Корея Республикаси Миллий Ассамблеяси Спикери Чон Сэ Гюн бошчилигидаги делегация Ўзбекистонга ташриф буюрди.
Кеча, 25 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати ва Қонунчилик палатасида Корея Республикаси Миллий Ассамблеяси Спикери Чон Сэ Гюн бошчилигидаги делегация аъзолари билан учрашувлар ўтказилди. Бу ҳақда Ўзбекистон ҳукумат порталида хабар берилди.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси Ниғматилла Йўлдошев билан учрашувда икки мамлакат ўртасидаги ҳамкорлик барча соҳаларда изчил ривожланиб бораётгани, парламентлараро алоқалар бу муносабатларнинг ҳуқуқий асоси бўлиб хизмат қилаётгани таъкидланди.
Корея Республикаси Миллий Ассамблеясида “Корея–Ўзбекистон” парламент дўстлик ассоциацияси, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисида Корея Республикаси Миллий Ассамблеяси билан ҳамкорлик бўйича парламентлараро гуруҳ ташкил этилган.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикери Нуриддин Исмоилов билан учрашувда парламентлараро алоқаларни янада фаоллаштириш масалалари муҳокама қилинди.
Корея Республикаси делегацияси аъзолари Мустақиллик майдонига ташриф буюриб, Мустақиллик ва эзгулик монументи пойига гул қўйишди.