Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти Ислом Каримов 2002 йилда Сока университетининг фахрий доктори этиб сайланган.
Дастлаб, Япония делегацияси аъзолари Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов ҳайкали пойига гул қўйди, мустақиллигимиз асосчиси ва буюк давлат арбобининг ёрқин хотирасига ҳурмат бажо келтирди.
Учрашувда меҳмонларга мамлакатда Ислом Каримовнинг ҳаёти, кўп қиррали фаолияти ва меросини ўрганиш бўйича амалга оширилаётган ишлар, хусусан, Илмий-маърифий ёдгорлик мажмуасининг бу борадаги вазифалари хусусида маълумот берилди.
Иқтисодиёт, фан ва таълим ривожига қўшган улкан ҳиссаси учун Ислом Каримов хорижий давлатларнинг қатор университетлари, жумладан, 2002 йилда Сока университетининг фахрий доктори этиб сайланган.
Ўзбекистон миллий ахборот агентлиги хабарида айтилишча, Япониядаги нуфузли таълим даргоҳи марказий хиёбонида Алишер Навоий ёдгорлиги ўрнатилган.
– Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов номидаги илмий-маърифий ёдгорлик мажмуасида бўлганимиз, ташриф давомидаги энг ёрқин воқеа бўлди, – дейди Япониянинг"Сока Гаккай" ташкилоти вице-президенти Кендзи Йосиго.
– Ўз мамлакатини мустақил ва демократик давлатга айлантирган, таълим, фан ва маданиятни ривожлантиришда беқиёс ишларни амалга оширган бундай инсонни хотирлаш биз учун шарафдир.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Биринчи Президентининг рафиқаси Татьяна Каримова, Илмий-маърифий ёдгорлик мажмуаси раҳбари Т.Ширинов, Ислом Каримов номидаги Республика хайрия жамоат фонди вакиллари, оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.