Ўз мажбуриятларига совуққонлик билан қараган, ижро интизомига риоя қилиш борасида камчиликларга мунтазам йўл қўйган масъул раҳбарларга нисбатан жиддий интизомий чоралар кўрилди.
Агентлик Бош директори Отабек Мусаев раислигида ўтган йиғилишда Вазирлар Маҳкамаси масъул ходимлари, тизимдаги корхона-ташкилотлар ва ҳудудий бўлимларнинг раҳбарлари қатнашишди.
Йиғилишда ўз лавозим мажбуриятларига совуққонлик билан қараган, ижро интизомига риоя қилиш борасида камчиликларга мунтазам йўл қўйган, жойларда давлат фильмларининг тарғиботини амалга ошириш, аҳолига кинонамойишларни ташкил қилиш ишларига сидқидилган ёндашмаган бир қатор масъул раҳбарларга нисбатан жиддий интизомий чоралар кўрилди.
Шунингдек, мамлакатимизда кинематография санъатини ривожлантириш бўйича қўшимча чоралар кўриш, ишлаб чиқарилаётган филмларнинг бадиий-ғоявий савиясини ошириш, жойларда кинонамойишларни ташкил қилиш, “Ўзбекфилм” АЖ ва “Илмий-оммабоп ва ҳужжатли филмлар киностудияси” МЧЖнинг бино-иншоотларини реконструкция ва модернизация қилиш бўйича амалга оширилаётган ишларни жадаллаштириш каби устувор вазифалар келишиб олинди.
Ҳисобот даврида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 7 февральдаги ПФ-4947 сон Фармони билан тасдиқланган Ҳаракатлар стратегиясининг 254 бандига асосан “Ўзбекистон Республикасида кинематография санъатини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида” Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори лойиҳаси ишлаб чиқилиб, белгиланган тартибда тегишли вазирлик-идоралар билан келишилгани ҳамда кўриб чиқиш учун Вазирлар Маҳкамасига киритилгани айтиб ўтилди.
Ушбу қарорга асосан, агентлик ва унинг ҳудудий бўлимларининг янгиланган тузилмаларини ҳамда Ўзбекистон Республикасида миллий кинематография санъатини янада ривожлантириш бўйича чора-тадбирлар дастурини тасдиқлаш, “Ўзбекфилм” акциядорлик жамияти ва “Илмий-оммабоп ва ҳужжатли филмлар киностудияси” масъулияти чекланган жамиятини “Ўзбекфилм” ва “Ҳужжатли филмлар киностудияси” давлат унитар корхоналарига айлантириш, “Ўзбеккино” Миллий агентлиги қошида Миллий кинематографияни ривожлантириш жамғармасини ташкил қилиш каби бир қатор вазифаларни белгилаб қўйиш назарда тутилган.