Ўзбекистон ва Жаҳон банки 450 миллион долларлик битим имзолаган.
Мактубда, Нью-Йоркда бўлиб ўтган Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеяси доирасида Шавкат Мирзиёев билан учрашиш имконияти ҳамда очиқ ва самимий мулоқот учун миннатдорлик билдирилган.
Жаҳон банки гуруҳи Президент Шавкат Мирзиёевнинг фаолиятини қўллаб-қувватлашга тайёр эканини билдириб, Ўзбекистондаги иқтисодий ва ижтимоий ислоҳотларни қўллаб-қувватлашда етакчи ҳамкор бўлишга тайёр эканини айтган.
Жаҳон банки билан умумий қиймати 450 миллион АҚШ долларига тенг учта инвестиция лойиҳасини имзолангани — алоқаларнинг ривожланаётганидан дарак беришини айтган.
Лойиҳалар Ўзбекистонга электр энергетикаси, ирригация ва чорвачилик тармоғини ривожлантиришни рағбатлантириш учун зарур бўладиган сармоя киритиш имконини бериши таъкидланган.
Ўзбекистонда пахта йиғим-теримида иштирок этувчилар меҳнатига ҳақ тўлашни яхшилаш ҳамда олдин қўлланилган меҳнат шаклларини бартараф этиш бўйича қатъий саъй-ҳаракатлар жуда ижобий қабул қилинганини таъкидлаб ўтган.
Хатда Жаҳон банки президенти “Мен Жаҳон банки бош ижрочи директори Кристалина Георгиева ва минтақавий вице-президенти Сирил Мюллерга истиқболдаги ҳамкорлигимизни муҳокама қилиш ва келишиб олиш учун Сиз билан яқин вақтда учрашиш бўйича топшириқ бердим. Музокараларимиз давом этишини сабрсизлик билан кутиб қоламан” деган фикрлар билан якунлаган.