Базмларда таомлар ва ичимликларга қўшиб бир тилим лимон беришади. Кўпчилик буни безак ёки кичик десерт деб ўйлайди. Аслида эса у...
У апельсин, мандарин ва банандан фарқли ўлароқ бирмунча шифобахш хусусиятларга эга. Шунингдек, ундан косметика, фармацевтика, кимё саноатида ҳам кенг фойдаланилади. Асосан субтропик минтақалаларда етиштириладиган ушбу цитрус мева органик кислоталар, сахароза, С, Р ва В гуруҳ витаминларига бой, пўчоғида эса эфир мойи мавжуд.
Битта бўтасимон дарахтидан ўртача 15–30 килограмм ҳосил олиш мумкин. Ўзбекистонда ҳозирда жуда кўп оилалар лимон етиштириш ҳадисини олишган...
Хуллас, лимон бизнинг рационимизга бегона эмас. Бироқ тарих саҳифаларида унинг номи тез-тез қайд этилганини ҳамма ҳам билавермаса керак. Эътиборингизга лимон билан боғлиқ қизиқ воқеаларни тақдим этамиз:
- Македониялик Александрга (Буюк Александр III, эр. ав. 356–323, шарқда Искандар Зулқарнайн — икки аср соҳиби) қўшинининг бўлинма қўмондонлари Ҳиндистондан бошқа табиий неъматлар, уларнинг уруғ ва кўчатлари қаторида лимон ҳам олиб келишади. Бундай мева ҳали Европага олиб келинмаган эди ва қўмондон уни “ҳинд олмаси” дея атай бошлади. Ўша пайтларда лимон — “тансиқ олма” эди, ҳозирда эса уни нордон таъми учун ҳеч ким олма каби истеъмол қилмайди. Аммо у ҳар доим дастурхонимизнинг кўрки, негаки 100 грамм лимонда 40 миллиграмм витамин С — “иштаҳа малҳами” мавжуд;
- Буюк Британия Ҳарбий денгиз флотининг ташаббуси билан денгизчи-сайёҳ Жемс Кук (1728–1779) Англия Қироллиги уюшмасининг олтин медали билан мукофотланган эди. Кўпчилик унинг раҳбарлигида уч марта амалга оширилган дунё бўйлаб саёҳат ва кашф этилган бир нечта ороллар учун тақдирланган, деб ўйлашади. Тўғри, география ва бошқа қатор фанларга ўз ҳиссасини қўшган Кук бир неча бор тақдирланган. Бироқ олтин медални у денгизчиларни цинк касалига чалинмаслиги учун лимон мевасидан фойдаланишни жорий этгани учун олган эди. XVII асрда инглиз денгизчиларини кўпчилик “лимонхўрлар” деб атагани бунинг исботи бўлса, ажабмас;
- Испан халқ фольклёрида лимон — аччиқ, алданган муҳаббат тимсоли! Ширин муҳаббат тимсоли эса — апельсин;
- Маълумки жуда кўп истеъмол маҳсулотлари: чой, музқаймоқ, сақич, яхна ичимликлар, ширинликларга ҳамда хўжалик воситалари: шампун, атирсовун, кир ва идиш-товоқ ювиш воситаларига сунъий равишда турли мевалар таъми (ҳиди) қўшилади. Уларнинг аксарият қисмини “лимонлилари” ташкил этади;
- 1950 йилларда селекционер Лапин томонидан десертли лимоннинг энг катта мева берадиган нави яратилди. Бироқ уни етиштириш баъзи сабабларга кўра оммавий тус олмади. Совет Иттифоқи сиёсатчиларидан бирининг: “...советлар стаканига сиғмайдиган лимон — совет халқи учун керак эмас!” дея танқид қилган эди;
- Базмларда лаб-лўнжни доғ қилувчи хусусиятга эга мева, ичимлик ва таомларга қўшиб бир тилим лимон беришади. Кўпчилик буни безак ёки кичик десерт ўрнида қабул қилади. Аслида у лабингизда юқи қолган таом ва ичимликларни артиш учун идишга қистирилиб қўйилар экан;
- Журналистлар ўта камсуқум, матбуотдан ўзини олиб қочадиган спортчиларга “лимон” лақабини қўйишаркан. Масалан, французлар совуққонлиги, камгаплиги учун Евгений Кафельниковга шундай “унвон” беришган;
- Лимон билан боғлиқ яна бир қизиқ воқеа: бастакор Дмитрий Шостакович (1906–1975) Британия Қироличаси Елизаветта II томонидан бир пиёла чойга таклиф этилади. Одат тусига кириб қолганидек, идишга бир тилим лимон қистирилган эди. Машҳур бастакор чойни ичиб бўлгач, қошиқча билан ҳалиги лимон тилимини олади-да оғзига солади. Ҳамма ҳайрон... Бастакорнинг бу хатти-ҳаракати этикет қоидаларига зид эди-да! Шунда, меҳмонни ноқулай вазият қутқариш учун қиролича илтифот кўрсатади, у ҳам пиёласидаги лимон бўлагини номигагина “еб қўяди”. Ана шу воқеадан сўнг бутун Англияда ичимлик идишига қистирилган лимон “шимилиб қўйиладиган” бўлди;
- Европа давлатларида омадсизлик борасида бир ибора бор: сенга тақдир “лимон”ларни ато этса, куйинма, уларни эзиб линомад қил!
Омон бўлинг!