Чиндан ҳам Қатар мамлакатидан жаҳон чемпионатини ўтказиш ҳуқуқи олиб қўйилиши эҳтимоллари юқори.
Маълумки, аввалроқ олтита араб мамлакати: Саудия Арабистони, Яман, Мавритания, БАА, Баҳрайн ва Мисрлар Халқаро футбол федерацияси — ФИФАга хат йўллаб, Қатар террористик базага айланганини ва у ерда жаҳон чемпионатини ўтказиш хавфли эканини таъкидлашганди.
Бироқ президент Жанни Инфантино ФИФА бундай хатларни эътиборга олмаслиги ҳамда Қатардаги жаҳон чемпионати қўмитаси ташкилоти билан суҳбатлашганида, бу масала бўйича ҳеч қандай муаммо йўқлиги ҳақида айтиб ўтганди.
Аммо “BBC” нашрининг тарқатган хабарига кўра, Қатар мамлакатидан чиндан ҳам жаҳон чемпионатини ўтказиш ҳуқуқи олиб қўйилиши эҳтимоли юқори.
Қатар шу кунга қадар қўшни мамлакатлар билан ўртадаги алоқани қайта тиклаш масаласини ҳал этмаган. ЖЧнинг олиб қўйилишига Қатарнинг қўшни мамлакатлар билан сиёсий рақобатларга чек қўймагани асосий сабаб бўлиши мумкин.
Маълумот учун, ЖЧ–2022 мусобақаси Қатарда 2022 йил 21 ноябрдан 18 декабрь кунига қадар бўлиб ўтиши режалаштирилган. Мундиаль Қатарнинг Доҳа, Лусайл, Аль-Вакра, Аль-Ҳор, Аль-Раян, Умм-Салал ва Мадинат-аш-Шамол каби шаҳарларида қад ростлаган стадионларда ўтказилиши ҳам режа остига киритиб қўйилган.
Эслатиб ўтамиз, Қатар ҳукумати жорий йилнинг август ойида Саудия Арабистони самолётларини Доҳа аэропортига қўнишига рухсат бермаган бўлиб, ушбу самолётлар қатарлик мусулмонларнинг Ҳаж амалларини ўташи учун Макка шаҳрига олиб бориши мўлжалланганди.
Ҳатто Saudia авикомпанияси бош директорининг маълум қилишича, гарчи Қатар томонига зарур ҳужжатлар юборилган бўлсада, Доҳа аэропорти ушбу рейсни амалга оширишга рухсат бермаган.