Болангиз билан суҳбат давомида унинг қўлидан ушланг, нигоҳларингиз бир хил даражада бўлиши учун ёнига ўтиринг. Умуман, болангиз билан суҳбатлашганингизда тепадан пастга қараган ҳолда сўзлашманг.
Ўзбекистоннинг ЮНЕСКОдаги доимий вакили, “Сен ёлғиз эмассан” хайрия фонди ва Республика болалар ижтимоий мослашуви маркази раиси, Ўзбекистон гимнастика федерацияси президенти Лола Каримова-Тилляева 25 май – “Сўнгги қўнғироқ” байрами ва 1 июнь – “Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни” муносабати ижтимоий тармоқлардаги шахсий саҳифаси орқали ота-оналарга юзланди. 3 фарзанднинг онаси бўлган Лола Каримова-Тилляева Instagram’га қизи Сафия билан тушган суратини жойлар экан, изоҳда ота-оналар ва болалар ўртасида дўстлик ришталари мустаҳкам бўлиши керак, деган фикрни илгари сурди.
“Ўқув йили ўз ниҳоясига етаётган шундай кунларда, мен барча ота-оналар ва болаларга омад, бахт, ҳамжиҳатлик ва албатта, мустаҳкам соғлиқ тилайман. Менинг бугунги постим айнан ота-оналарга бағишланади, ахир кўп нарсалар айнан бизга боғлиқ.
Ўз фарзандингизга худди сиз каби мустақил шахс, ўз ҳиссиётлари, ташвишлари ва кичик бир оламига эга инсон билан қизиққандек қизиқинг. Биз катталар, кўпинча, бу ҳақида унутиб қўямиз ва асосий эътиборни боламизнинг овқатланиши, саломатлиги, мактабдаги баҳоларига қаратамиз. Агарда ушбу омиллар кўнглимиздагидек бўлса, биз “демак фарзандимнинг муаммоси йўқ, бахтиёр ва ҳаётидан мамнун” деган фикрга келамиз. Фарзандингизга у нималар билан шуғулланиши, унинг қизиқишлари, уни қандай нарсалар хавотирга солиши ҳақида суҳбатлашиш учун, албатта, вақт ажратишга ҳаракат қилинг. Бола қандай ички кечинмалар ёки қўрқувларни қалбидан ўтказаётганини билишга интилинг. Балки фарзандингиз сиз билан шунчаки ўз ҳаётидаги янгиликлар, шаклланаётган дунёқараши ва атрофидаги инсонлар борасидаги фикрлари билан ўртоқлашмоқчидир.
Болангиз билан суҳбат давомида унинг қўлидан ушланг, нигоҳларингиз бир хил даражада бўлиши учун ёнига ўтиринг. Умуман, болангиз билан суҳбатлашганингизда тепадан пастга қараган ҳолда сўзлашманг. Шунда сиз, фарзандингиз сизни янада яхшироқ тушунаётганини ҳамда сизда назоратчини эмас, балки ўзининг мададкор дўсти, уни яхши кўрувчи ва тушунувчи инсонни кўраётганини ҳис қиласиз”, деб ёзади Лола Каримова-Тилляева.