Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев бугун, 1 август куни Ўзбекистонга қайтади.
Аввалроқ, Тошкент шаҳар ҳокими вазифасини вақтинча бажарувчи лавозимида фаолият юритаётган Жаҳонгир Ортиқхўжаев Туркия Республикасининг Истанбул шаҳрида ишчи ташриф билан бўлиб тургани ҳақида хабар берган эди.
Турк телеканалларига интервью берган Жаҳонгир Ортиқхўжаев сафардан мақсади ҳақида шундай дейди:
“Ўзбекистон эшиклари очиқ, хуш келибсиз, дейиш учун Туркияга келдим. Сафаримиз давомида бешта учрашув ўтказдик. Ўзбекистон айни дамда очиқ мамлакат, ҳамма учун очиқ бозоримиз бор. Қурилиш, коммуникация, тиббиёт соҳаларида кўплаб инфестицион лойиҳаларни амалга ошириш имконияти мавжуд”, дейди ҳоким.
Жаҳонгир Ортиқхўжаев жорий йилнинг апрель ойида Туркия Республикаси Президенти Ражаб Тойиб Эрдўғаннинг Ўзбекистонга амалга оширган ташрифи давомида у билан бирга Тошкентга келган 200 нафар тижорат одамларидан 10-15 нафари аллақачон Ўзбекистонда ўз лойиҳаларини йўлга қўйганини айтаркан, туркиялик ишбилармонларни Ўзбекистонга таклиф қилди. Йўқса, улар ўрнини кореялик тадбиркорлар эгаллашини айтди:
Ж.О.: — Бугун Ўзбекистонга киришингиз керак. Ё сиз кирасиз, ё кореяликлар киряпти. Сизнинг ўрнингизни кореялик эгаллаяпти. Сиз танлашингиз керак: ё бугун, ё ҳеч қачон.
Мухбир: — Нега, кореяликлар кирса, туркларга жой қолмайдими?
Ж.О.: — Қолади, албатта! Бизнесда ҳаммага жой етади. Менинг нима демоқчилигимни турк тадбиркорлари тушундилар. Турклар тезлик билан Ўзбекистонга киришларини истайман. Чунки, таомларимиз бир, одатларимиз бир, ўзаро яхши тил топишамиз. Кунига 3 марта Тошкент – Истанбул ўртасида парвоз амалга оширилади. Шунинг учун ҳам турклар Ўзбекистонга киришини истайман ва Тошкент шаҳар ҳокими сифатида шуни қайд этаманки, менинг туркларга ҳамма вақт эшигим очиқ. Истаган вақтлари келсинлар ва биз уларга исталган шаклда ёрдам берамиз.
Эслатиб ўтамиз, Жаҳонгир Ортиқхўжаев бугун, 1 август куни Ўзбекистонга қайтади.