Лионель Месси “истеъфодан” қандайдир мақсадларни кўзлаган бўлиши мумкин.
Аргентина терма жамоаси мухлислари орзиқиб кутган бир неча йиллик чемпионликка етай деб турилган бир пайтда ҳаммаси барбод бўлди. Жамоа тўртинчи марта финалда аламли мағлубиятга учради. Учрашувнинг асосий вақтида ва қўшимча таймларда Чили жамоасини ютишнинг уддасидан чиқмаган “қудратли” Аргентина терма жамоаси, охир–оқибат пеналтилар сериясида 4:2 ҳисобида мағлуб бўлди. Месси 11 метрлик масофадан тўпни дарвоза тўрига йўллай олмади. Балки, шунинг учун ҳам футболчи жамоасининг мағлубиятида ўзини яққол айбдор деб ҳис қилгандир. Ўйиндан сўнг у жаҳл устида миллий терма жамоадаги фаолиятини тугатишини айтди.
Албатта, Мессининг кутилмаган қарори кўпчиликни ҳайратга солди. Лекин унинг бу қарорни қабул қилишида бошқа сабаблар ҳам бор. Бунинг учун 15 йил олдинги тарихга, яъни 2001 йилга назар ташлаймиз. Ўшанда 13 ёшли Месси оиласи билан Испаниянинг Барселона шаҳрига кетишга мажбур бўлган эди. Ёш иқтидор эгаси бўй ўстирувчи гармонлар етишмаслигидан азият чекаётган бир пайтда, унинг “Ньюэлз Олд Бойз” клуби футболчининг муолажалари учун ойига минг доллардан ҳақ тўлашдан бош тортади. Бу гап жуда тез фурсатда океан ошиб Барселонагача етиб боради. Буёғи қандай бўлгани барчага маълум.
Ўшандан буён кўплаб аргентиналиклар Лионель Мессига нисбатан бегона сифатида қарашни бошалаганлар. Уларнинг фикрича, Месси Европага кетишдан олдин Диего Марадона ва Карлос Тевесдек қаҳрамон футболчилар каби Аргентина лигасида ўйнаб, танилмаган. Аргентиналиклар назарида, у Каталониянинг беғам ҳаётини танлаб ўз мамлакатини тарк этган ва ҳеч қачон ортга қарамаган. Бу ҳақда ҳар куни Аргентинанинг исталган ерида – барларда, таксида, жамоат жойларида ва бошқа ҳудудларда эшитиш мумкин.
Йиллар ўтиб, Месси “Барселона” билан чемпион бўлаётгани ва бир нечта Олтин тўпга эга чиққани, аргентиналикларнинг унга нисбатан танқидларини янада орттирди. Месси аргентиналиклар учун шунчаки бегона эди ва уларнинг 1986 йилги жаҳон чемпионатидаги қаҳрамони Диего Марадонага асло ўхшамасди.
Аргентиналикларнинг айтишича, ҳозирги миллий терма жамоа Серхио Агуеро ва Анхель Ди Мариядек супер юлдузларга тўла. Мессининг жамоани ғалабага олиб бормагани, гўёки жирканч ишдир. Марадона билан чемпион бўлган Аргентина терма жамоси ҳам ҳозиргисидан фарқ қилмас эди. Ўшанда жамоани ғалабага етаклаган иқтидор Аргентинада тарбияланган эди, Месси эса барчасини ташлаб, Испанияга кетган.
Шу ўринда бир савол туғилади: терма жамоада кимлар ўйнашидан қатъи назар, биринчи навбатда жамоанинг мувафаққиятга эришиши турмайдими? Месси миллий терма жамоа учун жуда катта кўламдаги ишни бажарди. У астойидил терма жамоа билан чемпион бўлишни хоҳлади.
Агар Месси терма жамоадан кетишини эълон қилмаганда Аргентинадаги кўпчилик одам уни жамоани навбатдаги иккинчи ўринга “сазовор” бўлгани учун айблар эди. Месси эса шунчаки уларнинг оғзини ёпди.
Мен башоратчи эмасман, лекин шуни тахмин қилишим мумкинки, дунёнинг энг яхши ўйинчиси, шунчаки алдади. Месси ўзининг терма жамоадан кетиши ҳақидаги гап билан икки мақсадни кўзлаган. Биринчиси, яқинда Аргентина футбол федерацияси атрофида бўлиб ўтган можаролар, яъни келишилган ўйинлар учун АФФ президенти ва бир нечта юқори дивизия клуб раҳбарлари айбланган эди. Месси эски можарони қўзғаб, мамлакат футбол тизимини бутунлай янги босқичга олиб чиқишга умид қилмоқда. Иккинчидан, Месси аргентиналик футбол мухлисларини унга нисбатан салбий фикрлардан воз кечиб, уни “истеъфо”дан қайтишини сўрашга мажбур қилмоқчи.
Агар Мессининг кетиш ҳақидаги қарори жиддий бўлса, у ҳолда бу футбол учун катта йўқотиш бўлади. Лекин у маҳоратли футболчи бўлиб тарихда қолмоқчи бўлса, терма жамоа билан ҳам чампион бўлиши керак. Агар у Аргентина билан нимага қодир эканлигини исботлаб берса, ватандошлари ҳам уни танқид қилишдан тўхтармиди…