марказий Осиё уйғониши” номли халқаро конференцияда Лола Каримова-Тилляева нутқ сўзлади:
“Ҳурматли хонимлар ва жаноблар!
ЮНЕСКОнинг Ўзбекистондаги доимий вакили сифатида мен бугун сизларни маданий алмашинув ва илмий ютуқларни намоён этувчи, бутунжаҳон маданий маркази ҳисобланувчи бой тарихга эга — қадимий Самарқанд шаҳрида кўриб турганимдан мамнунман.
ЮНЕСКОнинг Ўзбекистондаги доимий вакили учун жаҳон цивилизациясига Марказий Осиё олимларининг ҳиссасини қўшишга бағишланган бундай конференцияни ташкил этиш катта шарафдир. Мен Самарқандда амалга оширилган ва доимий вакил учун муҳим бўлган лойиҳа ҳақида алоҳида таъкидламоқчиман.
Ўтган йил давомида бизнинг доимий ваколатхонамиз ЮНЕСКОнинг бутунжаҳон мероси маркази ва ёдгорликлар ҳамда диққатга сазовор жойларни сақлаш кенгаши билан отам — Ўзбекистон Республикаси мустақиллигига асос солган Ислом Каримов қабрида ёдгорлик қурилиши лойиҳаси доирасида ҳамкорликда ишлади. Бу ҳамкорлик натижаси ўлароқ, барча қурилиш ишлари ЮНЕСКОнинг қатъий талаблари асосида олиб борилганидан хурсандмиз. Марказий Осиё архитектурасининг энг яхши анъаналарини ўзида мужассам этган мақбара отам вафотига бир йил тўлган кун — 2 сентябрда очилади.
ЮНЕСКОнинг бир неча жорий лойиҳалари амалга оширилганидан сўнг, мен яқин орада ўз оилам, шахсий мақсадларим, Ислом Каримов фондининг лойиҳалари, бошқа ижодий, маданий ва хайрия тадбирларига асосий эътиборимни қаратиш мақсадида ЮНЕСКОдаги доимий вакил сифатидаги фаолиятимни якунламоқчиман. Доимий вакил сифатидаги фаолиятим мен учун жуда ноёб ва қадрли тажриба бўлди. Жаҳон экспертлари билан бирга ишлаган шу 10 йиллик фаолиятим учун миннатдорман ва яна бир карра амин бўлдимки, жаҳон гўзаллиги инсоният келажаги ва катта кучи бирликда экан.
Мен яна бир бор гўзалликни ва ўтмишдаги цивилизациялар тажрибасини ёки номодий мерос сифатида аждодларимиз меросини “жонли тарзда” сақлаш орқали турли маданиятларнинг таркибий қисмини сақлаб қолиш бўйича ЮНЕСКО томонидан амалга оширилган ишларнинг аҳамиятини яна бир бор таъкидлашни истардим.
Бу ташкилотда бебаҳо тажриба орттирганимдан жуда бахтиёрман. Албатта, сўнгги 10 йил мобайнида ташкилот томонидан амалга оширилган барча лойиҳаларни бир нутқда ифодалаш мушкул. Шу сабабли Ўзбекистоннинг тарихий мероси ва бой маданиятини сақлашга қаратилган бир қатор лойиҳалар хусусида тўхталаман.
ЮНЕСКО ваколатхонасининг 2008 йилдан буён фаолияти давомида “Наврўз” айёмини нишонлаш, “Катта ашула” анъанавий қўшиғи, ўзбек палови анъаналари ва маданияти, Бойсун туманининг маданияти, Шошмақом классик мусиқаси анъанаси, “Аския” санъати каби қадриятлари ташкилотнинг номоддий маданий мерос рўйхатига киритилди. Ўтган йили Қозоғистон, Қирғизистон, Ўзбекистон ҳудудини қоплаган Ғарбий Тянь-Шань тоғ тизмаси — Жаҳон мероси рўйхатига киритилди. Бу эса мамлакатимизнинг маданиятини намоён этувчи ижтимоий алоқалар, бирдамлик қадриятини илгари суриш, маҳаллий меросни сақлашда муҳим роль ўйнайди.
Айни вақтда бизнинг доимий ваколатхонамиз “Икат” ўзбек ипакчилик анъанасини ЮНЕСКОнинг номоддий маданий меросининг амалий тажриба рўйхатига киритиш устида иш олиб боряпти. Ўзбек икатининг хусусиятларини жаҳон ҳамжамиятига таништириш мақсадида Ислом Каримов фонди билан ҳамкорликда Тошкентда ипакчиликнинг ноёб санъатини намоён этишга қаратилган 18 кунлик “Авлодларни боғлаган ип” номли кўргазма ташкил этдик. Кўргазмада Марғилоннинг уста-ҳунармандларининг замонавий ишлари, шунингдек ижодий мерос намуналари намойиш этилганди. Бу анъанавий санъатни сақлаб қолиш учун Ислом Каримов фонди “Ўзбек ипагининг уйғониши” номли китобни нашр этди. Инглиз, француз, рус ва ўзбек тилларида чоп этилган китоб Ўзбекистонда ипак санъатининг яралишидан тортиб, то замонавий ипакчилик намунаси сифатида намоён бўлишига қадар бўлган тарихни ўз ичига олади. Биз бугун мазкур китобларни сизга тақдим этишдан мамнунмиз.
Сўнгги 10 йил ичида ноширчилик ишимизнинг асосий йўналишларимиздан бирига айланди. Сўнгги нашрларимиздан бири — “Uzbekistan. An Experince of Cultural Treasures to Colour” китоби бўлиб, унда Самарқанд ва Бухоронинг ажойиб тарихий ёдгорликларидан то замонавий амалий ва тасвирий санъат намуналарини мужассамлаштирган мамлакатимизнинг бой маданий мероси ҳақида сўз юритилган.
Биз шунингдек, ўзбек адабиёти асарларини хориж тилларига таржима қилиш учун грантлар ажратиш орқали Ўзбекистоннинг бой маданий меросини тарқатиш ва қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратганмиз. 2015 йилда доимий ваколатхона кўмагида замонавий ўзбек адабиёти намоёндаси Эркин Аъзамнинг бир қатор асарлари инглиз ва француз тилларига таржима қилинганди. Айни пайтда Ислом Каримов фонди билан ҳамкорликда XX асрнинг машҳур ёзувчилари — Абдулла Қодирий ва Абдулҳамид Чўлпон асарларини таржима қилиш борасида иш олиб бориляпти.
Мен шу йиллар давомида амалга оширилган лойиҳаларни қисқача санаб ўтмоқчи эдим. Улар қаторига замонавий ўзбек рассомларининг картинаоари каталогининг нашри; машҳур ва ёш ўзбек рассомлари ва сураткашларининг кўргазмаларидан иборат ўнлаб маданий тадбирлар; ўзбек киносининг тақдимотлари; Марказий Осиёнинг буюк олилари меҳнатига бағишланган бир қатор халқаро анжуманлар; Ғарбда Авиценна номи билан машҳур бўлган Абу Али Ибн Сино, Самарқанд ҳукмдори ва буюк олим Мирзо Улуғбек ҳаёти ва фаолиятига доир ҳужжатли фильм киради.
Мен доим таълим ва маданият дунёда тинчлик ва толерантликни сақлаб қолиш, цивилизациялар ўртасида кўприк бўлиш учун асосий омил эканлигига амин бўлганман.
Мен маданий меросни асраб-авайлаш борасида улкан ишларни олиб бораётган ва илм-фан, сўз эркинлиги ва тинчлик сари илҳомлантириш орқали инсониятни юксалишга олиб келадиган халқаро ташкилотда ўз мамлакатимни намоён этиш шарафига эга бўлганимдан миннатдорман.”