...
МЕНЮ
ONLINE TV

Кузатув камералари хатоликларга йўл қўяётгани аниқланди


11:15, 22.03.2017 Жамият
 13 408

Бир гуруҳ ҳайдовчилар камераларнинг носоз ишлаётганидан шикоят қилишяпти.

Жорий йил 15 мартда Тошкент шаҳридаги чорраҳалар ва кўчаларга ўрнатилган кузатув камералари иш бошлаганидан хабарингиз бор. Бу камералар фаолиятига эндигина 1 ҳафта бўлибоқ, бугун ҳайдовчилар орасида кенг муҳокамалар келиб чиқмоқда. Албатта, бу фикрлар икки томонга ажралган: айрим ҳайдовчилар камералар ишга тушганидан буён йўл қоидасини бузиш ҳолатлари камайганини қайд этишган бўлса, яна бир гуруҳ ҳайдовчилар камераларнинг носоз ишлаётганидан шикоят қилишган.
                                      
Пойтахтнинг кўплаб ҳайдовчиларига йўл қоидасини бузганликлари учун хат юборилган. Айрим ҳайдовчилар мазкур хатни ижтимоий тармоқларга юклаб, ундаги қоидабузарликларни кенг муҳокамага қўйишди. Улардан бирида шундай дейилади:
 
“Менга ҳам “Бахт хати” келди. Яна бир хатолик билан келган хат. Хатда келтирилган телефон рақамига қўнғироқ қилдик, инспекцияга мурожаат этишимизни ва суратда келтирилган машина бизники эмаслигини исботлашимиз лозимлигини айтишди. Бизнинг автомобиль рақами 550, қоидани бузган машина рақами эса 450. Буни қандай тушуниш мумкин?”
 
Яна бир хатда ҳам ўхшаш рақамли автомобиллар акс этган бўлиб, қоида бузган машина эгаси адаштириб юборилган. Ҳайдовчилар бундай ҳолат тез-тез учраётганидан шикоят қилишмоқда.
 
Ҳайдовчилар орасида қоида бузгани учун хатолик билан келган хатга жавобан, ўз айбсизлигини исботлаганлар ҳам топилди. Масалан, аслида светофорнинг яшил чироғида юрган автомобиль эгасига тақиқланган – қизил рангда ўтгани учун жарима хати келган. Автомобиль эгаси вазиятга ойдинлик киритиш мақсадида диспетчерга қўнғироқ қилган ва айбсизлигини исботлай олган. Натижада эса жарима бекор қилинган.
 
Айтиш керакки, пойтахт ЙҲХБ вакиллари кузатув камераларининг синов тизимида ишга тушгани ҳақида огоҳлантиришган эди. Бошқарма ходимлари шунга ўхшаш хатоликлар пайдо бўлиши мумкинлиги ҳақида айтиб ўтишган. Агар қоидабузарлик бўйича жарима хатини олган автомобиль эгалари ўзларининг айбсизликларига амин бўлишса, Марказий диспетчерлик хизматига мурожаат қилишлари мумкин.

Биз ушбу масалага аниқлик киритиш мақсадида Тошкент шаҳар ЙҲХБ Компьютерлаштирилган бошқарув тизими бошлиғи, подполковник Шуҳрат Муродов билан боғландик.

— Олдин ҳам айтганмиз, камералар ҳозир синовдан ўтказилмоқда. Бундай жузъий камчиликлар кузатилиши табиий ҳолат. Агар қоидабузарлик бўйича жарима хатини олган ҳайдовчилар ўзларининг айбсизликларига амин бўлишса, Марказий диспетчерлик хизматига мурожаат қилишлари мумкин. Бу камчиликлар бартараф этилмоқда.

 Кузатув камералари 2015 йилда ўрнатилган эди. Агар синов муддати ҳамон давом этаётган бўлса, камералар ишга туширилиб, аҳолини жаримага тортиш қанчалик тўғри? Бундан ташқари, светофорларнинг аксариятида ҳали ҳам носозликлар кузатилмоқда, йўлларга ётиқ чизиқлар чизиб бўлинмади. Ушбу синов муддати яна қанча давом этади?
Дурдона Расулова 

Теглар:Кузатув камералари Йўл ҳаракати 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар

Аюпов Равшан Хамдамович
17:51 22.03.2017

Нега жарималар катталиги жуда хам юксак даражада! Агар жарималар микдори аклга мувофик булганида, бундай жаримага тортишни карокчилик деб атамаган булар эдим! Масалан, менинг пенсиям 650 000 сум булган холда светофордаги чизикни босиб тухтаганим учун уни "светофорнинг такикловчи ишорасига буйсунмаслик", деб хисобланиб, менинг 299 550 сум жаримага тортилишим умуман на аклга ва на мантикка мос келади! Менимча жарималар катталигини халк хазм кила оладиган даражага келтириш зарур, шунда ДАН ходимларининг халк хисобига бирданига катта пул ишлаб олишга интилиш истаги бироз тусиб куйилар эди. Чунки хозирги кунларда купчилик инсонларнинг иш хаки 700 000 - 800 000 минг сумдан ошмайди. Кези келганида шуни хам эслатиб куйиш керакми дейман: Халкда яхши макол бор - "Угри бул, карокчи бул, инсоф билан бул" деган!!!



Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!

Тавсия

Сўровлар

Қайси мобил оператор хизматидан фойдаланасиз?

Барча сўровлар