31 январь куни Тошкентда “Ижтимоий инклюзия: болалар ижтимоийлашувидаги янги йўналишлар” мавзуидаги халқаро конференция иш бошлаган эди.
Конференция ишида 200 га яқин маҳаллий ва хорижий мутахассислар, жумладан, Ўзбекистон Республикаси вазирлик ва идораларининг раҳбарлари, мутахассислар, ЮНИСЕФ, ЮНЕСКО, БМТнинг Тараққиёт дастури каби халқаро ташкилотлар ҳамда Европа иттифоқининг Ўзбекистондаги делегацияси вакиллари иштирок этдилар.
Меҳрибонлик уйи тарбияланувчилари ва имконияти чекланган болаларнинг жамиятга интеграциялашуви жараёнида маълум қийинчиликларга дуч келадилар. Ушбу болалар гуруҳи “жамиятдан четланиб қолиш” яъни ижтимоий эксклюзия хавфига дучор бўлиши мумкин.
Имконияти чекланган, ота-она қарамоғисиз қолган болаларнинг таълим, маданият ва спорт соҳасида уларнинг имкониятларини инобатга олган ҳолда ижтимоий муҳофаза қилиш ва интеграциялаш самарадорлигини ошириш бўйича малака алмашиш ва тавсиялар ишлаб чиқиш Конференциянинг асосий вазифаларидан бўлди. Алоҳида эҳтиёжли ўсмирларни келгусида жамиятда тўлақонли мустақил ҳаёт кечириши учун уларни касбий ва меҳнатга оид тайёрлаш тизимини такомиллаштириш юзасидан тавсиялар ишлаб чиқилди.
“Сен ёлғиз эмассан” Республика жамоатчилик болалар жамғармаси, Республика болалар ижтимоий мослашуви маркази раиси Лола Каримова-Тилляева мазкур конференция ҳақида сўз юритар экан, қуйидагича изоҳ беради:
“Конференция давомида тадбир иштирокчилари ва меҳмонларини “Сен ёлғиз эмассан” фонди ва Болалар ижтимоий мослашуви марказининг фаолияти ва кўп йиллик тажрибаси билан бевосита таништириш имкониятига эга бўлдик.
Биргаликдаги саъй-ҳаракатларимиз жамиятимизда ижтимоий ҳимояга муҳтож болаларга нисбатан муносабат маълум даражада ўзгаришига, ушбу болаларнинг салоҳиятини оширишга ва уларнинг келажакка бўлган умиди ҳамда ишончини мустаҳкамлашга катта туртки бўлишига астойдил ишонаман”.